Ёрқин Назаров: "Ҳозир футболда бир оёқда ўйнаб очко олиш қийин"

Aslanov Jasurbek
18 май 2026, 22:11
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидан ўрин олган "Яйпан" - "Каттақўрғон" (1:0) учрашувидан кейин матбуот анжумани ташкил этилди.

Бунда "Каттақўрғон" бош мураббийи Ёрқин Назаров иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Авваламбор "Яйпан" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Бугунги ютуқдан кейин гуруҳдаги вазият интрига тусини олди. Ўйинга келадиган бўлсак, йигитларга учрашувдан олдин роса тайинлаган эдик. Ҳозир футболда бир оёқда ўйнаб очко олиш қийин. Пролигадами, Кубокдами ҳаммасида қийин бўлиб қолди. Тезроқ бу мағлубиятни унутиб кейинги баҳсга ҳозирлик кўрамиз.

- Ўз пайтида Яйпанда ишлаган мутахассис сифатида ҳозирги "Яйпан"нинг таркиби ҳақида фикрингиз қандай?

- Тўғри, ўз вақтида шу ерда ишлаганман. Водийда футбол эътибор юқорилигидан доим футболчилар етишиб чиққан. Водийдан Суперлигада, Пролигада ва Биринчи лигада бир нечта жамоа бор. Шунга ҳам эътибор юқори. "Яйпан"нинг таркиби ёшлардан иборат, лекин тажрибали ўйинчилари ҳам бор. Яхши жамоа дея оламан.

- Бугун легионерлар захирадан майдонга тушди. Бунга сабаб нима?

- Зич тақвим асосида ўйинларни ўтказдик. Бир ойда еттита ўйин ўтказдик. Кимнидир Пролигада, кимнидир Кубокда синаб кўряпмиз. Ротация бўляпти. Легионерларимиз савияси паст эмас, шунчаки ҳаммага асосий таркибда бирма-бир имкон бериб боряпмиз.

- Франсис Нархнинг нега ўйини қовушмади?

- Биринчи навбатда рақиб футболчилари унга ўйин бермаган бўлиши мумкин. Адашамасам, бугунги таркибдан фақат шу футболчимиз аввалги еттита учрашувнинг ҳаммасида иштирок этди. Нархнинг толиқиб қолгани кўринди. Балки кейинги баҳсда дам берармиз.

- Жамоангиз кейинги турда "Пахтакор" билан баҳс олиб боради.

- Бугунги учрашувни ҳал қилишни мақсад қилгандик, лекин ўхшамади. Энди "Пахтакор"га қарши ҳал қилувчи баҳсни ўтказамиз. Гуруҳдан чиқишимиз учун "Пахтакор"га қарши ижобий натижа қайд этишимиз лозим. Бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia