"Винисиус даҳо эмас": Фабио Лусиано Винидан 10-рақамни олиб қўйишни талаб қилди

Aslanov Jasurbek
2 апр 2026
"Коринтианс" ва "Фенербахче" клублари собиқ ҳимоячиси Фабио Лусиано "Реал Мадрид" юлдузи Винисиус Жуниорнинг Бразилия терма жамоасидаги роли ҳақида кескин фикр билдирди.

Унинг фикрича, Винисиус афсонавий "ўнинчи рақам"га лойиқ эмас.

"Винисиуснинг Жаҳон чемпионатида 10-рақам остида ўйнашини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу рақамни ундан олиб қўйиш керак. Менимча, Вини 7 ёки 11-рақамларда ўйнаши лозим.

У терма жамоада "ўнлик" бўлишга ҳаракат қилмаслиги керак, чунки у бундай ўйинчи эмас. Биз учун 10-рақам эгаси — бу интеллектуал футболчи, бу ҳақиқий даҳо демакдир. Винисиус эса даҳо эмас", — деди Лусиано "ESPN Brasil" эфирида.

Эслатиб ўтамиз, Неймарнинг терма жамоадаги келажаги сўроқ остида туган бир пайтда, Бразилиянинг рамзий рақами кимга насиб этиши катта баҳсларга сабаб бўлмоқда. Винисиус Жуниор ҳозирда жамоанинг асосий юлдузларидан бири бўлса-да, мутахассислар унинг ўйин услуби классик "плеймейкер"ларга мос келмаслигини таъкидлашмоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Marca