Пўлатхўжа Холдорхонов: "Мураббий алмашгани билан жамоанинг мақсади ўзгармайди"

Sherzod Nurmatov
18 апр 2026, 00:15
19 апрель куни Қўқонда водий дербиси доирасида “Андижон”“Қўқон-1912”га қарши майдонга тушади.

Айни пайтда “бургутлар” бўлажак баҳс учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда. Жамоанинг бугунги машғулоти олдидан клуб матбуот хизмати Холдорхонов билан қисқача мулоқот ўтказди.

- Пўлатхўжа, 19 апрель куни "Андижон"ни сафарда "Қўқон-1912"га қарши навбатдаги водий дербиси кутмоқда. Бўлажак ўйинга тайёргарлик қандай кетмоқда ва жамоани кайфияти қандай?

- Ассалому алайкум. Ўйинга тайёргарлигимиз яхши кетмоқда. Жамоанинг кайфияти яхши ва ҳамма ўйинга тайёр.

- Маълумки, кетма-кет муваффақияцизликлардан кейин жамоамизда мураббийлар алмашди. Айтинг-чи, мураббий янгиланганидан сўнг жамоада қандай ўзгаришларни сезяпсиз?

- Биласизми, мураббий алмашгани билан жамоанинг мақсади ўзгармайди. Барча ўйинга ҳаммамиз майдонга фақат ғалаба учун тушамиз. Машғулотлар жараёнида шуни кўряпмизки, бизга доминант футболни олиб кирмоқда. Айнан машғулотларда шуни устида кўпроқ ишлаяпмиз.

- Ҳар ўйинда жон-жаҳдингиз билан ўйнаётганингизга гувоҳ бўляпмиз. Олдиндаги ўйин учун қандай мотивасия оляпсиз?

- Худо хоҳласа, бўлажак баҳсда жамоамга қўлимдан келганича ёрдам бераман. Албатта, менинг вазифам гол уриш, лекин гол уришдан ҳам кўра жамоамнинг ғалабаси муҳим. Мен ҳар бир учрашувда боримни беришга ҳаракат қиламан ва бунинг учун ҳамма вақт мухлислардан мотивасия оламан.

- Жамоанинг мағлубиятли ўйинлар сериясига нима сабаб деб ўйлайсиз?

- Афсуски, ўйинларда бизга кўпинча омад етишмади, деб ўйлайман. Қаердадир ўзимизнинг хатоларимиз эвазига ютқаздик. Албатта, олдинги хато ва камчиликлардан етарли хулосалар чиқариб, бўлажак беллашувларда ишқибозларимизни ғалабалар билан хурсанд қиламиз.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: "Андижон" матбуот хизмати