Дабдабали ўтмишнинг даҳшатли оқибати: "Бунёдкор" профессионал мақомидан айрилиши мумкин. Клубни нималар кутяпти?

Iskandarov Abdulaziz
16 май 2026, 18:15
Тарих шундай сеҳрли кўзгуки, вақти келиб у бизга энг ширин ва ёқимли хотираларни туҳфа эта олади.

Аммо у шу қадар аччиқ ҳамки, бир пайтлар йўл қўйилган кичик бир хато сабаб, инсон йиллар давомида пушаймонлик азобида ёниши мумкин. Ўтмиш ортда қолди, деймиз... Бироқ у ҳеч қачон изсиз кетмайди. Кун келиб ўша ўтмиш эшик қоқади ва қилган амалларимиз эвазига ё қўлимизга гўзал бир совға туҳфа қилади, ёки аччиқ қалампир тутқазиб кетади.

Миллий футболимиз тарихини варақласак, 17 йил аввалги бир воқеа олдида тўхтамай илож йўқ. Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби жаҳон футболи юлдузи Ривалдони олиб келганида, бутун дунё ўзбек футболи феномени ҳақида гапира бошлаганди. Ўшанда "МДҲда янги гранд туғилмоқда", дея бонг урилган эди.

photo_2026-05-16_17-48-46.jpg

Инкор этиб бўлмайди, бразилиялик сеҳргарнинг келиши ўзига хос "ренессанс" бўлди: у стадионларга мухлис деган катта кучни қайтарди. Тошкент дербиси мақоми дунё грандлари тўқнашувидаги шиддатни кўрсатиб берди. Ривалдонинг совуққонлиги ва маҳорати ёнида миллий терма жамоамизнинг бўлажак юлдузлари вояга етди, маълум бир ўсишга эришди.

Бироқ, бугун ўша буюк даврлардан нима қолди? Бугунги воқелик афсусланарли даражада фарқли. Ўша шов-шувли, қудратли "Бунёдкор"дан бугун фақат хотиралар ва эски суратлар қолгандек. Гўёки бир пайтлар самоларда учган "қалдирғочлар" бугун ўша ўзлари яратган дабдабали ўтмишнинг соясида заминга узилиб тушгандек аҳволда. Хўш, клубни олдинда нималар кутмоқда? Бу борада Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоевга юзландик.

photo_2026-05-16_17-46-21.jpg


"Бу масала устида бевосита иш олиб борган мутахассис сифатида шуни айта оламанки, 2024 йилда "Бунёдкор" ва Ривалдо ўртасида асосий мажбуриятдан 30 фоизлик чегирма қилиниши ҳамда қолган суммани 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича келишувга эришилганди. Дастлабки икки йилда жамоа ўз имкониятидан келиб чиқиб, маблағларни ўтказиб берди. Бироқ жорий йилда юзага келган молиявий муаммолар фонида "қалдирғочлар" бу мажбуриятни бажара олмади.

Шартномага кўра, маблағлар 15 апрелга қадар қопланиши лозим эди. Агар бу содир бўлмаса, 1 майгача қўшимча 10 фоизлик устама (штраф) билан тўланиши шарт эди. Бу муҳлатда ҳам бирор натижа бўлмагач, эндиликда клуб бразилиялик юлдуз олдидаги дастлабки тўлиқ қарзни тўлашга мажбур бўлади. Хабарингиз бор, Ривалдонинг даъво қилаётган суммаси кичик эмас. Шу сабабли, айни пайтда ўта улкан молиявий юк юзага келди. Орада клуб футболчининг юристларидан 48 соат ичида тўловни амалга ошириш борасида сўнгги огоҳлантиришни ҳам олди.

Якунда Ривалдонинг вакиллари ФИФАга мурожаат қилишгани маълум бўлди. Халқаро ташкилот "Бунёдкор"га 30 кунлик муҳлат берган, акс ҳолда жамоага ёзги ва қишки трансфер ойналарида тақиқ қўйилади. Бу қандай ишлашини тушунтириб ўтаман: дастлабки иккита трансфер мавсуми клуб учун ёпилади ва янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш имкони бўлмайди. Вазият ўнгланмаса, навбатдаги жазо сифатида "Бунёдкор"дан очколар олиб ташланади. Мазкур муаммонинг ҳал этилмаслиги ОФК томонидан ўтказиладиган лицензиялаш талабларига ҳам тўсқинлик қилади ва клубнинг профессионал мақомини йўқотишига сабаб бўлади. Оқибатда жамоа парчаланиб, буткул парокандаликка юз тутиши мумкин.

Ҳозирча бор маълумотлар шундан иборат. Умид қиламизки, клубимиз бу оғир вазиятда эътиборсиз қолдирилмайди. Масалани ижобий ҳал қилиш имкони ҳали ҳам бор. Ўзбек футболи юксалиш палласига кирган бир вақтда, бундай ёқимсиз ҳолатлар обрўйимизга асло безак бермайди",- дейди Камолиддин Мурзоев.

photo_2026-05-16_17-47-16.jpg

Агар бугун "қалдирғочлар" қутқариб қолинмаса, эртага нафақат бир жамоа йўқ бўлади, балки бутун бошли футбол академияси, юзлаб ёш истеъдодларнинг келажаги ва ўзбек футболининг халқаро майдондаги обрўйи оёқости бўлади. Вақт соати тиқирлаб турибди. Дабдабали ўтмишнинг "аччиқ қалампири" клубни буткул куйдириб юбормасидан аввал, мутасаддилар тезкор ва қатъий қарор қабул қилишлари шарт. Зеро, тарих кечиримсиз хатоларни суймайди.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›