Стадионни ларзага солган ўша Алибобо Раҳматуллаев ҳозир қаерда?
21 окт 14:45
Янгиликлар


Стадионни ларзага солган ўша Алибобо Раҳматуллаев ҳозир қаерда?
Кейинчалик унинг ўйинларини ишқибозлар эсламай қўйишади, ҳатто. Футболчи учун бундан ортиқ бахтсизлик бўлмаса керак. Бироқ ўз жамоаси сафида биттагина учрашувда майдонга тушиб, қаҳрамонга айланганлар ҳам йўқ эмас. Ҳал қилувчи паллаларда мухлисларга биргина гол билан ёрқин лаҳзаларни туҳфа этган ўйинчи бир умр ёддан чиқмайди. Шундай футболчилардан бири, ўз вақтида "Бунёдкор"да ОЧЛдаги голлари танилган Алибобо Раҳматуллаевдир.
2012 йили Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финал босқичида иштирок этаётган, рақиб жуда кучли — Австралиянинг "Аделаида Юнайтед" жамоаси эди. Сафардан 2:2 ҳисобидаги дуранг билан ортга қайтган "қалдирғочлар"ни ғоятда оғир жавоб учрашуви кутарди.
Икки жамоа ҳам бир-бирига очиқ футбол таклиф этди. Асосий вақтда 2:2 ҳисоби қайд этилгач, бош ҳакам Али Абдулнаби "экстра-тайм"ларга мурожаат қилди. "Бунёдкор" вакиллари ҳам, "Аделаида" аъзолари ҳам хаёлан пенальтилар сериясига тайёргарлик кўришни бошлаб юборишганди, фақат Алибободан ташқари. Учрашув якунланишига 5 дақиқа қолганида, иқтидор соҳиби тезда марказга йўл олди ва шеригининг қарама-қарши қанотдан ошириб берган тўпини боши билан дарвозанинг юқори бурчагига жойлаб қўйди. Бутун стадион ларзага келди, боиси, "Бунёдкор" ўз тарихида иккинчи маротаба нуфузли мусобақанинг ярим финалига чиққанди.
Юқоридаги учрашув сценарийси 2014 йилда ҳам такрорланди, фақат бу сафар рақиб Саудия Арабистонининг "Ал-Фатҳ" клуби бўлди. Ўйин даражаси ўта юқори, ютган жамоа кейинги босқичга чиқиш учун яхшигина имкониятга эга бўлади. "Пахтакор" марказий стадионида бўлиб ўтган мазкур баҳсда футболчиларни майдонга Қосимовнинг ёрдамчиси Александр Волков бошлаб тушганди, чунки бу пайтда Миржалол Қўшоқович асосий эътиборини миллий жамоага қаратганди. Учрашувда Олег Зотеев дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб, ҳисобни очди. Бироқ кейинчалик саудияликлар иккита гол уриб, олдинга чиқиб олишди. 70-дақиқада Воҳид Шодиев боши билан тўп киритиб, мувозанатни тиклади. Сўнгги дақиқалар яқинлашиб бораётганда Волков майдонга Алибобо Раҳматуллаевни туширди. У эса яна бир бор тўпни ажойиб тарзда тўрга йўллаб, жамоасига муҳим ғалабани тортиқ қилди. Бу сафар "Пахтакор" стадиони ларзага келди. 2 йил аввалги байрамона муҳит қайтарилгандек.
Гарчи кейинчалик Раҳматуллаев ички чемпионат баҳсларида рақиблар дарвозасини бир неча бор ишғол қилган бўлса-да, айнан мана шу икки халқаро ўйиндаги қаҳрамонлиги эсдан чиқмайди, чунки бу учрашувларда у олтинга баробар голларни урганди.
Ўша йили иккинчи даврада янги мураббий Сергей Лушан иқтидорли вингерни кўздан қочирди, шекилли, унга умуман имконият бермай қўйганди. Ваҳоланки, у ўша йилнинг иккинчи даврасида ўринбосарлар сафида битта ўйинда учталаб голлар урар, ўзини кўрсатишга ҳаракат қиларди.
Клубни тарк этишдан ўзга чораси қолмаган Раҳматуллаев "Пахтакор" билан шартнома имзолади. Унинг янги клубида қолиши деярли аниқ бўлиб улгурганда, "Бухоро"га янги тайинланган Александр Мочинов уни ўз жамоасига таклиф қилди. Натижада, Алибобо "шерлар" билан шартномани бекор қилиб, Бухоро сафида Туркия йиғинига отланди. Ушбу мутахассиснинг кўҳна шаҳарда иши юришмади. Шу боис, биринчи давра якунига етганидан сўнг, Алибобо "Навбаҳор"га ўтади. Орада Озарбайжоннинг "Реван" жамоасидан келган чорловни қабул қилиб, маълум вақт у ерда ҳам тўп тепди. Афсуски, хориждан ўзбек ўғлони ортга қайтишга мажбур бўлди: "Реван" раҳбарияти маошларни вақтида тўламай, барча футболчиларга жавоб бериб юборганди.
Кетма-кет клуб алмаштириш бир неча йиллар олдин қаҳрамон сифатида тан олинган Алибобонинг ўйини борган сари пасайиб бораётганидан далолат эди. Аввалги формасига қайтишни истаган иқтидор соҳиби навбатдаги мавсумни "Қўқон-1912" таркибида бошлади ва кўп ўтмай яна Наманганга қайтди, чунки "лочинлар"нинг янги бош мураббийи Рашид Ғофуров "Бунёдкор" тизимидаги собиқ шогирди билан ишлаш истагини билдирганди. Ўша мавсум "Навбаҳор"да инқироз ва мураббийлар қўнимсизлиги кузатилди. Раҳматуллаев эса ижара асосида "Андижон"га ўтди. 2017 йилда Виктор Кумиков бошчилигидаги ОКМКда мавсумни бошлади, лекин захира ўриндиғида қолиб кетди. "Кончилар" сафини тарк этган Алибобо Раҳматуллаев кейин бошқа жамоаларда кўриниш бермади. Унинг АҚШга йўл олгани ҳақида миш-мишлар ҳам тарқалди. Кейинчалик сайтимизга берган интервьюсида бунга аниқлик киритиб ўтди.
Собиқ тўп тепар футболчилик фаолиятининг охирги йилларини Қозоғистонда ўтказди ва икки йил олдин бутсаларини михга илишга қарор қилди. Бугунги кунда Алибобо Раҳматуллаев Тошкентда хусусий болалар футбол мактабида ёшлар билан ишлаб, ўз тажрибаси билан бўлишмоқда. Шу билан бирга мураббийлик билимларини мустаҳкамлаш мақсадида доим изланишда давом этмоқда.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар