Эль Менчо ўлимидан сўнг Мексика хавфсиз мамлакатга айландими? Президент баёнот берди

Aslanov Jasurbek
24 фев 2026
Мексика президенти Клаудия Шейнбаум Жаҳон чемпионати вақтида мамлакатда хавфсизлик тўлиқ таъминланишини маълум қилди.

Бу баёнот мамлакатда наркокартеллар ва қуролли кучлар ўртасидаги тўқнашувлар авж олган бир пайтда янгради.

Вазият нега кескинлашди?

Ўтган якшанба куни Мексика Қуролли кучлари томонидан ўтказилган махсус операция натижасида энг йирик "Халиско янги авлоди" (CJNG) наркокартели етакчиси Немесио Осегера (лақаби — Эль Менчо) ўлдирилди. Шундан сўнг бир нечта штатларда тартибсизликлар бошланиб, жангарилар ва ҳарбийлар ўртасида қуролли тўқнашувлар содир бўлди.

Президентнинг ваъдаси:

Сешанба куни Клаудия Шейнбаум ЖЧ-2026 мезбонлиги бўйича барча кафолатлар мавжудлигини таъкидлади:

"Жаҳон чемпионати ўйинларини қабул қилиш учун бизда барча кафолатлар бор. Мусобақага ташриф буюрадиган мухлислар учун ҳеч қандай хавф кўрмаяпман", — деди Мексика раҳбари.

Маълумот учун:

ЖЧ-2026 турнири 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Мексика ва Канада стадионларида бўлиб ўтади. Мексикада ўйинлар Мехико, Монтеррей ва Гвадалахара шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган. Қизиғи шундаки, Гвадалахара айнан тартибсизликлар маркази бўлган Халиско штатининг пойтахти ҳисобланади.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: Reuters