Ҳаким Фузайлов: "Абрамовни шахсан билганим учун айтишим мумкинки, "Динамо" сюрприз кўрсата олади"

Iskandarov Abdulaziz
15 окт 2023, 13:27
Жорий мавсум бошида "Бухоро"дан истеъфога чиққан тожикистонлик мутахассис Ҳаким Фузайловни бошқа жамоада кўрганимиз йўқ.

Хўш, мураббий ҳозирда нималар билан банд? Шу ва бошқа саволлар билан Ҳаким Фузайловга юзландик. 

- Ҳаким Қаюмович "Бухоро"ни тарк этганингиздан сўнг нима билан машғул бўлдингиз? Қайси жамоалардан таклифлар бўлди?

- Биринчи навбатда соғлиғимни тиклаб олдим. Ҳорди чиқариш баробарида футбол ўйинларини томоша қилдим. Таклифлар Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан бўлди. Бу чорловлар ҳақида ҳозир гапиришнинг мавриди эмас. Чунки таклифларни рад қилиб бўлганман. 

- "Бухоро"дан истеъфога чиқарилишингиз ўшанда қанчалик адолатли бўлганди? Мураббий ўзгарди. Клуб эса қийин вазиятдан чиқиб кета олгани йўқ...

- Бу менинг қарорим. Асосий муаммо соғлиғимда бўлди, дея оламан. Босим юқори эди. 

- Клубнинг Суперлигада қолиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Олдинда яна 6та ўйин қолди. Барчаси жамоанинг ўз қўлида. "Бухоро"да Суперлигада қолиш учун имконият бор.  

- Сизнингча, Про лигадан Суперлигага чиққан жамоаларга нима етишмаяпти?

- Ишонч йўқлиги ва жамоавий ўйин етишмаяпти. 

- Бу селекция жараёнларига ҳам боғлиқми?

- Албатта. Бу омил ҳам таъсир қилади. Клубда селекция йил давомида ва тўхтовсиз давом этиши керак. 

- "Динамо" Вадим Абрамов бошчилигида Суперлигага қайтди. Самарқанд жамоасидан Суперлигада нима кутяпсиз? 

- Вадим Абрамовни шахсан билганим учун айтишим мумкинки, "Динамо" сюрприз кўрсата олади. Кейинги мавсумда "Динамо"дан чиройли ва ишончли ўйин кутаман. 

- Суперлигада қайси мураббийнинг ишини юқори баҳолай оласиз? Қайси жамоада мураббий имзоси кўриняпти?

- Бу борада кўплаб мураббийларни санаб ўтишим мумкин. Чунки уларнинг қандай ишлашини биламан. Бу йил эса Бердиев, Левченко, Шацких, Бабаян, Қосимов ва Кападзенинг ишини алоҳида айтишим жоиз.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›