Даврон Ҳошимов Евро-2020 ва миллий жамоа ҳақидаги саволларга жавоб берди

Бироз аввал пойтахтдаги "Тўқимачи" ўйингоҳида ўтказилган назорат баҳсида Қаршининг "Насаф" жамоаси Наманган "Навбаҳор" клубини мағлуб қилди (2:1).

Биз ўйиндан кейин майдонда ҳақиқий жангчига айланадиган "Навбаҳор" ҳимоячиси Давронбек Ҳошимовнинг айни кунларда "тренд"да бўлиб турган саволларга жавобини олдик.

— Европа чемпионатида  қайси жамоага мухлислик қиласиз?

— Германия терма жамоасига ишқибозлик қиламан. Ўйлайманки, Йоахим Лёв шогирдлари турнир сўнггида чемпионликни тантана қилишади. 

— Ўзбекистон терма жамоасини бир-биридан муҳим 2 ўйин кутиб турибди. Қандай натижа кутяпсиз?

— Фақат ғалаба. Тўғри, Саудия Арабистонига қарши ўйин қийин бўлади. Лекин, биз йигитларга ишонамиз, уларни буни уддалашади.

— Сиз ўйнайдиган нуқтада Сигапур билан ўйинни асосий таркибда бошлаган Алиқулов жароҳатланди. Кейин "Пахтакор" вакили Ҳожиакбар Алижонов майдонга тушди. Мана шу нуқтада терма жамоага даъвогарлардан яна кимларни ажратиб кўрсатган бўлардингиз?

— АГМКда ўйнаётган Дилшод Аҳмадалиев жуда кучли футболчи. Бугун бизга қарши ўйнаган "Насаф" футболчиси Дилшод Саитов ҳам ундан қолишмайди. Лекин, барчамиз мураббийнинг қарорини ҳурмат қиламиз ва у ишонч билдирса, майдонда боримизни беришга тайёрмиз. 


Манба: championat.asia