Терма жамоа дарвозабони, Қосимовни ютган мураббий, 21 ёшли футболчи — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари
02 окт 19:30
Янгиликлар


Терма жамоа дарвозабони, Қосимовни ютган мураббий, 21 ёшли футболчи — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари
Championat.asia сайти талқинига кўра, 23-турнинг энг яхши дарвозабони – Ботирали Эргашев ("Нефтчи")
"Нефтчи" бу тур Жиззахда "Сўғдиёна" билан беллашди ва сафардан 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Терма жамоамиз аъзоси ўйин давомида 7 марта рақиб зарбаларини қайтаришга эришди ва ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Championat.asia ходимлари муҳокамалардан сўнг Ботирали Эргашевни 23-турининг энг яхши дарвозабони деб топди.
Championat.asia сайти талқинида 23-турнинг энг яхши мураббийи – Максим Шацких ("Андижон")
Максим Шацких бош мураббийлигидаги "Андижон" ушбу тур ўз уйида Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалабага эришди. Қосимов бунга қадар мураббий сифатида "Андижон" билан 21 марта тўқнаш келган ва умуман ютқазмаганди. Шацких бошчилигидаги андижонликлар ниҳоят бу анъанага барҳам бера олишди. Шу тариқа, "Андижон" устози 23-турнинг энг яхши мураббийи дея эътироф этиди.
Championat.asia сайти талқинига кўра, 23-турнинг энг яхши футболчиси – Анвар Ҳожимирзаев ("Динамо")
"Динамо" бу тур Самарқандда "Шўртан"ни 2:0 ҳисобида таслим қилди ва чемпионлик учун курашни давом эттирди. Бу учрашувда "Динамо" етакчиси Анвар Ҳожимирзаев ҳисобни очди ва баҳс давомида фаол ҳаракат қилди. Шу боис, Анвар Ҳожимирзаев Championat.asia ижодкорлари томонидан тур футболчиси номига лойиқ кўрилди.
Championat.asia сайти талқинида 23-турнинг энг чиройли голи муаллифи – Амир Тўрақулов ("Бунёдкор")
"Бунёдкор" Қўқонда "Қўқон-1912" меҳмони бўлди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Баҳснинг 40-дақиқасида меҳмонлар ярим ҳимоячиси Амир Тўрақулов жарима майдони ташқарисидан кучли зарба билан гол урди. Айнан шу гол Championat.asia талқинида турдаги энг чиройлиси деб топилди.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар