Элит ОЧЛ гуруҳ босқич якунлари: ким учун омадли, ким учун омадсиз
19 feb 11:35
News
Элит ОЧЛ гуруҳ босқич якунлари: ким учун омадли, ким учун омадсиз
Ушбу босқич якунларига кўра, ҳар иккала минтақада кейинги босқичга йўл олган 8тадан омадли жамоалар маълум бўлди.
ШАРҚ минтақаси: Япониянинг уч клуби кейинги босқичда
Биз Шарқ минтақасини кўп ҳам кузатмаймиз, мухлисларга ҳам унчалик қизиқ эмас. Баъзан жамоалар номини ва қайси давлатдан эканини унутиб қўямиз. Бир пайтлари "Бунёдкор" Шарқ минтақасида ўйнаганида маза қилиб кўрардик. Австралиянинг "Аделаида Юнайтед", Жанубий Кореянинг "Поханг Стилерс" каби клублари билан кечган ўйинларни бир эсланг. Қандай даврлар эди-я. Чинакам футбол муҳити ҳукм сурган пайтлар. Ўшанда номига иштирок деган гап йўқ эди. Айниқса "Бунёдкор" ОЧЛни ютиш учун астойдил кураш олиб борганди.
Ҳозир эса Шарқ минтақаси ўзи билан ўзи овора. Улар қачонки Ғарб жамоаларига тўқнаш келганда, ҳа, фалончи жамоа ҳалиям ўйнаяпти экан деб қўямиз. Лекин буёғига Шарқ учун Элит ОЧЛни ютиш осон бўлмайди, чунки Саудия Арабистони клублари анча илгарилаб кетди. Бунинг устига ярим финал ва финал баҳслари марказлашган тартибда яна Саудияда ўтказилади.

Бу йил ҳам Шарқ минтақасида 12та жамоа Элит ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этиб, шундан 8таси кейинги босқичга йўл олди. Қизиғи шундаки, Япониянинг уч клуби - "Мачида Зелвия", "Виссел Кобе" ҳамда "Санфречче Хирошима" кетма-кетликда 1,2,3-ўринларни эгаллашди. Кейинги ўринни эса Таиланднинг "Бурирам Юнайтед" клуби банд этди. Яна бир қизиқ жиҳати, Малайзиянинг"Жоҳор Дарул Таъзим" клуби ҳам кучли саккизликка кириб олди. Хитойдан биронта клуб кейинги босқичга чиқа олмади (Улардан учта жамоа қатнашди). Шунингдек, Жанубий Кореянинг "Ульсан" клуби ҳам мусобақадаги иштирокини тугатди.


1/8 финал жуфтликлари
"Канвон" (Жанубий Корея) - "Мачида Зелвия" (Япония)
"Сеул" (Жанубий Корея) - "Виссел Кобе" (Япония)
"Жоҳор Дарул Таъзим" (Малайзия) - "Санфречче Хирошима" (Япония)
"Мельбурн Сити" (Австралия) - "Бурирам Юнайтед" (Таиланд)
Дастлабки учрашувлар 3-4 март, жавоб баҳслари 10-11 март куни бўлиб ўтади.
ҒАРБ минтақаси: Кутилган воқеа рўй берди
Ғарб минтақасида кўпчилик кутган воқеа рўй бериб, олдиндан тахмин қилинган жамоалар кейинги босқичга йўл олишди. Бизнинг минтақада сенсация кузатилмади. Саудия Арабистонининг учала клуби ҳам кейинги босқич масаласини ҳал этди. "Ал Ҳилол" 8та ўйинни мағлубиятсиз якунлаб 22 очко билан биринчи бўлди. Кейинги ўринни "Ал Аҳли" эгаллаган бўлса, Эроннинг "Трактор" клуби учликка кириб олди.
Қатардан учта клуб қатнашган бўлса, иккитаси - "Ал Дуҳайл" билан "Ал САдд" бир хил 8 очко тўплаб саккизталикка кириб олишди. БААнинг "Шаржа" клуби 8 очко тўплаб ҳам кейинги босқичга ўта олмади, бу ўринда тўплар нисбати панд бериб қўйди.

Мусобақада Ўзбекистон чемпиони сифатида қатнашган "Насаф" 8 ўйиндан олтитасида мағлуб бўлиб, охирги икки турда бир дуранг ва бир ғалаба қайд этиб, 4 очко тўплашни уддалади. Бошқа жамоалар билан солиштирганда ўртамиёна бюджетга эга "Насаф" шу тариқа охирги ўринни банд этди. Барибир молия ва таркиб борасида қаршиликлар қолган 11та жамоанинг ҳеч бири билан баҳслаша олишмасди.

1/8 финал жуфтликлари
"Ал Садд" (Қатар) - "Ал Ҳилол" (Саудия Арабистони)
"Ал Дуҳайл" (Қатар) - "Ал Аҳли" (Саудия Арабистони)
"Шабаб Ал Аҳли" (БАА) - "Трактор" (Эрон)
"Ал Ваҳда" (БАА) - "Ал Иттиҳод" (Саудия Арабистони)
Дастлабки учрашувлар 2-3 март, жавоб баҳслари 9-10 март кунлари бўлиб ўтади.
Буёғи қандай бўлади?
Элит ОЧЛ регламентига кўра, мусобақанинг 1/8 финал босқичи уй-меҳмон тарзида ўтказилади. Чорак финалдан бошлаб ярим финал ва финал Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилади. Худди ўтган йилги каби Шарқ ва Ғарб то финалгача бир-бирига тўқнаш келмайди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи финал ўйинига ҳашаматли "Қирол Абдуллоҳ" стадиони мезбонлик қилади. Маъулумот учун, ушбу ўйингоҳда Саудиянинг икки клуби "Ал Аҳли" ва "Ал Иттиҳод" уй ўйинларини ўтказади. Стадион сиғими 63 минг томошабинга мўлжалланган.
1/8 финал ўйинлари ўтиб бўганидан сўнг 18 март куни чорак финал учун алоҳида қуръа ташлаш маросими ўтказилади. 16-18 апрелда 1/4 финал ўйинлари ўтказилса, 20-21 апрелга ярим финаллар белгиланган. Финал эса 25 апрель куни бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун баҳс ўтказилмайди.
Хайрулла Холиқов
Similar news
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Суперлига. "Насаф" сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига "Динамо" билан дуранг ўйнади
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" — "Манчестер Сити" 3:0
Comments