Зайниддин Тожиев: "Клубда молиявий муаммо йўқ. Қидириб топаман десангиз ҳам бирорта муаммо тополмайсиз"

Оқил Абдубарноев
26 апр 2026, 20:32
Пролиганинг 5-туридан ўрин олган "Ғазалкент" – "Лочин" (0:2) ўйинидан кейин мезбонлар бош мураббийи Зайниддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

– Учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– "Лочин" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, иккита хатога йўл қўйдик ва дарвозамиздан иккита гол ўтказиб юбордик. Иккинчи голдан кейин йигитлар шошилиб ҳаракат қила бошлади, натижада ўйин тизимимиз бутунлай бузилиб кетди. Худо хоҳласа, бундан тегишли хулоса чиқарамиз. Камчилик ва хатоларни ўрганиб чиқиб, йигитларни кейинги ўйинга тиклашга, тайёрлашга ҳаракат қиламиз.

– Бугун "Ғазалкент" ўз ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилди. Олдинги учрашувларда жамоа ҳисобда ортда бораётган бўлса-да, ўз режасидан чекинмай, барқарор ўйин кўрсата олган ва бунинг уддасидан чиққан эди. Бугун айрим вазиятларда футболчиларда қандайдир саросима сезилдими? Уларнинг хаёлида тезроқ ҳисобни тенглаштириш мақсадида шошилиш ҳисси устунлик қилдими? Сизнингча, бу ҳолат нима билан боғлиқ?

– Барибир чарчоқ аломатлари сезиляпти. Яқинда "ФарДУ" билан ўйнаганимизда ўйинни тўлиқ назорат қилдик, бироқ йигитлар ўша учрашувда жуда катта куч сарфлаб қўйишди. Қисқа вақт оралиғида кетма-кет ўйинлар ўтказилганда, тикланиш жараёни қанчалик яхши бўлмасин, барибир чарчоқ йиғилиб боради. Асосий сабаб шунда деб ўйлайман. Биринчи бўлимда кўрган бўлсангиз, режамиз ва тизимимиз асосида тизимли ҳужумлар ташкил этдик, ҳамма нарса жойида эди. Битта хато туфайли гол ўтказиб юбордик. Шундан сўнг йигитларда шошқалоқлик кузатилди, лекин шунга қарамай, хавфли вазиятлар ярата олдик. Ҳужумни якунлаш, сўнгги зарбани бериш борасида бироз оқсаяпмиз. Худо хоҳласа, бу жиҳатлар устида ишласак, ҳаммаси жойига тушади.

– Дарвозабонлардан қанчалик кўнглингиз тўляпти ва бу борадаги рақобат сизни қаноатлантиряптими? Кейинги ўйинларда ушбу чизиқда ўзгаришларни кўришимиз мумкинми?

– U-19 жамоамизда Аташев ўйнаяпти. Захирадаги дарвозабонимиз ҳам ўйин амалиётига эга бўлиб боряпти. Лекин ҳозир иккаласини солиштирадиган бўлсак, Кенжаев тажрибалироқ ва кучлироқ. Шунинг учун ҳозирча Кенжаев асосий таркибда майдонга тушяпти.

– Ҳозирги ҳужумчилар фонида, қандай бўлмасин, жамоангизда бўйдор ва бақувват ҳужумчини кўришни хоҳлармидингиз?

– Албатта хоҳлардим, бундай ўйинчимиз бор. Худо хоҳласа, у иккинчи даврадан сафларимизга қўшилади. Бақувват деганда, тўпни ўзида яхши сақлай оладиган ва курашувчан ҳужумчини назарда тутяпман. Шундай футболчимиз бор, лекин уни ҳозирча рўйхатдан ўтказа олмадик. Иккинчи даврадан таркибга жалб қиламиз ва ҳужумдаги муаммоларни секин-аста бартараф этамиз, деб ўйлайман.

– Бугун биринчи голни урган Абдувоҳид Охтаев ўз голини нишонламади. Бу сизни ҳурмат қилгани ёки олдин бирга ишлаганингиз учунми?

– Ҳа, шундай. Зоминда бирга ишлаганмиз, жуда яхши йигит. У бизнинг ўйин тизимимизни яхши билгани учун ҳам гол урди. У асосан қанотда ўйнарди. Мен унга: "Жарима майдончаси ёйига кўпроқ очилгин, ўша ерда гол уриш учун қулай вазиятлар кўпроқ бўлади", деб кўп таъкидлардим. Мана, бугун худди шу услубда дарвозамизга йўл топди. Таянч ярим ҳимоячиларимиз унга улгура олишмади. Ҳимоячилар ортга чекинганида, таянч зонаси вакиллари ўша ҳудудни ёпа олмади ва у вазиятдан унумли фойдаланди. Шогирдимиз экан, ҳурмат юзасидан голни нишонламади. Унга фақат омад тилайман.

– Ҳозир ўйинлар орасидаги вақт қисқа бўлиб, тезкор тикланиш талаб қилинади. Умуман олганда, "Ғазалкент"да тикланиш жараёни ва ташқи омиллар – масалан, муз, витаминизация каби масалаларда муаммо йўқми?

– Умуман муаммо йўқ. Бассейнимиз, саунамиз бор. Кам майдонга тушганлар тренажёр залида шуғулланади. Витаминизация аъло даражада. Ўйин вақтида ва ундан кейин ичиладиган воситалар кўп жамоаларда, ҳатто Суперлига клубларида ҳам йўқ. Буни ишонч билан айта оламан, чунки футболчиларимиз қабул қилаётган витаминлар Ўзбекистонда биринчи рақамли ҳисобланади.

– "Лочин" мураббийига ҳам шу саволни бергандим: ҳозир Суперлиганинг кўплаб клубларида молиявий муаммолар кузатиляпти. "Ғазалкент"да бу борада шароит қандай?

– Шароитларимиз аъло даражада. Ойлик маошлар бўйича ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Ҳамма нарса энг юқори савияда ташкил этилган. Ҳозир миллий терма жамоалар шуғулланадиган марказда йиғин ўтказяпмиз. Табиат қўйнидаги стадионларда машғулот олиб боряпмиз. Тренажёр, бассейн, сауна – барчаси муҳайё. Умуман ҳеч қандай муаммо йўқ. Биздан фақат ишлаш ва футболчиларни ўстириш талаб қилинади. Қидириб топаман десангиз ҳам клубдан бирорта муаммо тополмайсиз.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia