УЕФА ўтган мавсумнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун номзодларни эълон қилди

Aslanov Jasurbek
19 авг 2021
УЕФА расмий сайти 2020/21 йилги мавсумнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун номзодларни эълон қилди.

Даъвогарларнинг икки нафари клубни, бир нафари терма жамоани бошқаради:

Хосеп Гвардиола ("Манчестер Сити") — клуб тарихида илк марта "Сити"ни Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиқди ва Англия чемпионатининг юқори чўққисига қайтди. Ундан ташқари, жамоа Англия Лига Кубогини қўлга киритди.

Роберто Манчини (Италия терма жамоаси) — 2018 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқолмаган Италия терма жамоасини ЕВРО-2020 ғолибига айлантирди. Қолаверса, италияликлар кетма-кет 34 мағлубиятсиз учрашув ўтказди.

Томас Тухель ("Челси") — 26 январда Френк Лемпард ўрнига "Челси"нинг шов-шувли парвозини уюштирди ва якунда лондонликларни Чемпионлар Лигасидаги иккинчи ғалабаси томон етаклади. Тухель турли жамоалар билан кетма-кет икки марта турнир финалига чиққан тарихдаги дастлабки мураббий бўлди.

Эслатиб ўтамиз, энг яхши мураббий 26 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўладиган 2021/22 йилги мавсум қуръа ташлаш маросимида аниқланади.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: uefa.com