Слот – Гвардиолани АПЛнинг бир мавсумида икки марта мағлуб этган "Ливерпул"нинг биринчи мураббийи!

Sherzod Nurmatov
24 фев 2025
"Манчестер Сити" 23 февраль куни Англия Премьер-лигасининг 26-тури доирасида "Этихад" стадионида "Ливерпул"ни қабул қилди.

Учрашувнинг 14-дақиқасида венгриялик Доминик Собослаининг узатмасидан сўнг мисрлик Муҳаммад Салоҳ "шаҳарликлар" дарвозасини ишғол қилди ва мерсисайдликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 37-дақиқада "Ливерпуль" "Манчестер Сити" дарвозасига иккинчи тўпни киритди. Бу сафар Салоҳнинг узатмасидан кейин Собослаи дарвозани аниқ нишонга олди.

Учрашувнинг иккинчи бўлимида гол урилмади ва "Ливерпуль" сафарда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа Арне Слот АПЛ бир мавсумида Пеп Гвардиолага қарши ғалаба дублини расмийлаштирди. Ва у бу ишни биринчи уринишдаёқ амалга оширди!

Биринчи даврада Слотт бошқарувидаги "қизиллар" "Энфилд"да 2:0 ҳисобида зафар қучганди.

"Ливерпуль" 64 очко билан АПЛда ишончли тарзда пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўриндаги "Арсенал" ҳисобида 53 очко бор. "Манчестер Сити" 44 очко билан 4-ўринда қолмоқда.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: ESPN