"Мундиал Allplay билан": Дунё эътиборини ўзига қаратган Кабо-Верде: улар ўзи ким?

16 июн 2026, 11:36
Нафақат Жаҳон чемпионати, балки футбол шуниси билан қизиқки, унда олдиндан нималар бўлишини айтиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бугунга келиб миллионлар эмас, миллиардлар ўйинига алгариб улгурган спорт тури бу.

Икки кун аввал Германия терма жамоаси мундиал дебютанти Кюрасаони йирик ҳисобда мағлуб этганди. Мухлислар-у мутахассислар Испаниядан ҳам шунга ўхшаш натижа кутгани ёлғон эмас. Бироқ аҳолиси ярим миллиондан сал кўпроқ бўлган орол-давлат вакиллари амалдаги Европа чемпионларига муносиб қаршилик кўрсатишди. 

Хўш, ўзи Кабо-Верде қандай давлат? Мазкур терма жамоа қандай қилиб ЖЧга чиқди? Ушбу мақолада бу саволларга жавоб топамиз.

Португалия мустамлакасидан озод бўлган мамлакат

Кабо-Верде Атлантика океанида, Африка қитъасининг ғарбий қирғоғидан тахминан 570 километр узоқликда жойлашган орол-давлат. Мамлакат 10 та йирик вулқон келиб чиқишига эга орол ва бир нечта кичик ороллардан иборат.

Давлатнинг умумий майдони 4 033 квадрат километрни ташкил этади. Аҳолиси қарийб 530 минг киши, пойтахти ва энг йирик шаҳри — Праиа.

Кабо-Верде 1460 йилларда португалиялик денгизчилар томонидан кашф этилган ва бир неча аср давомида Португалия мустамлакаси бўлиб қолган. Мамлакат 1975 йил 5 июлда мустақилликка эришган.

Расмий тил — португал тили. Бироқ кундалик ҳаётда аҳолининг аксарияти креол тилининг турли лаҳжаларида сўзлашади. 

Табиий ресурслари деярли мавжуд бўлмаган Кабо-Верде иқтисодиёти асосан хизмат кўрсатиш соҳаси, туризм, транспорт ва хориждаги диаспора юборадиган маблағларга таянади.

Мамлакатда футбол қандай ривожланди?

Кабо-Вердеда футбол энг оммабоп спорт тури ҳисобланади. Мамлакат футбол федерацияси 1982 йилда ташкил этилган, FIFA ва Африка футбол конфедерациясига (CAF) аъзо.

Терма жамоа «Мовий акулалар» (Blue Sharks) лақаби билан танилган.

Узоқ йиллар давомида Африка футболининг ўртамиёна жамоаларидан бири бўлиб келган Кабо-Верде сўнгги ўн йилликда сезиларли ўсишга эришди.

gettyimages-2240499523-2048x2048.jpg

Терма жамоа илк бор 2013 йилда Африка Миллатлар Кубогининг чорак финалига чиқди. Кейинчалик бу натижани 2023 йилги турнирда ҳам такрорлади.

Мамлакат аҳолиси сони кам бўлгани сабабли терма жамоа таркибидаги кўплаб футболчилар Португалия, Франция, Нидерландия, Бельгия ва бошқа Европа давлатларида туғилган ёки фаолият юритади.

Терма жамоа ФИФА рейтингида 2026 йил июнь ҳолатига кўра 69-ўринни эгаллаб турибди.

Кабо-Верде қандай қилиб Жаҳон чемпионатига чиқди?

CAF’да ЖЧ саралаш охирги босқичида терма жамоалар тўққизта гуруҳга бўлинишади. Уларда биринчи ўринни олган терма жамоалар эса тўғридан-тўғри мундиал йўлланмасини қўлга киритса, 2-ўриндагиларнинг энг яхши натижа кўрсатган тўрттаси ярим ва финал баҳсларида иштирок этади.

Сўзлаётганимиз Кабо-Верде “D” гуруҳидан ўрин олиб, Камерун, Ливия, Ангола, Маврикий ҳамда Эсватини каби терма жамоалар билан баҳс олиб борди.

2023 йил кузида бошланган саралаш босқичи ўтган йилнинг кузига келиб якунланди. Дастлабки турда Ангола билан баҳсда дуранг қайд этилди, 0:0. Кейинги турда эса Эсватинига меҳмон бўлиб, 0:2 ҳисобида ғалабага эришди Кабо-Верде.

2024 йилнинг 8 июнида (2 йил-у, 8 кун аввал) 3-тур ўйинлари ўтказилди ва унда Камерун Кабо-Вердени 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Орадан беш кун ўтиб, мақола қаҳрамонлари ўз майдонларида Ливияни минимал ҳисобда (1:0) мағлубиятга учратди.

gettyimages-2156029312-2048x2048.jpg

5-тур ўтган йилнинг баҳорида ўтказилди. Маврикий устидан яна кичик ҳисобда (1:0) мағлуб этган бўлса Кабо-Верде, келаси турда Ангола устидан ғалабага (1:2) эришди. 

7-тур – 2025 йилнинг сентябрида бўлиб ўтди ва бунда Маврикий мағлуб этилди (0:2). Сўнг, яна тўқнашув асосий рақиб билан бўлди – Камерунга қарши. Айни шу баҳсда Кабо-Верде 1:0 ҳисобида зафар қучди ва ЖЧ сари катта қадам ташлади.

Кабо-Верде 9-турда эса Ливия билан жанговар дуранг ўйнаган бўлса (3:3), сўнгги турда йирик ҳисобда Эсватинини (3:0) мағлуб этди. 

Қизиқ жиҳати шундаки, Ливияга қарши ўйинда жамоа 3:1 ҳисобда мағлуб бўла туриб, ирода кўрсата олди ва иккита гол уриб, бир очкони қўлга киритган эди.

Тарихий натижа ва таъсирли нутқ

Испания Кабо-Вердени йирик ҳисобда мағлуб этганида ҳам, кўп эҳтимол, ҳеч ким хафа бўлмас эди. Дунёнинг энг яхши футболчилари, амалдаги Европа чемпионларидан кимлар ютқазмаган-у, кимлар гол ўтказмаган. Бироқ терма жамоа посбони ва сардори 40 ёшли Жозимар Возинья 7 марта сейв қилиб, жамоасининг қаҳрамонига айланди. 

Илк ўйинда, дастлабкич очкони айнан Испаниядан олиш, тан олиш лозим, ҳавас қилса арзигулик ҳикоя. Бироқ бу ҳикоянинг янада таъсирли жиҳати борки, буниси ҳам дарвозабон билан боғлиқ.

2026-06-16 11.30.47.jpg

Возиньянинг асли исми — Жозимар Диаш. Унинг лақаби болалигидаёқ пайдо бўлган: португал тилидаги “Возинья” (Vozinha) сўзи «бувижон» деган маънони англатади. Дарвозабонни айнан бувижони тарбиялаган ва у ҳаётида энг муҳим инсонлардан бири бўлган. Аммо шундай қувончли кунда бувиси ёнида эмас.

“Возинья” мазкур ўйиндан кейинги интервьюсида бува ва бувиси умри давомида у учун барча ишни қилишганини таъкидлади. 

Шунингдек, дарвозабон онаси Жаҳон чемпионати ўйинларини жойидан туриб кузатиш учун кела олмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, виза расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар қиммат бўлгани сабабли оила барча тўловларни ўз вақтида амалга ошира олмаган.

“Мен онамнинг шу ерда бўлишини жуда хоҳлагандим. Аммо шунга қарамай, мен жуда бахтлиман. Жуда ҳам бахтлиман”, – деди Жозимар Возинья.

"ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул"

Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›