Абдурауф Бўриев кубок финалида қайси клуб билан тўқнаш келишни исташини айтди

Оқил Абдубарноев
27 авг 2025, 12:10
Ўзбекистон кубоги чорак финалидан ўрин олган "Пахтакор" ва "Машъал" ўртасидаги ўйиндан сўнг (3:1) мезбонлар ярим ҳимоячиси Абдурауф Бўриев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- "Пахтакор" мухлисларини ярим финал билан табриклаймиз. Олға юришда давом этамиз. Мақсадимиз – бош совринни қўлга киритиш. Ҳар бир ўйин қийин ўтмоқда. Сабаби, ҳар бир жамоа курашмоқда. Шунга қарамай, имкониятлардан фойдаланган ҳолда ғалабага эришдик.

- "Пахтакор"нинг ярим финалдаги рақиби ҳақида сўрасам, жамоа танламаймиз, дея жавоб беришингиз мумкин. Эҳтимол, "шерлар" финалга йўл олган тақдирда, қайси жамоа билан тўқнаш келиш қизиқроқ туюларди?

- Шахсий фикримча, "Сўғдиёна" билан тўқнаш келишимизни истайман. Сабаби, ушбу жамоада Жасур Жалолиддинов сингари дўстларим бор. Уларга қарши финалда тўп тепиш қизиқ бўлади. 

- "Пахтакор" охирги ўйинларда стабилликни йўлга қўя олди. Бунинг сири нимада деб ўйлайсиз?

- Ҳеч қандай сири йўқ. Вазиятлардан фойдалансак бўлгани. Ҳар ўйин йирик ҳисобда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин. Бу ўзимизга боғлиқ. Ҳозир ҳар бир ўйин қийин ўтмоқда. 

- Яқинда CAFA Nations Cup турнири старт олади. Бўлажак рақиблар тўғрисида фикр билдирсангиз.

- Бўлажак рақибларни мураббийлар ўрганиб чиқишган. Мақсадимиз – чемпионлик. Чунки мусобақада ватанимиз шаънини ҳимоя қиламиз. 


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia