Камолиддин Мурзоев: "Умид қиламанки бу Европа лигаси ва "Иртиш“даги сўнгги голим эмас"

Narzulla Saydullayev
12 июл 2013
Кеча Қозоғистоннинг "Иртиш" клуби Европа лигаси 1-саралаш босқичида "Левски"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб кейинги босқичга чиқди.
Ўйин тугагач учрашувда ҳисобни очган ҳамюртимиз Камолиддин Мурзоев sports.kz сайтига интервью берди.

— Камолиддин, ғалаба билан табриклаймиз! Айтинчи бу қандай бўлди?
— Табрик учун раҳмат! Бу жуда қийин ўйин бўлди. Учрашувни яхши бошладик ва иккита гол урдик. Кейин эса қарши ҳужумларда ўйнай бошладик. Кучли рақиб устидан ғалаба қозонганимиздан хурсандман.

— Танаффусда бош мураббий Талгат Байсуфинов нима деди ?

— Ўйинни сусайтирмаслигимизни айтди, рақибга бўш ҳудудлар қолдирмаслигимизни тайинлади. Ҳимояда яхши ўйнаб қарши ҳужумлардан унумли фойдаланишимизни таъкидлади.

— Урган голингизни кимга бағишладингиз?

— Тўғриси голимни ўз онамга ва клубимизнинг барча мухлисларига бағишладим. Умид қиламанки бу Европа лигаси ва "Иртиш“даги сўнгги голим эмас!

— "12-ўйинчи"нинг ёрдами сезилдими?

— Ҳа, бугун мухлисларимиз стадионда қойилақом муҳитни юзага келтиришди. Барча футболчилар уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб турди. Уларга миннатдорчилик билдираман.

— Эндиги рақиб Босния ва Герцеговинанинг «Широки Бриег» клуби...

— Ҳа, менимча рақиб анойилардан эмас, аммо унгача бизни чемпионатда «Тараз»га қарши ўйинимиз бор. Айни пайтда барча ушбу ўйин ҳақида ўйламоқда.

Нарзулла Сайдуллаев таржимаси

Narzulla SaydullayevMuallif
Manba: championat.asia