Султонов, Ўринбоев, Мамасидиқов ва легионер мураббий: Суперлигада 6-тур лауреатлари
18 апр 2023 17:04
Янгиликлар
Султонов, Ўринбоев, Мамасидиқов ва легионер мураббий: Суперлигада 6-тур лауреатлари
Championat.asia ўтказилган баҳслар асосида тур лауреатларини аниқлади.
"Бунёдкор" посбони Суҳробжон Султонов Championat.asia сайти талқинига кўра 6-турнинг энг яхши дарвозабони деб топилди.
У ўзининг ажойиб ўйини орқали "Насаф" билан баҳсда жамоасининг дуранг қайд этишига катта хисса қўшди. Биринчи таймда рақибнинг пенальтидан тепган тўпини қайтаришга эришди ва бундан ташқари бир неча чиройли сейвларни намойиш этди.
"Металлург"нинг янги сардори Забиҳилло Ўринбоев Championat.asia талқинига кўра 6-турнинг энг яхши футболчиси дея эълон қилинди.
Тошкент вилояти дербисида ОКМКга қарши баҳсда Ўринбоев яна ҳужумчи ортида ўйнади ва жуда фаол ҳаракат қилди. Якунда "Металлург" 2:0 ҳисобида зафар қучди ва принципиал баҳсда 3 очкога эга бўлди.
"Олимпик" вакили Темур Мамасидиқовнинг "Бухоро" дарвозасига урган голи Championat.asia талқинига кўра 6-турнинг чиройли голи (ВИДЕО) деб топилди.
Ўнг қанотдан Жиянов узатган тўпни Мамасидиқов тўхтатмасдан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Эътиборлиси айнан шу гол "Олимпик"ка якунда ғалаба келтирди.
Яқиндагина "Металлург"га бош мураббий этиб тайинланган Веско Стешевич Championat.asia талқинига кўра 6-турнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.
Тошкент вилояти дербисидан олдин ОКМК ғалаба қозонишини кутганлар нисбатан кўпроқ эди. Аммо Бекободда Стешевич бошчилигидаги жамоа чемпионлик учун курашаётган Миржалол Қосимов жамоасини 2:0 ҳисобида таслим қилди. Тўғри Олмалиқ клуби сафида Турсунов қизил карточка олди, аммо бу "Металлург"нинг муаммоси эмасди.
Фикрлар