"Пахтакор фарм" бош мураббийи Бобур Абдураҳмонов: "Ҳозирча 90 дақиқага тайёр эмасдирмиз"

25 апр 2026, 21:56
Пролига 5-турдан ўрин олган "Пахтакор фарм" – "Металлург" баҳси 0:5 ҳисобида якун топди. Ўйиндан кейин "Пахтакор фарм" бош мураббийи Бобур Абдураҳмонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- "Металлург"ни ғалаба билан табриклайман. Футболчиларимиз бир соат яхши ҳаракат қилишди, шундан сўнг куч етмай қолди. Умуман олганда жамоамиз ўйинидан қониқдим. Камчиликлар устида ишлаймиз ва кейинги баҳсга тайёргарлик кўрамиз.

- Жамоангизнинг жисмоний ҳолати қандай? Куч фақат 70 дақиқага етяпти деган фикрга қўшиласизми?

- Менимча, яна икки-уч турдан сўнг тўлиқ оптимал формада бўламиз. Шундан сўнг бемалол 90 дақиқа ўйнай оламиз. Ҳозирча 90 дақиқага тайёр эмасдирмиз. Бу борада кўпроқ иш олиб борамиз.

- Ёшларни "Металлург" каби кучли жамоага қарши тайёрлашда "Пахтакор фарм" мураббийлар штаби қандай қийинчиларга дуч келмоқда?

- Биз ҳар йил бир поғона юқорига ўсиб келяпмиз. Уч йил олдин шу футболчилар "Пахтакор" U-19 жамоасида ўйнарди. Ўтган йил Биринчи лигада қатнашдик, мана бу йил Пролигадамиз. Футболчилар ҳаракатида ўсишни кўряпмиз. Қолаверса Пролига ҳам кучайган. Биринчи даврадан сўнг бошқа жамоа бўламиз. Шунда кучли клубларга қарши бемалол ўйнаймиз.


Манба: championat.asia