Хавьер Тебасга нисбатан тергов қайта тикланди: Ла Лига президенти истеъфога чиқарилиши мумкин

Aslanov Jasurbek
1 апр 2026
Испания маъмурий спорт суди (TAD) Ла Лига президенти Хавьер Тебасга нисбатан "Барселона"нинг махфий маълумотларини ошкор қилиш айби билан тўхтатилган тергов ишини қайта тиклашга қарор қилди.

Бунга 2025 йил ёзида Мигель Анхель Галан томонидан тақдим этилган 50 саҳифалик ҳужжат асос бўлган. Унда Тебас "Барселона" томонидан бюджетни шакллантириш учун тақдим этилган ички маълумотларни Ла Лига расмий сайтида эълон қилиб юбориб, нейтраллик тамойилларини қўпол равишда бузгани таъкидланади.

Эндиликда жараён қуйидагича давом этади:

Суд иш бўйича махсус терговчи тайинлайди.

Хавьер Тебасга расмий билдиришнома юборилади ва унинг эътироз билдириши учун 10 кун вақти бўлади.

Агар Тебас белгиланган муддатда жавоб бермаса, бу унинг айбига иқрор бўлгани сифатида баҳоланиши мумкин.

Қандай жазо кутилмоқда?

Қоидабузарлик тасдиқланса, Тебасга нисбатан оммавий ҳайфсан бериш, икки ойдан бир йилгача ўз лавозимидан четлатиш ёки бутунлай истеъфога чиқариш жазоси қўлланилиши мумкин.

Қизиғи шундаки, "Барселона"нинг собиқ президенти Жоан Лапорта клуб ушбу маълумотлар тарқалишидан ҳеч қандай зарар кўрмаганини ва суд жараёнига қарши эканини билдирган эди. Шунга қарамай, суд ишни охиригача етказишга қарор қилди. Испания футболи раҳбариятида катта ўзгаришлар бўлиши эҳтимоли кундан-кунга ортмоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Mundo Deportivo