Latest news

17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  1 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39Суперлига. "Андижон" - "Динамо" 1:0 (матнли трансляция)  3 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  16 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  26 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  7 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1

Павел Бугалога урилган гол, Юрий Саркисян маслаҳатлари, футболчиликдан сўнг мураббийлик фаолияти ҳақида собиқ "Нефтчи" аъзоси Иқбол Акрамов билан интервью News

Павел Бугалога урилган гол, Юрий Саркисян маслаҳатлари, футболчиликдан сўнг мураббийлик фаолияти ҳақида собиқ "Нефтчи" аъзоси Иқбол Акрамов билан интервью

Фарғонанинг "Нефтчи" клубидаги ёрқин ўйинлари билан футбол мухлисларига яхши таниш бўлган собиқ футболчи Иқбол Акрамов ҳозирги кунда мураббийлик фаолиятини олиб бормоқда.

 Кўпчилик мухлислардан келаётган таклифларни инобатга олган холда сайтимиз мухбири "Нефтчи"нинг собиқ аъзоси билан учрашиб интервью ташкил этди.

- Иқбол ака, футбол мухлислари сизни Фарғонанинг "Нефтчи" клубидаги ўйинларингиз орқали танишади. Ҳозирги кунда қаердасиз, қандай юмушлар билан бандсиз?

- Авваламбор эътибор учун сизларга ва футбол мухлисларига миннатдорчилик билдираман. Ҳозирда Фарғона шаҳридаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабида ишлаб келмоқдаман. Футболчилик фаолиятим "Нефтчи"дан сўнг "Олмалиқ" (ҳозирги АГМК-таҳр.) ва "Андижон" жамоаларида якунига етган. Айни вақтда мураббийлик ишини бошлаган холда ўзбек футболига ёш иқтидорли футболчиларни етказиб бериш бўйича ишлаяпмиз. 

- Мураббийлик иши бўйича ҳозирга қадар қандай ютуқларга эришдингиз?

- Қашқадарё вилоятида 2018 йили 1999-йилда туғилган футболчилар ўртасида ташкил этилган мусобақада иккинчи ўринни қўлга киритдик. Ўша футболчилар ҳозирда Суперлига, Про-лига, Биринчи лига каби турли чемпионатларда ўйнашмоқда. Ҳозирда 2006-2009 йилларда туғилган ёш футболчилар билан ишлаяпмиз, уларни футболга ҳар томонлама тайёр холда тарбиялашни мақсад қилганмиз. Машғулотлар учун футбол мактабимиз раҳбарияти, хусусан директоримиз Маҳмуд ака томонидан барча шароитлар яратиб берилган.

- Юқорида айтиб ўтдим, сизни кўпчилик "Нефтчи"даги фаолиятингиз орқали танишади. Айтингчи, жамоа сафида ўтказган энг эсда қолган ўйингиз қайси?

- Агар ўша даврларни эсласам яна футбол ўйнагим келаверади. Ўша даврдаги "Нефтчи"да қандай буюк футболчилар ўйнаган, буни кўпчилик яхши хотирласа керак. Ёдимда қолган ўйинлар кўп, лекин Фарғонада "Ал-Саад" билан ўйин энг эсда қоларли баҳс бўлган. Рақиб ҳам, "Нефтчи" ҳам жуда кучли таркибга эга эди. Стадиондаги мухлислар атмосфераси, ўйин ҳарорати, Анвар Бердиевнинг чалқанча услубда киритган голи, буларнинг барчаси кечагидек ёдимда турибди. 

- Ёдингизда бўлса, қайсидир учрашувда Сергей Лебедев ҳакам ҳуштагидан аввалроқ зарба йўллаб рақиб дарвозасини ишғол қилганди...

- Ҳа, тўғри. Ўшанда "Нефтчи" Эроннинг "Истиқлол" клубига қарши майдонга чиққанди. Сергей Лебедев тезкор қарор чиқариб кутилмаганда зарба йўллаб рақиб дарвозасини ишғол қилганди. Ҳакам ўша голни инобатга олган.

- "Нефтчи" таркибида қандай ютуқларни қўлга киритгансиз?

- Жамоа билан бирга 1 марта Ўзбекистон чемпиони, 2 марта кумуш медал соҳиби бўлганман. Шунингдек, ёшлигимда "Нефтчи" ўринбосарлари билан 3 маротаба чемпионликни қўлга киритганмиз. 

- Футболчилик фаолиятингизда қанотдан рақиб жарима майдонига тезкорлик билан ёриб кириш, дриблингларни амалга ошириш каби ёрқин услубларингиз бор эди. Айни вақтда ёш футболчиларда ҳам бу каби кўникмаларни шакллантириш бўйича ишлаяпсизми?

- Ҳозирги кунда ёшлар кўпроқ техникалар, хусусан смартфонларга кўпроқ берилиб қолишаяпти. Бизнинг даврда ёш футболчи учун мактаб, футбол, машғулотлар ва оила бор эди. Биз фақат шулар ҳақида ўйлардик холос. Болалар шу каби турли гаджетларга чалғиб қолмаслиги устида ҳам ишлаяпмиз, уларга тезкор фикрлаш ва жисмоний имкониятларини ошириш бўйича турли дастурларни амалга ошираяпмиз. Ўзимизда бор билимларни ёш футболчиларга етказиб беришга ҳаракат қилаяпмиз.

- "Нефтчи"нинг собиқ футболчилари, ўша даврдаги жамоадошларингиз билан ҳозирги кунда муносабат қандай?

- Деярли ҳамма собиқ жамоадошларим билан мунтазам алоқадамиз. Улар билан дўстона муносабатимиз сақланиб қолинган. Юрий Саркисян бизга биринчи навбатда жамоада дўстликни йўлга қўйиш муҳимлиги ҳақида маслаҳат берганди. Юрий Вазгеновичнинг ўша пайтда бизга тўғри йўналиш берган экан, унинг кўрсатмалари ҳозирга қадар актуал холатда бўлиб келмоқда. Дўстларим билан кўришиб футбол ҳам ўйнаб турамиз.

- Иқбол Акрамовнинг футболга кириб келиши қандай юз берган?

- Футболга кириб келишимда биринчи мураббийим, ҳозирда марҳум Тоҳир аканинг ўрни муҳим бўлган. У киши орқали футбол интернатига жойлашдим. Кейинчалик Владимир Кассаев қўл остида футбол сир-асрорларини ўргандим. Натижада орадан бир оз муддат ўтиб "Нефтчи" ўринбосарлари сафига қўшилдим. Азиз Алижонов, Мансур Саидов, Нодир Қўзибоев, Ғайрат Ҳасановлар биргаликда ўйнаганмиз. 

- Фаолиятингизда кўп бора рақиблар дарвозасини ишғол қилгансиз. Айтингчи, қайси голингиз ҳаммасидан ҳам кўпроқ ёдингизда қолган?

- Ёдимда қолган голлардан бири "Ал-Саад" клуби дарвозасига бурчакдан етказиб берилган тўпга бош билан зарба йўллаб киритган голим ҳисобланади. Шунингдек, "Локомотив"нинг ўша вақтдаги посбони Павел Бугалога жарима зарбасидан киритган голим ҳамон ёдимда турибди. Гол уриш асосий вазифам эмасди, майдонда кўпроқ ҳужумчиларга голли узатмалар бериш бўйича ишлардим.

- Қайси хориж футболчиларидан идеал сифатида ўрнак олардингиз?

- Ўша пайтда гарчи позициям мос келмаса-да, Зидан ва Какаларнинг услубларидан намуна олишга олишга ҳаракат қилардим. Бу футболчиларнинг майдондаги ҳаракатларини завқ билан кузатиб борганман. Ҳозирги кунда ўз меҳнати эвазига ютуқларга эришган футболчи сифатида Криштиану Роналдуни ёш футболчиларга ўрнак сифатида кўрсатиш мумкин. 

- Қайси хориж клубига мухлислик қиласиз?

- Ёшлигимдан то ҳозирга қадар Испаниянинг "Реал Мадрид" клубига мухлислик қиламан.

- Мухлисларга айтадиган қандай тилакларингиз бор?

- Очиғи, водий клубларидаги каби мухлисликни ҳеч қаерда кўрмаганман. Ўша даврда бўлиб ўтган водий дербиларида стадионларга мухлислар сиғмай қоларди. Улардан ҳамиша миннатдорман ва ҳар доим раҳмат айтаман. Мураббийлик фаолиятим давомида ўзбек футболига етук иқтидорли футболчиларни етказиб бериб мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламан.

Бекзод Толибов суҳбатлашди

Rating: +20   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика