Самандар Шодмонов: «Қаршидан ҳеч бўлмаса дуранг билан қайтишимиз мумкин эди»

Narzulla Saydullayev
10 май 2016
Олий лига саккизинчи турининг «Насаф» — «Қизилқум» учрашуви (2:0) якунлангач, навоийликлар ярим ҳимоячиси Самандар Шодмонов ўз фикрларини билдирди.
— Қаршида жамоамиз ёмон ўйин намойиш этмади, — дейди Самандар Шодмонов. — Гарчи, «Насаф» футболчилари тезкор гол киритиб, жамоамизни қийин аҳволда қолдирган бўлса-да, учрашувнинг иккинчи бўлимида ўйинда етарли ташаббусга эга бўлдик. Афсуски, яратилган голли вазиятлардан самарали фойдалана билмадик. Агар майдонда совуққонроқ ҳаракат қилганимизда Қаршидан ҳеч бўлмаса дуранг билан ҳам қайтишимиз мумкин эди.

Ўйлайманки, бу ўйин мен ва жамоадошларим учун келгусида жиддий сабоқ бўлади. Машғулотларда астойдил тер тўкяпмиз. Аммо қулай имкониятларни голга айлантиришда оқсаётганлигимиз бор гап. Хато-камчиликларни бартараф этсак, кейинги баҳсларда албатта мухлисларни қувонтирамиз.

«Қизилқум» ПФК матбуот хизмати.



Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia