Мирко Йеличич: "Ҳисобнинг 4:1 бўлиб кетганлиги ўйиннинг даражасини кўрсата олмайди"

26 авг 2026, 23:22
Суперлиганинг 19-тури доирасида "Локомотив" - "Бунёдкор" (4:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Мирко Йеличич матбуот анжуманида қатнашди.

- Бу учрашувнинг осон ўтмаслигини олдиндан билардик. Айрим пайтларда рақиблар биздан устунлик қилишди. Клубдаги бундай қийин ҳолатда улар ўз ишларини яхши қилишаётганлиги яхши ҳолат. Клуб бундай сифатли футболчиларни сақлаб қолишаётганлиги ёқимли. Бироқ ишларнинг ўхшаётгани ёки ўхшамаётганини баҳолаш жуда оғир. Ҳисобнинг 4:1 бўлиб кетганлиги ўйиннинг даражасини кўрсата олмайди. "Бунёдкор"нинг бундай қийин ҳолатда яхши кураш таклиф қилганидан хурсандман.

- Ўтган 3 ўйинда Никита Шевченко "Локомотив" дарвозасини қўриқлади. Бугунги учрашувда ҳам уни дарвозага қўйишни ўйлаб кўрдингизми?

- Никитада ҳам ўйин амалиётига эга бўлиш учун вақт бўлгани яхши ҳолат. Бироқ айни дамда Алексей Козлов - жамоанинг асосий дарвозабони. Ҳудо хоҳласа захирадаги иккала дарвозабонимизга ҳам йил охирига қадар имконият бермоқчимиз.

1000146653.jpeg

- Мавсум бошида "Локомотив" ёши катта футболчиларни таркибига қўшиб олганини мухлислар танқид қилишганди. Лекин ҳозир натижани шу футболчилар қилиб беришмоқда. Ёши катта футболчиларнинг жамоадаги ўрни қандай?

- Бу тажрибали футболчиларни, уларнинг сифатини биз аввалдан билардик. Агарда жамоага келадиган футболчиларнинг нималарга қодирлигини, қандай характерга эга эканлигини билсангиз, улар билан нималар қила олишингизни олдиндан тасаввур қила оласиз. Таркибимизга яхши футболчилар, яхши инсонлар келишган. Футболчи билан тўғри ишласангиз, ҳеч қандай мунозаралар бўлмайди. Сиз унга қандай машғулот берсангиз, ўйинда шундай мевасини оласиз. Футболчи ўзини профессионал тутиб, ҳар томонлама ўзига қараса, 40 ёшгача ҳам футбол ўйнай олишади. Бу йигитлар ўзларини профессионал каби тутишмоқда. Яна бир зўр томони шундаки, таркибдаги ёш футболчилар бу тажрибали инсонлардан кўп нарсаларни олишади.

- "Локомотив" айрим ўйинларда 4 ҳимоячи, баъзиларида эса 5 ҳимоячи билан ўйнамоқда. Сизнинг ўйин услубингиз қандай?

- Менга иккаласи ҳам маъқул. Мураббийлик фаолиятимнинг катта қисми 4 ҳимоячили услуб билан ўтган. Агарда фақатгина бир хил схемада ўйнайверсангиз бошқа мураббийлар сизни ўқиб олишади. Мен буни ушбу мавсумда ўзгартиришга ҳаракат қилдим, бироқ бу бизнинг ўйин услубимизга мос эмаслигини айтишди. Шу орқали 5 ҳимоячили услубни олиб ташладим. Биз яхши меҳнат қиляпмиз ва исталган пайтда схемаларни ўзгартира оламиз. Умуман олганда бу таркибдаги футболчиларнинг сифатига боғлиқ. Масалан таркибингизда Александар Шушняр каби ҳимоячи бўлса, марказий ҳимояга катта куч қўшилади ва 4 ҳимоячили тактикада ўйнаса бўлади. Бу рақибнинг ўйин услубига, уларнинг қураётган жамоасига, футболчиларнинг сифатига ҳам бориб тақалади.

- Кетма-кет иккинчи ўйинда гол урган Жасур Яхшибоев ҳақида нима дея оласиз?

- У хавфли футболчи, ўзгача сифатлари бор. Машғулотлар давомида уни очиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Айрим вазиятларда унга ҳеч нарса керак эмаслиги, ўзи ҳолатлардан чиқиб кетаётганлигини кўряпмиз, баъзи пайтларда эса муҳим сифатлар етишмаётгани сезилмоқда. Умумий олиб қарасак, у жамоага катта ёрдам беряпти.

- Темурхўжа Абдухолиқовнинг жамоа билан бўлиши қанчалик муҳим?

- Ҳозир унга оғир. Оиласи билан ҳам бу борада гаплашдик. Энди секинлик билан бу ҳолатдан чиқиб кетиш керак. Биз бундан оғир ҳолатни тасаввур ҳам қила олмаймиз. Темурхўжага раҳмат айтаман, у шу ҳолатдан чиқиб кетиш учун ҳаракат қилмоқда. Ўз навбатида биз ҳам унга ёрдам бериш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Аммо барчаси унинг ўзига боғлиқ. Умид қиламанки, бундан кейин у олдингидек жамоага ёрдам беради.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›