

Майдонча шаҳарликларнинг ўз кучи билан барпо этилган эди, аммо кейинчалик бу ҳудуд қурилиш учун кимошди савдосига қўйилган. Судларга, спорт ташкилотлари ва тегишли идораларга қилинган мурожаатларга қарамай, майдонни сақлаб қолиш масаласи ҳанузгача ҳал этилмаган.
"Фарғона" нашри ихтиёрида аҳолининг мурожаатлари, Тошкент шаҳар футбол ассоциациясининг Олий судга хати, Спорт вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳокимлигига йўллаган хати, шунингдек, Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага қилинган мурожаатнома нусхалари мавжуд. Ҳужжатлардан маълум бўлишича, майдон атрофидаги можаро камида 2022 йилдан бери давом этиб келмоқда. "Фарғона" нашри бу муаммони 2023 йилда ҳам ёритган эди.
Гап Юнус Ражабий кўчасидаги 60-уй ёнидаги ҳовли майдончаси ҳақида бормоқда. Аҳолининг сўзларига кўра, 2018 йилда ҳудуд ободонлаштириш мақсадида хусусий тадбиркорга бириктирилган. Шундан сўнг, яшовчилардан бири ҳовлини тозалаб, ўз ҳисобидан болалар учун футбол майдончаси барпо этган. Аҳолининг мурожаатида айтилишича, майдонча президентнинг футболни ривожлантириш тўғрисидаги қарори ва "Ҳар бир маҳаллада футбол майдончаси" дастури доирасида яратилган ҳамда ҳанузгача турли ёшдаги болалар томонидан фойдаланиб келинмоқда.





Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, амалга оширилган ишлар ва аҳолининг майдончани сақлаб қолишдан манфаатдор эканлигига қарамай, туман ҳокимлиги объектни юридик расмийлаштириш ва уни маҳалла балансига ўтказишда ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган. 2022 йилнинг август ойида аҳоли ҳовли ҳудуди, жумладан, футбол майдони ва яшил ҳудуд давлат захирасига ўтказилгани ва электрон аукционга қўйилганидан хабар топишган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳокимликнинг тақдим этган чизмаларида футбол майдони ва дарахтлар акс эттирилмаган эди.
Аҳолининг фикрича, қурилиш лойиҳаси амалга оширилган тақдирда майдонча йўқ қилинади. Мурожаатда айтилишича, қурувчи учун футбол майдони бўлажак объектга кириш йўлида тўсиқ ҳисобланади.
Фуқаролар судга мурожаат қилишган, бироқ икки инстанцияда ҳам ютқазишган. Мурожаатларнинг бирида улар турли даражаларда спортни ривожлантириш, уйлар орасидаги зич қурилишларга тақиқ қўйиш ва дарахтларни кесишга жорий этилган мораторий ҳақидаги қарорларнинг эътиборсиз қолдирилаётганига дуч келаётганликларини ёзишган. Мурожаат муаллифлари вазиятни абсурд деб аташмоқда: шаҳарликлар ўз ҳисобидан спорт объектини қурди, унга қараб келди, энди эса майдонни сақлаб қолиш учун адвокатларга пул сарфлашга мажбур бўлмоқда.
Майдонча ҳимоясига хизмат кўрсатган мураббий ва Тошкент шаҳар футбол ассоциацияси вице-президенти Азамат Абдураимов ҳам чиқиш қилган эди. У 2023 йилда маҳаллий болалар билан шуғулланган ва 26 август куни мазкур майдончада "Yu. Rajabiy" жамоаси ва Тошкентнинг бошқа туманларидан келган тенгдошлари иштирокида "Мустақиллик кубоги" болалар турнири бўлиб ўтган.
Тошкент шаҳар футбол ассоциацияси ҳам Ўзбекистон Олий судига майдонни сақлаб қолишда амалий ёрдам сўраб хат йўллаган. Ҳужжатда қайд этилишича, "майдоннинг бир қисмини қамраб олган" ер участкаси ҳокимлик томонидан ажратилган ва "аниқ мақсадли вазифаси кўрсатилмаган" объект қуриш учун тадбиркорга аукцион орқали сотилган. Ассоциация Яккасарой тумани ҳокимининг 2022 йил 21 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда майдонни сақлаб қолган ҳолда кейинчалик уни расмийлаштириб, Тошкент шаҳар футбол ассоциацияси балансига ўтказиб беришни сўраган.
Тошкент шаҳар футбол ассоциациясининг хатида бу майдон қарийб 7000 аҳоли яшайдиган маҳалла учун ягона эканлиги алоҳида таъкидланган. Айнан шу манзилда "Tashkent Kids" футбол мактабининг тажриба лойиҳаси ташкил этилган бўлиб, унда 22 нафар ўғил-қиз иштирок этган.
Аҳолининг позициясини Ўзбекистон Спорт вазирлиги ҳам қўллаб-қувватлади. Вазирликнинг 2024 йил 9 августда Тошкент шаҳар ҳокимлиги номига юборган хатида футбол майдончаси ташландиқ ҳудуд ўрнида аҳолининг саъй-ҳаракатлари билан яратилгани, аммо кейинчалик эгасиз ер сифатида захирага олиниб, "e-auksion"га қўйилгани кўрсатиб ўтилган. Вазирлик маҳалладаги ягона спорт майдончаси ўрнида ерости автотураргоҳи ва савдо ҳудудларига эга беш қаватли маъмурий бино қурилиши режалаштирилаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, Спорт вазирлиги мамлакатда маҳаллалардаги спорт инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, 2030 йилгача 5000 та спорт майдончасини барпо этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганини эслатиб ўтди. Идора Тошкент шаҳар ҳокимлигидан объектнинг ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда майдончани сақлаб қолишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Спорт ташкилотларининг қўллаб-қувватлашига қарамай, аҳоли муаммо ҳануз ечимини топмаётганини таъкидламоқда. Улар футбол майдонининг сақлаб қолинишига, юридик жиҳатдан расмийлаштирилиб, маҳалла ёки бирор бир футбол ташкилоти балансига ўтказилишига эришмоқчи. Уларнинг сўзларига кўра, бу ерда гап шунчаки ер талашиш ҳақида эмас – бу маҳалладаги болалар ўз уйлари яқинида футбол билан шуғулланиши мумкин бўлган ягона майдончадир.



