"Турон"нинг "бўрон"и "темирйўлчилар"ни манзилидан тўхтатишга уриниб кўради

Sherzod Nurmatov
25 ноя 2022
Бугун оловранг қуёшимиз курраи заминнинг марказида жавлон уриб турганида, Яйпан стадионидаги икки жамоани икки томонга кузатиб қўямиз: бири Суперлигага, бири эса ундан олисроқ бўлган Про лигага равона бўлади.

"Локомотив" жорий мавсум Coca Cola Суперлигасида 12-ўринни, "Турон" эса Про лигада 3-поғонани эгаллаган ҳолда ўтиш ўйинида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ўзаро ўйинлар

Иккала жамоанинг ўзаро қарама-қаршилигини санаш учун битта қўлимиз етарли саналарди. Ўтказилган беш учрашув давомида тошкентликлар уч маротаба кайфиятларини чоғ қилишган бўлса, яна икки баҳсда дўстликни қониқтирадиган ҳисоб қайд этилган. Жами тўқнашувларнинг иккитаси назорат ўйинига тўғри келади. Шу жумладан, охирги ўйин зарварақларига назар соладиган бўлсак, 16 июль санасида "Локомотив" стадионида кечган ўртоқлик ўйинида мезбонлар 2:1 ҳисобида зафар қучишган. Ислом Қобилов ва Нурмуҳаммад Тошпўлатовнинг голига водийликлардан Аъзамжон Алиев жавоб қайтарганди.



Сўнгги ўйинлар 

"Локомотив" охирги турларда ижобий натижа қайд этиб, тўғридан-тўғри Про лигага шўнғишдан қутулиб қолди. Жумладан, Coca Cola Суперлигасининг сўнгги икки турида Денис Коростиченко 4 очко жамғарди. "Турон" эса, аксинча, 2-ўрин ўзаро курашда "Бухоро"га имкониятни бой берди ҳамда плей-офф учрашувини ўзига тортиқ қилиб олди. Шунга қарамай, яйпанликлар охирги 3 ўйинда мухлисларини қувонтирадиган натижа қайд этган ҳолда 8 та гол уриб, дарвозасидан атиги 1 та гол ўтказиб юборди.



Ҳакамлар

Мазкур баҳсни Аскер Нажафалиев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Нажафалиев жорий мавсум "Локомотив"нинг "Сўғдиёна" (0:1) ва "Бунёдкор" (0:0)га қарши учрашувларида ишлаган, "Турон" иштирокидаги учрашувни эса илк бор бошқариб боради.



Оқил Абдубарноев


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: championat.asia