Тизим самарасими ёки ғолиблик руҳи? "Пахтакор" ёшлар футболи тахтини қандай эгаллади?

Iskandarov Abdulaziz
21 ноя 2026, 22:46
Ўзбек футболида "Пахтакор" номи тилга олинганда, кўз олдимизда шунчаки бир жамоа эмас, балки мамлакат футболининг бош байроқдори, мустаҳкам пойдеворга ва ўз ўйин фалсафасига эга бутун бошли мактаб гавдаланади.

Кўпчиликда “Нима учун бу клуб асосий жамоадан тортиб энг кичик ёш тоифаларигача доимий барқарорликни сақлаб қола олади?” деган ҳақли савол туғилади. Бунинг замирида иккита фундаментал омил ётади: ўзгармас анъаналар ва узлуксиз ишлайдиган тизим.

Етмиш йиллик пойдевор ва “Пахтакор” ДНКси


Ҳар қандай буюк клубнинг муваффақияти унинг ўтмишга бўлган ҳурмати ва қадриятларини асрай олиши билан ўлчанади. “Пахтакор” ҳеч бир даврда, қандай раҳбар келишидан қатъи назар, ўз қиёфасини йўқотмади. Бу ерда ҳар мавсумда таркиб бутунлай янгиланиб кетмайди, клуб рамзлари-ю тарихига беписандлик қилинмайди. Шу боис ҳам мамлакатнинг энг иқтидорли ёшлари айнан шу академия либосини кийишни орзу қилади. Фақат 2018-2020 йиллар оралиғида академияга бироз енгил қаралди. Бунинг оғриқли натижалари 2021-2022 йилларда кўринди. Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жамоаси келгач кеч бўлмасидан иш яна тўғирланди.

Юртимизда бундай чуқур анъаналарга эга клублар саноқли: “Пахтакор” ва сўнгги йилларда ўз шонли тарихини қайта тиклаётган Фарғонанинг “Нефтчи”си. Шунингдек, Қаршининг “Насаф” клуби ҳам ўз тизими билан алоҳида эътирофга лойиқ — уларнинг U-19 жамоаси кетма-кет иккинчи йил мамлакат чемпионати финалига чиққани бунинг ёрқин исботидир. Аммо Тошкент клубидаги ғолиблик руҳи — бу алоҳида мавзу.

photo_2026-11-21_19-52-41.jpg

U-19 тахти: мураббийлар ва таркиблар ўзгаради, чемпионлик эса қолади

Сўнгги уч йил ичида “Пахтакор” U-19 жамоаси мамлакат миқёсида ҳеч кимга имконият қолдирмай келмоқда. Эътиборлиси, бу ғалабалар биргина таркиб ёки бир мураббийнинг меҳнати эмас, балки тўғри йўлга қўйилган механизм натижасидир:

2024 йил: Бобур Абдураҳмонов ва Акмал Холматов бошчилигидаги ёш “шерлар” олтин медалларга эга чиқди. Ушбу таркиб вакиллари Иброҳим Шокиров ҳамда Абубакр Шукруллаев кейинчалик Ўзбекистон терма жамоаси сафида Осиё чемпиони бўлишди.

2025 ва 2026 йиллар: Эстафетани қабул қилиб олган Отабек Мансуров ва Азиз Талхатов тандеми жамоани кетма-кет икки бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига олиб чиқди ва клубга қаторасига учинчи чемпионликни тақдим этди.

photo_2026-11-21_20-09-37.jpg

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар чемпионатининг 4 та ёш тоифасидан 3 тасида ҳамда шаҳар ёшлар лигасида айнан “Пахтакор” тарбияланувчилари тенгсиз деб топилди. Бу натижалар шунчаки омад эмас, балки болалар футболидан тортиб ўсмирлар жамоасигача бир хил услуб ва юқори талаб қўйилганидан далолат беради. Энг муҳими, бу йигитлар шунчаки медаль ютиб қолишмаяпти, балки катта футболга қадам қўйишмоқда: Даврон Тўлаганов, Қуванишбек Сайдалиев, Диёр Эрманов каби ёшлар янги даражага кўтарилмоқда. Аввалги сиёсатга кўра ўйнаб кета олмаган футболчини бошқа жамоага йўл олиши қийин бўлган. Бугунги раҳбарият агар футболчидан ўзи фойдаланмаса, уни келажакдаги йўлини тўсмаслик учун жавоб беряпти ва улар бошқа жамоаларда муваффақиятли тўп тепиб келяптилар. Диёрбек Ортиқбоев, Диёр Холматов, Руслан Жиянов, Алишер Одилов, Аброр Исмоилов ва бошқалар. Шунинг учун ҳам "Пахтакор" академияси дунё клублари рейтингида ТОП 50 га кирди.


U-21 лигасидаги мутлақ гегемонлик: тўрт йиллик ҳукмронлик сири

Ўринбосарлар биринчилигида “Пахтакор” U-21 жамоаси намойиш этаётган барқарорлик янада ҳайратланарли. 2023 йилдан буён “шерлар” бу лигада олтин медалларни ҳеч кимга бермай келишмоқда. Жорий мавсумда ҳам жамоа кетма-кет тўртинчи чемпионликка эришди.

Келинг, сўнгги тўрт йилда жамоани бошқарган мураббийлар штабига назар ташлайлик:

2023 йил: Олим Шокиров, Ойбек Усмонхўжаев, Дмитрий Ан
2024 йил: Мирко Йеличич, Ойбек Усмонхўжаев
2025 йил: Бруну Карвалю, Шуҳрат Бўриев, Илҳом Суюнов
2026 йил: Шуҳрат Бўриев, Ойбек Усмонхўжаев, Павел Тюлкин

Кўриб турганингиздек, тўрт мавсумда тўрт хил бош мураббий, турлича услуб ва фалсафа эгалари ишлаган бўлса-да, якуний натижа ўзгармаган.

Демак, клубда шундай муҳит шаклланганки, у ерга келган ҳар қандай мутахассис ва футболчи автоматик тарзда “фақат ғалаба учун ўйнаш” режимига тушиб қолади. Бундан шу нарса кўринадики, "Пахтакор"га ким бош мураббий бўлмасин, у аллақачон ярим иш бажариб бўлинган клубни бошқаради. Таркибни тўғри қўйса бўлгани.

photo_2026-11-21_19-52-20.jpg

Асосий таркиб эшиклари: нега академия битирувчиларига дарҳол имкон берилмайди?

Кўплаб мухлисларни қийнайдиган яна бир муҳим савол бор: “академия шунчалик кучли бўлса, нега асосий таркибда ёшлар кам?” Бунинг ўзига хос объектив сабаблари мавжуд.
Биринчидан, рақобат муҳити ва босим. Авваллари Суперлигада чемпионлик учун асосан “Пахтакор” ва “Бунёдкор” кураш олиб борарди. Бугунги кунга келиб эса вазият тубдан ўзгарди: водийнинг азалий гигантлари — “Навбаҳор” ва “Нефтчи”, шунингдек, ОКМК каби амбицияли клублар чемпионлик пойгасига жиддий қўшилди. Бундай “оловли” рақобат шароитида тажрибасиз ёшларни бирданига майдонга ташлаш нафақат натижага, балки футболчининг руҳиятига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин.

Иккинчидан, ўтиш даври ва ижара тизимидаги узилиш. Илгари “Пахтакор”да ажойиб амалиёт мавжуд эди: асосий таркибга кира олмаган иқтидорлар Суперлиганинг бошқа клубларига ижарага берилар, у ерда чиниқиб, тайёр ўйинчи сифатида ортга қайтишарди. Масалан, Жамшид Искандеров, Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаев Самарқанднинг “Динамо”сида, Егор Кримец Хитой чемпионатида, Владимир Козак эса “Анжи”да тажриба тўплаб, “Пахтакор”нинг етакчиларига айланишган.

Бироқ 2019 йилдан сўнг клуб фарм-жамоасининг ёпилиши ва “Олимпик” лойиҳасининг ишга туширилиши оқибатида кўплаб истеъдодлар бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Ҳатто Ҳожимат Эркинов ҳам “Қўқон-1912” ва ОКМКда ўзини кўрсатганидан сўнггина қадрдон клубига қайтарилди.

Бугунги кунга келиб вазият яна ижобий томонга ўзгармоқда — мураббийлар штаби Муҳаммадбобур Каримов ва Даврон Тўлаганов каби ёшларга аста-секин имконият беришни бошлади. Зеро, “Пахтакор” академияси етиштириб бераётган бу олтин авлод эртами-кечми нафақат клубнинг, балки бутун Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таянчига айланиши шубҳасиз.

9994ac5e-30f8-4b3a-91fc-f4ce04501567.png

Бу борада Дилшод Каримов ва бошқараётган ишчи гуруҳни мақтамаса бўлмайди. Кўп ерда эшитаман, ҳозирги "Пахтакор" нима қилди деган саволни. Менимча мақола бошида бунга жавоб бердим. Кеча U-17 ЖЧ да ўз юришини бошлаган "Пахтакор" шарафини терма жамоада энг кўп футболчи ҳимоя қилади. 2025 йилги ЖЧда ҳам шундай кўрсатгични кўрган эдик. Демак, клубда барча ишлар жойида. Менинг шахсий фикрим, 2027 йилги мавсум учун мана шу ёшларни асосий таркибда ҳам ривожлантира оладиган ўта кучли мутахассис керак, шунда қилинаётган ишларни мевасини катта футболда ҳам кўрган бўлар эдик.

Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia