Улуғбек Бакаев: "Денисов ва Мусаевлар умумий гуруҳга қайтишди"

Aslanov Jasurbek
23 апр 2024
"Машъал" - "Бухоро" учрашувидан (0:0) сўнг меҳмонлар устози Улуғбек Бакаев матбуот анжуманида иштирок этди.

Ўйин ҳақида

- Гол бўлмади, аммо баҳс қизиқ ўтди. Йигитларга раҳмат айтаман ва кейинги баҳсга тайёрланамиз. Учрашув бошидаги жароҳат туфайли таркибда ўзгришлар бўлиб кетди, кучли жамоа билан дуранг қайд этдик.

- Денисов ва Фозил Мусаевларда жароҳат борми?

- Уларнинг иккисида кичик жароҳат бор эди. Йигитлар умумий машғулотларга қайтишди ва тез орада ўйинларда жамоага ёрдам беришади.

- "Бухоро" ва "Машъал" гуруҳдаги ҳолатдан келиб чиқиб натижа учун ўйнади. Бу баҳс ОКМКга қарши учрашувга тайёргарлик вазифасини ўтадими?

- Биринчи навбатда гуруҳ жадвалидаги ҳолатга қараб ўйнадик. Кўпроқ натижага эътибор қаратдик, "Машъал"да бир нечта вазиятлар бўлди. 0:0 ҳисоби бизни қониқтирмаслиги мумкин, чунки улар кейинги турда "Арал Академия"га қарши ўйнайди. Олдимизга қўйилган кейинги босқичга йўл олиш вазифасини муваффақиятли бажармоқчимиз.

- "Бухоро" ва "Машъал" ўртасида қисқа вақт ичида 2та учрашув бўлиб ўтди ва иккала ўйинда ҳам ҳисоб очилмади. Бу жамоалар бир-бирига ноқулай рақибларми?

- Иккала жамоанинг кучи тенг бўлса керак. Бундай курашларга бой баҳслар ёшларга ўсишда катта ёрдам беради. "Машъал" билан яна 3та ўйинимиз бор, кўрамиз, ким кучлироқ бўлар экан.

- Қатардаги U23 Осиё Кубогида иштирок этаётган йигитларимизга нима деган бўлардингиз?

- Улар Олимпиадага чиқишини жудаям хоҳлайман. Бу бутун ўзбек халқи учун, ёшларимиз учун катта байрам, муваффақият бўлади. Уларга омад тилайман. Мамлакатимизга қаҳрамон бўлиб қайтишсин.



Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia