

Кун дастуридан "Андижон" – "Бухоро", ОКМК – "Машъал", "Локомотив" – "Сўғдиёна" учрашувлари ўрин олган. Мазкур беллашувлар олдидан тажрибали мураббий Баҳром Ҳайдаров ўз тахминлари билан ўртоқлашди.
"Андижон" – "Бухоро" учрашувига тўхталадиган бўлсам, икки жамоа ҳам барқарор ўйин кўрсатмоқда. Тўғри, мавсум рестартини улар мағлубият билан бошлашди. Кейинги ўйинларда эса дуранг ва ғалаба қайд этишди. "Андижон"нинг ўз майдонида, мухлислари қаршисида ўйнашини ҳисобга олсак, баҳс мезбонлар фойдасига ҳал бўлади деб ўйлайман.
"Машъал" янги мураббий қўл остида 2 та ўйинда 4 очко ишлашга муваффақ бўлди. Жамоа янгича ўйин намойиш этмоқда. Аммо ОКМКнинг ҳолатини ҳам кўриб турибмиз — 2 та ўйинда ғалаба қозонишди. Миржалол Қосимов жамоаси жуда мазмунли ўйин кўрсатмоқда. Олмалиқликлар ўз уйида ғалаба қозонса керак.
"Сўғдиёна" ўтган турда жуда йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Шундай экан, энди улар мухлислари ва раҳбарият олдида ўзларини оқлашга, ушбу мағлубият тасодиф эканини исботлашга ҳаракат қилишади. Назаримда, "Локомотив" – "Сўғдиёна" учрашувида ғолиб номи аниқланмайди (дуранг бўлади)".


