Latest news

21:51Тони Кроос "Golden boy" тақдимотида йил ўйинчиси мукофотига лойиқ кўрилди  3 21:2517 ёшли Ламин Ямаль "Golden Boy" совринини қўлга киритди!  8 21:04ОЧЛ-2. "Насаф" чемпионликдан кейинги 4-ўйинида ҳам мағлуб бўлди  299 20:40Расман: "Интер Майами" Луис Суарес билан янги шартномани узайтирди  2 19:54Санья Мбаппе ҳақида: "Роналду "Реал"даги фаолиятини яхши бошламаган, Бенземанинг трансферини хато, Бекхэмникини эса омадсизлик деб аташган. Улар клуб афсоналарига айланишди"  5 19:26Моуринью: "Педри менда "Барселона"дан кўра кўпроқ таассурот қолдирди"  4 18:53Ламин Ямаль "Golden Boy" совринини қўлга киритади. Бу ҳақда бугун эълон қилинади  2 18:30Азимжон Аҳмедов: "Андижон" билан ўзгача ҳисоб-китобимиз бор"  14 17:42Умарали Раҳмоналиев: "АПЛда ўйнашни хоҳлардим"  12 17:14Ўзимизнинг карикатура: Ақлдан озаётган Пеп  7 16:47Қаршида бугун ОЧЛ-2 ўйини бор. Стадиондан "қайноқ" суратлар  2 16:14"Гвардиола ҳар нарсада Мессини эслайди"  23 15:45 Рустам Турдимуродов: "Навбаҳор" бизга қарши финал алами билан майдонга чиқади"  15 15:12"Бу ўйинни ўзимиз бериб юбордик"  7 14:50Сервер Жепаров Суперлиганинг энг кучли 5 мураббийи ва 5 футболчиси номини айтди  10

"Реал"га мухлислик қиладиган Матео, Тиагонинг мактабдаги ўртоқлари, Неймар билан дўстлиги. Месси катта интервью берди News

"Реал"га мухлислик қиладиган Матео, Тиагонинг мактабдаги ўртоқлари, Неймар билан дўстлиги. Месси катта интервью берди

Лионель Месси жуда кам интервью беради, шу сабабли унинг ҳар бир интервьюси - алоҳида воқеа.

У Fox Sports Argentina телеканали эфирида берилган турли саволларга жавоб берди. Биз уларнинг сиз учун қизиқ бўлганларини йиғиб чиқдик.


Севимли мураббийи

ЖЧ-2014 саралаш босқичи пайтида терма жамоани Алехандро Сабелья бошқарган. Ўшанда миллий жамоада роҳатланганман. Ҳа, ўша босқични ёмон бошлаганмиз, аммо кейин ажойиб ғалабаларга эришдик. Зафар қучсангиз яшаш осонроқдек туйилади. Мағлубиятга учрамай ЖЧ финалигача чиқдик. Алехандро феноменал ва замонавий мураббий бўлган.


Терма жамоада Марадона билан ишлаш ҳақида

Ўша пайтларда Сабелья давридагидек ўйинлардан роҳатланмаганман. Диегода хоҳиш, истак кучли эди. Аммо бу ғалаба учун етарли бўлмади.


ЖЧ-2014 финали

Бизга омад етишмади. Германияга қарши ўша финал ҳамма нарсани ўзгартириб юбориши мумкин эди.


ЖЧ-2018

Россияда биз билан содир бўлган нарсалар жуда қийин туйилди. Агар турнирни ғалаба билан бошлаганимизда, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Исландия дарвозасига урилмаган пенальтида мен айбдорман. Ғалаба қозонганимизда иккинчи ўйинни бошқача ўтказардик. Хорватия билан қўрқинчили ҳеч нарса содир бўлмади, аммо хато туфайли ҳаммаси ўзгариб кетди.

Нигерияга қарши баҳсда дуранг ўйнашга ҳаққимиз йўқлигини тушундик. Мусобақани бундай якунласак, Аргентинага қайтганимизда бизни ўлдиришларини яхши билардик.

Кийиниш хонасида содир бўладиган воқеаларни гапиришни ёқтирмайма: Жамоа ичида содир бўлган нарса ўша ерда қолиши керак, менга шундай ўргатишган. Аммо ҳа, кўплаб вазиятларда Россиядаги турнир мен учун ноодатий ЖЧ бўлди. Шу гап билан чекланаман.


Терма жамоадаги фаолияти

Миллий жамоада бирор соврин ютсамгина Аргентинадаги фаолиятимни якунлайман. Ёки барча имкониятлардан фойдаланиб бўлганимни тушунсам бу ишни қиламан. Ҳа, терма жамоада ўйнашимни ёқтирмайдиган, мени кўп танқид қиладиган одамлар бор. Аммо мен яна ва яна уриниб кўришни хоҳлайман. Йиқиласиз, бироқ яна ўрнингиздан турасиз - бу ҳаёт. Бирор нарсага ёришамизми ёки йўқ, натижаси фақат яратганга аён. Қарор ва сўнгги сўз доимо у томондан бўлади.


Мағлубиятлар ҳақида

Мағлубият доимо оғриқли бўлади, аммо биринчи фарзандим дунёга келганидан сўнг муваффақиятсизликка бўлган муносабатим ўзгарди. Ўйин натижаси - ҳаётимдаги энг муҳими бўлмай қолди. Мағлубият ҳар доим аламли, аммо уйга келиб, болаларим ва хотинимни кўрганимда, ўзимни енгил ҳис қиламан. Авваллари хонага қамалиб олиб, телевизор кўришни, овқатланишни истамасдим. Энди оилам билан стол атрофида ўтиришга мажбурман. Ҳозир ҳам мағлубиятлардан хафа бўламан, аммо уларни бошқача қабул қиламан.


Ўз ўйинларини кўриши ҳақида

Ўзимни телевизорда кўришни ёқтирмайман, мен учрашувларни қайтадан томоша қиладиганлардан эмасман. Ўйинларни такроран кўрмайман, чунки баҳсда иштирок этиб, у ҳақида ўз фикрим пайдо бўлади.


Ўғиллари

Тьяго футбол билан яшайди, доимо тўп тепишни, учрашувларни томоша қилишни хоҳлайди. У "Барселона"нинг мағлубиятларидан ҳафа бўлади. Матео ҳали кичкина, шу сабабли у мағлубиятларни жиддий қабул қилмайди. Тўғрисини айтаман, у акасининг жаҳлини чиқаришни яхши кўради. Шу сабабли, биз "Реал" ўйинларини томоша қилсак, Матео голлардан хурсанд бўлади. Ҳа, у "Реал" мухлиси.

Олдинроқ Матео менга бизни мағлуб этган "Ливерпуль"га мухлислик қилишини айтди. "Валенсия" билан баҳсда ҳам шундай бўлди: "Валенсия" ютди - мен "Валенсия"данман".


Футболдан ташқаридаги ҳаёти ҳақида

Хотиним билан болаларни мактабга олиб борамиз. У ерда ўғилларимнинг дўстлари кўп. Улар доимо бирор нарса билан банд. Синфдаги бошқа болалар ота-оналари билан яхши муносабатдамиз, хотиним улар билан WhatsAppда гуруҳ очиб олган.

Шу билан бирга болаларим клуб академиясида шуғулланишади, футболчилар фарзандлари учун алоҳида категория мавжуд. Тиаго икки йилдан бери машғулотларда, бу йил Матео учун биринчиси. Уларнинг машғулотларини томоша қилишга борамиз, кўпинча бизга Луис Суарес ҳамроҳлик қилади - унинг ўғли Тиагонинг тенгқури. Луис билан кечалар уюштирамиз.

Зерикишни бошласам, интернетга кираман ва турли харидларни амалга ошираман.


ЖЧ-2022да ўйнаш режалари ҳақида

Жиддий жароҳатлар олмай, ўша вақтгача тўп тепишга умид қиламан. ЖЧга ҳали анча бор, шу сабабли унда иштирок этаманми ёки йўқ, буни билмайман. Фаолиятимни узоқроқ давом эттиришни истайман. Футболни якунлаганимдан сўнг нима бўлишини ўйлашдан қўрқаман. Доимо футболчи бўлишни орзу қилганман, ҳаётимни бу спорт тури билан боғладим. Уйда ўтириб, нима билан машғул бўлишни билмаслик қийин.


Мураббий бўлиш ҳақида

Бундай бўлмаса керак. Ўзимни бу ролда кўрмаяпман.


Аргентинага қайтиш ҳақида

Болалигимда "Ньюэллс Олд Бойс"да ўйнашни орзу қилардим, ҳозиргача бу клуб мухлисиман. Албатта, ҳозиргача бундай ният бор. Аммо нима бўлишини билмайман. Оилам, болаларим бор. Тиагонинг ажойиб дўстлари бор, ўғлимни улардан ажратмоқчи эмасман. Улар анчадан бери таниш.

АҚШ ёки Аргентинага йўл олган пайтимизда, Каталонияга қайтмаслигимизни айтиб ҳазиллашамиз.


Неймар ва Луис Суарес билан дўстлиги ҳақида

Неймар феномен, у билан ҳозиргача алоқадамиз. Фақат мен, у ва Луис Суарес мавжуд бўлган чат бор. Унинг номи "Tres Sudacas" (уч жанубий америкалик).


Криштиану Роналду ҳақида

Албатта, у етишмаяпти! У туфайли "Реал" кучлироқ эди. Улар Криштиану йўқлигини ҳис қилишади деган эдим, чунки буни сезмайдиган жамоа йўқ. Кимдир сўзларимдан ғазабланиши мумкин, аммо бу ҳақиқат. У ҳар мавсум 50та гол уради. У бутун лигага етишмаяпти, чунки кучли футболчилар рақобатни янада қизиқроқ қилади.


Ливерпульдан учралган мағлубият ҳақида

Бунақа бўлади деб ўйламагандим. Бизда Рим тажрибаси бор эди ва бу такрорланишини тасаввур қилмагандим. Ҳа, қийин баҳс бўлишини тушунгандик. Биринчи учрашув натижа бўйича алдамчи эди: Тенг кураш кечган, улар жисмонан кучли эди. Жавоб учрашувида яна мағлуб бўлдик.

Тезкор гол ура олмадик ва улар дарвозамизни ишғол қилишди. Тезда "Рома" билан баҳсда содир бўлган воқеа эсга келди. Устунликни бой бердик, уларнинг хоҳиши бизникидан кучлироқ эди. Қўпол хатоларга йўл қўйдик. Шармандали ўйин кўрсатдик.


Эрнесто Вальверде ҳақида

Мағлубиятда мураббийнинг алоқаси йўқ. "Ливерпуль"га қарши жавоб учрашувигача мавсум жуда яхши ўтаётган эди, биз муддатидан аввал ЛаЛига чемпиони бўлдик, Қирол Кубоги финалига чиқдик. Одамлар у айбдор деб ўйлашмоқда, чунки унинг тактикаси ёрдам бермаган экан. Аммо содир бўлган воқеа - тизим ишдан чиқишининг маҳсули эмас. Шунчаки ҳар бир футболчи рақобатда қарши жамоа ўйинчисига мағлуб бўлди. Ўтган мавсумдаги дарсдан керакли хулоса чиқармадик. Бу мураббийнинг айби эмас.

Мен ҳеч қачон мураббийлар ишига аралашмайман. Ҳа, тактикани яхши кўраман, аммо мураббийлар билан баҳслашмайман.

Rating: +44   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика