Месси ва Салоҳ бир жамоада?! "Интер Майами" мисрлик юлдуз учун таклиф тайёрламоқда

Aslanov Jasurbek
25 мар 2026
Лионель Месси тўп сураётган "Интер Майами" клуби мавсум якунида "Ливерпуль"ни тарк этадиган Муҳаммад Салоҳни ўз сафига қўшиб олмоқчи.

"Independent" нашрининг хабар беришича, АҚШ клуби аллақачон ҳужумчи учун расмий таклиф тайёрлаб қўйган. Бироқ бу трансферни амалга ошириш учун Майами клуби таркибда жиддий ўзгаришлар қилишига тўғри келади.

Гап шундаки, ҳозирда жамоада "тайинланган ўйинчилар" (зарплата чегарасидан ташқари юқори маош олувчи уч нафар футболчи) учун бўш жой мавжуд эмас. Шу сабабли, Салоҳни рўйхатдан ўтказиш учун "Интер Майами" амалдаги юлдузларидан бири билан хайрлашиши ёки МЛС қоидалари асосида жой бўшатиши лозим бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Салоҳ мавсум охирида мерсисайдликлар сафидан эркин агент сифатида кетишини эълон қилган эди. Агар ушбу трансфер амалга ошса, футбол олами яна бир афсонавий жуфтлик гувоҳига айланиши мумкин.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: Independent