Сергей Лушчан: "Агар вазият шундай давом этса, мундиалга чиқиш учун яна ўн йил вақт керак бўлади. Чемпионатимиз савияси яққол пасайди, чунки..."

12 сен 2026, 01:32
Суперлига 22-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Машъал" (3:0) баҳсидан сўнг муборакликлар бош мураббийи Сергей Лушчан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Ўйин жиҳатидан бир нимага эришишимиз мумкин бўлган даражадаги иккинчи ўйинимиз бўлди. Таркибни тубдан ўзгартирдик. Ҳозирча йўл охирида нур борлигини кўрдим дея олмайман. Сўнгги тўққиз ўйин давомида йигитлар менинг кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришди. Бугун олтита ёш футболчини майдонга туширдик. Биринчи ўйин ёмон ўйнашмади. Шундан йўлда давом этсак, қачондир ижобий натижа бўлишига ишонаман. Ўзи, бошқа ўйинчиларимиз ҳам йўқ-ку", - дея гап бошлади Сергей Лушчан.

- Ижобий натижа сиз учун нима?

- Биринчи навбатда ўйин сифати. Асосан ҳимояда. Ҳимоямиз шунчаки даҳшатли, дастлабки 10-15 дақиқада гол ўтказиб юборяпмиз. Ҳар доим қўпол хатога йўл қўямиз. Бугун ҳам шундай бўлди. Бугунги ўйинимиз менга ёқди. Сабаби, ўтган учрашувлардан фарқли ўлароқ. Ўйиндан олдин йигитларнинг юзига қараб, бугун ижобий натижа қайд эта олмаслигимизни кўрмадим. Аввалги ўйинларда эса ҳолат шундай эди. Бугун биринчи бўлимда сал-пал муносиб кўриндик. Ҳимояни буткул ўзгартирдик. Икки ҳафталик танаффус давомида бироз ўйинимизни яхшилаб оламиз деган умиддаман. Ёшлар менга ёқди.

- "Локомотив" Про Лигага тушиб кетган мавсумда, хаттоки ҳисобда олдинга чиқиб олиши билан ўйинни ташлаб юборарди. Менимча, ушбу ҳолат руҳий жиҳат билан боғлиқ эди...

- Юз фоиз. Мен ҳам йигитлар билан шу ҳақда гаплашдим. Йигитларга барчасини унутиш кераклигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Агар инсон энг қуйи нуқтагача тушиб, яна кўтарилсагина у кимдирга айланади. Сабаби барчасини енгиб ўтган бўлади. Ҳозир энг пастки нуқтадан қўзғала олишимиз керак. Ҳозир ўзимизга бўлган ишонч йўқ. Ҳатто машғулотларда ҳам. Мураббийлар штаби ҳам ушбу вазиятни юмшата олмаяпти. Машғулотларда йигитлар жуда ишончли кўринади. Ўйин куни эса худди бошқа инсондек. Шунинг учун таркибни тубдан ўзгартирдим. Ёшларни таркибга қўшдик. Улар энди исботлашлари керак. Хоҳиш бор.

- Ойлик масаласи бўйича вазият қандай?

- Яқинда пул тушган эди, йигитлар бироз нафас ростлаб олишди. Энди иккинчи маротаба пул тушиши, фақатгина август ойи учун пул тўланиши керак. Шуни кутяпмиз, пул тушса, бироз ўзимизга келиб оламиз. Ойликсиз ишлаш барчага қийин.

IMG_6164.JPG

- Ўз вақтида "Машъал" академияси энг зўри эди. Ҳозир академияда ишлар қандай? У ердан чиқаётган ёшлар ҳақида нима дейсиз?

- Мен "Машъал" академиясига 2008 ёки 2009 йил бир марта борганман. Ҳа, ўшанда у ҳақиқий академия эди. Ҳозир эса академия йўқ. Балки "қоғоз"да ҳали ҳам бордир. Академия фаолият юритиши учун ҳомий керак. Ҳозир асосий жамоанинг ҳомийси йўқ. Академия ҳақида гапиришнинг ўзи ғалати. Олдин газ қазиб олувчи компания ҳомийлик қиларди. Футбол шундай спорт тури. Доимо пул билан таъминланиб туриши керак. Мамлакатда ёшлар футболига ҳам эътибор қаратилмоқда, аммо ҳозирги кунда "Бунёдкор" ва "Машъал" академияларини мана шундай ҳолда кўриш ачинарли. "Бунёдкор" академияси кетма-кет уч йил давомида Осиёда энг зўри бўлганди.

Биласизми, мундиалда иштирок этишимизнинг асосий сабаби - академияларнинг фаолияти. Мен 2015 йилда агар мундиалга чиқсак, Шукуров ва Шомуродов авлоди билан ушбу вазифани уддалаймиз деган эдим. Бир футболчини ўн йиллар давомида тарбиялаймиз. Тизим узоқ вақт давомида қурилади. Уни йўқ қилиш эса бир дақиқалик иш. Менимча, икки ёки уч мавсум олдинги даражаси билан солиштирсак, чемпионатимиз даражаси пасайгани сезилди. Бу фақатгина менинг фикрим эмас, бошқа мутахассислар ҳам шундай ўйламоқда. Пасайиш яққол сезиларли даражада. Менимча, ушбу муаммонинг асосий сабаби - клублардаги молиялаштириш камайиб кетганидан. Ҳозир ҳамма қийналмоқда, деярли барча клублар. Бундай шароитда ўсишга эришиш қийин. Ҳамма ерда пасайиш ва "деградация". Агар аҳвол шундай давом этаверса, мундиал масаласи янада қийинлашиб қолади. Авлодлар алмашган бўлади-ку. Яна ўн йил вақт керак бўлиши мумкин. Бу менинг фикрим, балки кимдир бошқача фикрлаётгандир.

"Бунёдкор"га роса ачиняпман. Бундай ҳолатни кўриш оғриқли. Бундай тизимни барбод этиш жуда катта хато. Тўғри, клуб раҳбарияти қаердадир хатога йўл қўйгандир. Лекин шунинг учун ҳам давлат қўллови бор-ку. "Машъал" академияси ҳақида сўрадингиз. У ерда ҳозир ҳеч нима йўқ. Фақатгина маҳаллий йигитчалар шуғулланишмоқда. Авваллари эса бутун воҳадан, балки, республикадан ҳам ёш иқтидорлар йиғиларди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›