УЕФА "Ньюкасл"ни молиявий қоидабузарлик учун жазолаши мумкин

Aslanov Jasurbek
31 мар 2026, 22:45
Англиянинг "Ньюкасл Юнайтед" клуби УЕФАнинг молиявий қоидаларини бузгани учун жиддий жазога тортилиши хавфи остида қолди.

Бу ҳақда "The Times" нашри хабар бермоқда.

Гап шундаки, клуб ўзига тегишли бўлган "Сент-Жеймс Парк" стадионининг ижара ҳуқуқини ўз шўъба корхонасига сотиш орқали 133,1 миллион фунт стерлинг фойда кўрганини кўрсатган. АПЛ ички қоидаларига кўра, бундай активлар савдосидан тушган маблағни фойда сифатида декларация қилишга рухсат берилади. Бироқ УЕФА бу масалада анча қаттиққолроқ позицияда.

Ўтган йили УЕФА худди шундай молиявий "ҳийлалар" учун "Челси"ни 27 миллион фунт, "Астон Вилла"ни эса 11 миллион фунт миқдорида жаримага тортган эди. Ўшанда ташкилот аёллар жамоаларининг алоқадор компанияларга сотилишидан тушган маблағни даромад сифатида тан олишдан бош тортган.

Агар УЕФА "Ньюкасл"нинг бу амалиётини ҳам ноқонуний деб топса, клуб нафақат жаримага тортилади, балки молиявий мувозанатни тиклаш учун ўз етакчи футболчиларини сотишга мажбур бўлади. Жамоанинг келаси мавсумда Чемпионлар Лигасига йўлланма олиши қийинлашиб бораётгани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: The Times