💰 ФИФА федерациялар шикоятидан сўнг ЖЧ-2026 мукофот жамғармасини оширадиган бўлди

Sherzod Nurmatov
27 апр 2026, 13:40
Баъзи миллий ассоциациялар ўз жамоаларининг турнирда иштирок этиши билан боғлиқ юқори харажатлардан шикоят қилганидан сўнг Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 2026 йилги Жаҳон чемпионати мукофот жамғармасини оширишга қарор қилди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида ФИФА турнир учун рекорд даражадаги 727 миллион долларлик мукофот жамғармасини эълон қилди, унда иштирок этувчи 48 та жамоанинг ҳар бири камида 10,5 миллион доллар, ғолиб эса 50 миллион доллар олади. Европанинг бир нечта федерациялари агар жамоалари ярим финалга чиқа олмаса, зарар кўришларини айтишди ва Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УEФА)дан жараёнга аралашишни сўрашди. ФИФА уларнинг хавотирига эътибор қаратди ва умумий мукофот жамғармасини оширди.

"28 апрель куни Ванкуверда бўлиб ўтадиган ФИФА Кенгаши йиғилишидан олдин ФИФА бутун дунё бўйлаб миллий ассоциациялар билан тўловларни кўпайтириш бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлайди. Бунга Жаҳон чемпионатига йўлланма олган барча жамоалар учун компенсация миқдорини ошириш таклифи, шунингдек, барча 211 аъзо ассоциациялар учун молиялаштириш киради.

Жаҳон чемпионати футбол ҳамжамиятига молиявий ҳиссаси жиҳатидан ютуқли воқеа бўлади ва ФИФА ўз тарихидаги энг бақувват молиявий аҳволда эканидан фахрланади. Ушбу муҳокамалардан сўнг қўшимча маълумотлар тақдим этилади", – деди ФИФА вакили.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: The Guardian