Пеп Гвардиола: "Ҳеч нарса абадий эмас"

22 май 2026, 15:29
"Манчестер Сити" бош мураббийи Пеп Гвардиола мухлисларга миннатдорлик билдирди.

"Манчестерга келганимда, илк интервьюмни Ноэль Галлахер билан ўтказгандим. Ўшанда ичимда: "Ҳа-я, бу ерда зерикмаймиз, шекилли“, деб ўйлагандим. Ва бу йилларни биз ҳақиқатан ҳам ажойиб ўтказдик…

Кетишим сабаби ҳақида сўраманг, чунки бунинг ҳеч қандай сабаби йўқ. Қалбан вақт-соати келганини ҳис қиляпман. Ҳеч нарса абадий эмас, акс ҳолда мен қолган бўлардим. Абадий бўлиб қоладиган ягона нарса — бу хотиралар, одамлар ва менинг "Манчестер Сити"га бўлган муҳаббатим.

Бу шаҳар меҳнат билан қурилган. Оғир меҳнат билан. Буни ғиштларнинг рангида ҳам кўриш мумкин. Касаба уюшмалари. Мусиқа. Саноат инқилобининг ўзи ва унинг дунёни қандай ўзгартиргани.

Биз меҳнат қилдик. Қийналдик. Курашдик. Ҳаммасини ўз йўлимиз билан амалга оширдик. Ўзимизга хос тарзда.

Оғир меҳнат турли кўринишларда намоён бўлади. Премmер-лигада мағлубиятга учраганимиздан кейин Борнмутга сафарлар — сиз ўша ерда эдингиз. Истанбулга сафарлар — сиз у ерда ҳам бор эдингиз.

“Манчестер Арена”даги терактни эслайсизми? Ўшанда бу шаҳар бутун дунёга ҳақиқий куч нималигини кўрсатганди. Ғазаб эмас. Қўрқув эмас. Фақат муҳаббат. Бирлик. Бирлашган шаҳар.

COVID пандемияси вақтида онамдан айрилганимни ва бу клуб ўша оғир дамларда мени қандай қўллаб-қувватлаганини эслайсизми? Мухлислар, ходимлар, манчестерликлар — сизлар менга энг керак пайтда куч бердингиз. Крис, фарзандларим, бутун оилам — сизлар ҳар доимгидек ёнимда бўлдингиз. Халдун, сен ҳам ёнимда эдинг.

Футболчилар унутмайди — ҳар бир сонияни, ҳар бир лаҳзани, мени, штабимни, бу клубни, ҳаммасини. Биз қилган ҳар бир ишни сизлар учун қилдик. Сизлар эса шунчаки беқиёс эдингиз. Ҳали буни ўзингиз ҳам билмайсиз, лекин сизлар ортингиздан мерос қолдиряпсиз.

Шундай экан, менинг вақтим якунига етаётганида, хурсанд бўлинг. Хонимлар ва жаноблар, ишончингиз учун раҳмат. Мени руҳлантирганингиз, яхши кўрганингиз учун миннатдорлик билдираман.

Барчангизни яхши кўраман”, – деди испаниялик мутахассис.

Аввалроқ “Манчестер Сити” Гвардиола билан хайрлашаётганини расман маълум қилганди. Энди “шаҳарликлар”ни Энцо Мареска бошқариши кутилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Championat.com