Тимур Кападзе: "Ваҳимали жойи йўқ. Хатолардан хулоса чиқарамиз"
05 мар 23:16
Янгиликлар
Тимур Кападзе: "Ваҳимали жойи йўқ. Хатолардан хулоса чиқарамиз"
- Авваламбор, "Бухоро"ни ғалаба билан табриклайман. Ўйин қийин бўлди. Тушунарлики, "Бухоро" яхши ҳимояланади ва ўйинни бузишга ҳаракат қилади. Бундай пайтда биргина вазият ва гол барчасини ўзгартириб юбориши мумкин эди. Ўзимиз вақтида гол ура олмадик. Ҳаракат қилдик, кўп ҳам имкониятга эга бўлмадик. Бунга рақиблар ҳам имкон бермади. Хатоларни ҳам кўриб олдик. Гол ўтказиб юборганимиз яхши бўлмади. Йигитлар ўйинни қутқариб қолиши керак эди. Рақибларнинг ҳимоясини ёриб ўтишга қийналдик. Бу мавсумнинг боши. Хатолардан ҳулоса чиқарамиз. Ваҳимали жойи йўқ. Кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Бу мураббийларга нималар устида ишланиши кераклигини кўрсатади. "Бухоро"ни яхши ўргангандик. Улар кўпроқ ҳимояда ўйнашини билардик ва нималар қилишимиз кераклиги борасида тайёрландик. Бу қаердадир ўхшади, қаердадир йўқ. Шу боисдан бу бир томондан фойдали ўйин бўлди, камчиликлар, хатоларни кўриб олдик. Ҳали ҳаммасини жойига тушириб оламиз.
- Одатда ўзгаришлар ўйинни кучайтириш учун бўлади. Ҳужумдаги ўйинчиларни олиш ҳисобига жамоанинг имкониятлари пасайиб кетмадими? Иккинчи саволим: қишда жамоада ўзгаришлар бўлди. Таркибга ҳужумга келган футболчиларнинг йўқлиги орқали вазиятлардан фойдалана олмаслик Сизни қийнаб қўймаяптими?
- Йўқ, вазиятлардан фойдалана олмаслик мени ташвишга солмаяпти. Легионерлар сўнгги кунларда жамоага келиб қўшилишди. Таркибдаги бошқа футболчиларнинг ҳам даражаси юқори. Таркибга мослари билан ўйинда ҳаракат қиламиз. Ўз футболчиларимга ишонаман. Исталган жамоа бундай ҳимояга қарши қийналади. Улар ҳам бизга имконият бермасликка ҳаракат қилди. Биз озгина тўғрироқ ўйнашимиз керак эди. Қайсидир ҳолатларда рақиблардан яхшироқ ўйнадик. Менимча кўпроқ ўша каби ўйнашимиз керак эди. Кўрамиз, бу муаммо эмас деб ўйлайман. Олдинда ўйинлар кўп. Ўйиндан ўйинга кучайиб бораверамиз. Албатта, мағлубият ҳеч қачон ёқимли бўлмаган. Бу ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу мағлубият бизни янада кучлироқ қилади.
- Ўйин олдидан чиқарилган маълумотда Александр Хомяков Сиз учун ноқулай рақиб эканлиги кўрсатилди. Бунинг сабаби нимада?
- Ушбу мураббийнинг жамоалари ҳимояда зич ўйнашади. Кўп ўйинни бузишга ҳаракат қилади. Баъзида ўзи ҳам футбол ўйнамайди ва рақибга ҳам бунинг имкониятини бермайди. Рақиб таркибидаги барча футболчиларни биламиз. "Олимпик"далигимда уларга қарши кўп ўйнаганмиз. Бугун ўша футболчиларим тажрибалироқ. Шунда ҳам бизда ишланмалар тўлиқ эмаслигини кўрдик. "Бухоро"да ҳам яққол вазиятлар кўп бўлмади. Биттагина стандарт ўйинни ўзгартириб юборди. Ҳа, зўр ўйнадик дея олмайман. Лекин ўйинни қутқариб қолиш учун имкониятларимиз бўлди. Бугун бизнинг кун эмас экан. Уларнинг бир вазияти голга айланган бўлса, бизда бундай бўлмади.

- Сиз мураббий сифатида бунгача терма жамоа ўзаги бўлган "Олимпик"да ва кейинчалик Ўзбекистон терма жамоасида ишладингиз. Ёш ва вазифа нуқтаи назаридан "Навбаҳор" Сиз учун биринчи жиддий жамоа. Дастлабки икки турда жамоангиз кутилган ўйинни кўрсата олмагани Сизни ташвишга солмаяптими?
- Мураббий сифатида барча ҳолатларни тўғри қабул қиламан. Нималар ўхшаётганини, нималар ўхшамаётганини биламан. Бунинг учун нималар қилиш кераклигини ҳам тушуниб турибман - қайси ҳолатда футболчилар қаерда туриши кераклигини, қайси ҳолатда голлар урилишини... Барчасини ўйиндан ўйинга ўзгартириб борамиз. Бизда жамоа янги, барчасини ўзгартириш учун вақт кўп эмас. Йиғинлар давомида ҳам барчани 100 фоизга кўриб олишнинг имкони бўлмади. Чунки биринчи йиғинда терма футболчилари миллий жамоада бўлишди. Кейинчалик легионерлар кечроқ қўшилишди. Шу сабабли чизиқлар орасидаги ўзаро тушунишни шакллантириш учун вақт керак. Тушунарли, бу расмий ўйинлар. Секинлик билан яхшиланиб боришимизга ишонаман.
- Майдонда "бузувчи" ва "қурувчи" жамоалар тўқнаш келди. Кейинги сафар шундай ҳолат бўлиб қолса, ҳимояни ёриб ўтиш нима қилиш керак бўлади?
- Ушбу ўйин биз учун кўп нарсаларга ойдинлик киритади. Биз ҳимояни ёриб ўтиш учун бошқа тактика, йўлларни қўлласак ҳам бўларди. Бу ўйинни тахлил қиламиз, йигитларга кўрсатамиз. Кейинги ўйинда тартибли ўйнашга ҳаракат қиламиз. Акс ҳолда ўйин охирида нималар бўлишини билиб турибмиз. Рақиб жамоа очиқроқ ўйнаса, осонроқ бўлиши мумкин. Агарда жамоани тўғри йўналтирса, ёпиқ ўйнайдиган рақибни ҳам ютиш мумкин.
- Ҳусайн Норчаев қачон сафга қайтади?
- Норчаев ҳозир Италияда даволаниш жараёнида. Барчаси тугагандан кейин у бизга етиб келади ва жамоага қўшилади.
- "Бухоро" дастлабки икки ўйинда ғалаба қозонди. Ҳозир дунё футболида бурчак зарбаларига эътибор катта. "Навбаҳор" бу зарбаларга тайёргарлик кўряптими?
- Биринчи ўйиндаёқ стандартларни кўриб олдик ва йигитларга тушунтирдик. Шунда ҳам блокдаги футболчиларимиз хатога йўл қўйди. Рақиб осонликча сакраб, гол уриб кетяпти. Ҳеч ким тўсқинлик қилмади. Бу индивидуал хато. Буни ҳам кўриб чиқамиз. Умуман олганда стандартларга ҳам тайёрлангандик.
- "Арсенал" мисолида қарасак, бурчак зарбаларига эътибор ошиб кетди, десак бўладими?
- Исталган стандартга тайёрлангандик. Тўп ҳам рақибнинг сакрайдиган жойига борди. Тўп озгина тепароқдан ёки бошқа томондан ҳам ўтиши мумкин бўлганди. Лекин биз рақибга имконият бердик. Шу боисдан ҳар бир ўйинда стандарт катта роль ўйнайди.
- Мураббий сифатида термада ишлашни афзал кўрасизми ёки жамоада?
- Мен иккаласида ҳам ишладим. Бу ерда тайёргарлик бошқача бўлади. Термада маълум вақтда жамоани йиғиб, фақатгина вазифани бажариш керак бўлади. Жамоада эса доимо бир хил режимда ишлаш керак. Мен учун иккаласи ҳам қизиқарли. Иккаласида ҳам ишлаш қийин. Лекин натижаларга эришиш керак.
- Жамоангиз узоқ масофадан зарбалар бермади. Бу Сизнинг кўрсатмангизмиди?
- Имконият бўлганда узоқдан тепишни ҳам билиш керак. Лекин бунинг учун жамоани тўғри тайёрлаш керак. Менга қолса тўпни жарима майдончаси ичига ташлаш керак. Биз кўп бундай қила олмадик. Тўпни кўп ушлаб қолдик. "Бухоро" жамоаси ҳам яхши ҳимояланди, имконият бермади. Бироз сабрли бўлиб, тўпни кўпроқ жарима майдончаси ичига ташлаб, курашишимиз керак эди, шунда имкониятлар кўпроқ бўларди. Охирида буни қўллашни бошладик ва бир қанча имкониятлар бўлди. Барчасини кўриб чиқамиз, тахлил қиламиз ва ҳулоса чиқарамиз.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди
Суперлига. "Нефтчи" "Андижон"ни йирик ҳисобда мағлуб этди, Искандеров ўйинни ҳал қилди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Фикрлар