"Мадрид ўз тарихидаги шармандаликни яширмоқчи!" — Тони Фрейша "Реал"ни қоралади

Aslanov Jasurbek
11 фев 2026
"Барселона" собиқ директори Тони Фрейша "Негрейра иши" юзасидан кескин баёнот билан чиқди.

"El Partidazo de COPE" эфирида меҳмон бўлган Фрейша каталонияликларни ҳимоя қилиб, Мадриднинг "Реал" клубини қаттиқ танқид остига олди.

"Барса"нинг поклиги ҳақида:

"Дунёда бирорта одам «Барса» ҳакамлар ёрдами билан ғалаба қозонган деб ўйламайди. Футбол оламида бунга шубҳа қиладиган кишининг ўзи йўқ. Клубимизга нисбатан қилинаётган бундай муносабат — пасткашликдир", — деди Фрейша.

Мадридга йўлланган айблов: Собиқ директорнинг фикрича, "қироллик клуби" атайлаб вазиятни чигаллаштирмоқда:

"Мадрид ўз тарихидаги шармандаликларни, ўзларига кўрсатилган ҳакамлик ёрдамларини яшириш учун бошқаларни қоралаши ва айблаши шарт. Улар шу йўл билан ўз "изларини" бостиришга ҳаракат қилишмоқда".

"Негрейра иши" нима эди? Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда "Барселона" ва унинг раҳбариятига нисбатан ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага 2001 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда миллионлаб евро миқдорида пул тўлаганлик айби қўйилган эди. Клуб бу тўловлар фақатгина техник ҳисоботлар ва маслаҳатлар учун берилганини таъкидлаб келмоқда.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: Diario Sport