UZ

Сўнгги янгиликлар

14:13Суперлига. "Олимпик" - "Бунёдкор". Таркиблар маълум  0 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  0 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  4 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  0 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  0 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  14 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  2 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  6 08:45Аморим «Манчестер Юнайтед»да нималарни ўзгартириш кераклигини айтди  1 08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  5 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  1

Роберто Баджо: “Футболга имконим боридан кўпроғини берганман” Янгиликлар

Роберто Баджо: “Футболга имконим боридан кўпроғини берганман”

Роберто Баджонинг майдонда амалга оширган ишларини буюк рассом Рафаэлнинг ишларига қиёслашган.

Фаолиятида ўртача ҳар 2 ўйининнг бирида гол урган италиялик футболчи Нобел ассоциациясининг жаҳон тинчлиги учун курашдаги соврини билан мукофотланган. Уни жаҳонда жуда яхши танишади. Италиялик ҳамкасбларимиз Баджо билан мулоқот уюштиришди.

– Фаолиятингизни тугатганингизда буни озодлик деб изоҳлагансиз.

– Эркин бўлиш ҳақида гапирганимда бутсаларимни михга илиб, ўзим дуч келган жисмоний оғриқ ва азобларни назарда тутгандим. Охирги йилларда бу одатий ҳолга айланганди. “Брешия”да ўйнаганимда учрашувдан кейин 2 кун оғриқ билан юрардим. Уйга келиб, машинадан қийинчилик билан тушардим. Бир оёғимни қўйиб, кейин эшикка суянардим. Кейинги якшанбада эса яна ўйнардим. Оғриқ қолдирувчи уколлар билан, албатта.

– Демак, кўп йилларингизни бағишлаган ўйинни ўйнашдан тўхташ сиз учун эркинликка чиқиш бўлган, шундайми?

– Ҳа, фақат жисмоний томондан. Шахсий ва руҳий тарафлар бўйича ҳам. Мен футболга имконим даражасидан кўпроқ нарса бердим. Ўша ҳолатда ўзимни бахтли ҳис қилгандим. Ортиқ нарса қила олмасдим. Эришган нарсаларимдан хурсанд бўлганман. Охирги чемпионатни якунлаганимда “Сан Сиро”даги олқишлар, терма жамоа учун ўйнашни тўхтатганимда Генуядаги қарсаклар оғриқларимга компенсация вазифасини ўтаб берган.

– Синовингиз жуда вақтли, 1985 йил Риминида бошланган. Сиз 18 ёшда майдонга тушардингиз.

– Ҳа, ўшанда дебютим рўй берганди. Мени феномен деб номлашганди, лекин ҳақиқат мени тезда ерга туширган. Жиддий жароҳат олганим сабабли ростдан ерга тушгандим. Тиззамдан ва боғловчи тўқималарим шикастланганди. Шифокорлар оёғимга қараб, бошларини қимирлатган ва футболга қайтишим қийин бўлишини айтишганди. Тиззамдан жами 6 операцияни бошдан кечирдим. 4 марта ўнг ва 2 марта чап тиззамдан. Ўша пайтларда мениск операцияси хавфли саналарди, ҳозир эса оддий нарсага айланган. Операцияларим жуда қийин бўлганди. Лекин қийинчиликларни енгиб ўтиш учун ҳеч қачон курашдан тўхтамаганман.

– Энг қийин операцияни Флоренцияда бошдан кечиргансиз.

– Ўшанда тиззамдан операция бўлгандим. Оғриқ қолдирувчи уколни аллергия сабабли қабул қилолмасдим. 220 марта ип тикишган. Даҳшатли бўлганди! Онамга мени ёқтирса, ўлдириши кераклигини айтгандим. Жисмоний азоблар туфайли ёмон ҳолатда эдим. Кўниккан ҳаётим қўлдан чиқиб кетаётганига чидай олмасдим. Икки ҳафтада 12 килограммга озганман. Ҳеч нарса емай, тинимсиз йиғлаганман. Жуда қийин ҳолатларга дуч келганман. Ҳар сафар курашишда давом этиш учун куч топардим. Ўзимга охиригача боришим кераклигини айтганман. Характерим борлиги ва омаддан кўра кучим кўпроқлигини исботлашни хоҳлагандим. Орзу бўлса, уни амалга оширишга ҳеч қандай тизза халал бермайди.

– Бундай қийинчиликларга дош бериш учун футбол сизга жиддий иштиёқ берган бўлиши лозим.

– Футбол ҳамиша интилишим бўлган. Ҳожатга ҳам тўп билан борардим. Ҳар доим жаҳон чемпионати финалида Бразилия терма жамоасига қарши ўйнаётганимни тасаввур қилардим. Шундай экан, мен орзусини рўёбга чиқарган инсонлар қаторига кираман. Кўп азият чекдим, йиғладим, қўрқдим. Лекин менинг куним келди.

– Табиат сиз учун нимани билдиради?

– Бу хурсандчилик. Мен табиат билан бир бутунликда яшайман. Ўзимни табиат қўйнида яхшироқ ҳис қиламан. Ёлғиз бўлишни ёқтираман, бунинг учун ўрмон ёки дарё қирғоғидан яхшироқ жой йўқ. Овозлар деярли йўқолади ва сен сукунат билан ёлғизликда қоласан. Шундай тарзда кўп вақтимни ўтказаман. Ўзим тўқнаш келган қийинчиликлар ва қилган хатоларим ҳақида ўйлайман.

– Айнан қайси хатолар ҳақида?

– Мен юқорига тепиб юборган пенальти ҳақида.

– Характерингиз мураббийлар билан тил топишишга халал бергани тўғрисида гапиришади.

– Бундай эмас. Ҳамкасбларим билан доимо муносабатларим қалин бўлган. Улардан ҳамиша қандай ўйнаганим ва ўзимни қандай тутганим ҳақида сўрардим. Футболда футболчилар муҳим деб ҳисоблаганман. Албатта, мураббий ўйинчига яхшироқ хусусиятини очишга ёрдам бериши мумкин, лекин тўпни қайтарадиган, пас берадиган ва дарвозага тепадиганлар барибир ўйинчилар бўлади. Футбол – бу футболчилар.

– Мураббийлар билан доимо яхши чиқишмагансиз.

– Инкор этмайман, қийинчиликлар бўлган. Мухлислар билан муносабатим ҳамиша ажойиб кечган. Ҳаммага ёқмаган пайтимда ҳам. Ўша вақтларда футболчининг обрўсини йўқ қилиш учун биргина салбий тарих етарли эди. Ҳозир барчаси очиқроқ. Мен кимгадир айланиш ёки мен ҳақимда кўп гапиришларини ёқтирмайдиганлар тоифасидан эдим. Бу ўзини катта олиш эмас, босиқлик эди. Ҳеч қачон эътибор марказида бўлишга интилмаганман. Кўпчилик мени у ерга хоҳишимга қарамай, қўярди.

– 1994 йилги жаҳон чемпионатида Норвегия билан учрашувда Сакки сизни Пальюка четлатилгандан кейин алмаштирганда хурсанд бўлмагансиз.

– Сиз шундай қилармидингиз? Футболни ёқтирганлар уни ўйнашни исташади, томоша қилишни эмас. Кимдир майдондан хурсанд чиқиб кетаётса, ундан хавотирга тушиш керак. Бу худди кўча футболидек, унда ҳеч ким ва ҳеч қачон майдондан чиқишни хоҳламайди. Лекин кўп ўйланиб, Сакки тактика тарафдан тўғри қарорга келган деб хулоса чиқарганман. Ҳиссиёт ҳолатида бу нарса менга ишониб бўлмасдек туюларди. Лекин бизда фақат ҳиссиётлар эмас, ақл ҳам бор.

– Фаолиятингиздаги энг яхши вазият қайси?

– Айта олмайман. Балки, у бўлмагандир. Жароҳатлар мени ҳар бир қувончли лаҳза бошига қайташ билан якунланиб қолиши мумкинлигини ўргатди. Бу менга ҳар бир кун аввалгисидан яхшироқ эканлиги ҳақида ўйлашга ёрдам берди.

– Бу 1994 йилги жаҳон чемпионатига ҳам тааллуқлими?

– Кўпроқ деса ҳам бўлади. Тасаввур қилинг, бу қандай ҳодиса бўлганди. Болаликдаги орзум амалга ошди. Мен жаҳон чемпионатидаман, ҳар бир учрашувда олдинга қараб қадам ташлаганмиз. Иккинчи ўйиндан мен тўп киритишни бошладим. Ҳар сафар голимни нишонлаганимда итальянлар уйларида нима рўй бераётганини ўйлардим. Кейин пенальтилар серияси рўй берди ва мен хато қилдим. Ўлаётганимдек туюлганди. Ўшанда ҳам ватандошларимнинг муносабати тўғрисида ўйлардим. Қийин бўлганди. Ҳозиргача тинчланмадим. Ўшанда трибуна томон итальянлар билан бир хил бўлган орзуларимнинг бахтли якунини йўлладим. Ҳалигача бундан афсусдаман.

– Сиз ўйнаган қайси терма жамоа кучлироқ эди?

– Учта мундиалда ўйнаганман. Ҳар уч жамоа жуда кучли эди. Ҳар сафар биз пенальтилар сериясида ютқазганмиз. 1990 йил биз жуда кучли бўлганмиз. 6 ўйинда ютиб, биттасида дуранг ўйнаганмиз. Шунинг ўзи бизни 3-поғонага жўнатишга етганди. Яна омад ҳам керак. Бизда у бўлмаганди.

– Агар 1998 йил ажойиб зарба ноаниқ эмас, дарвозага тўғри кетганда...

– Ҳозир биз бошқа чемпионат ҳақида гапираётган бўлардик. Ўша чемпионатни ютишимиз мумкин эди.

– Қайси голингизни энг чиройли деб ҳисоблайсиз?

– Эҳтимол, “Брешия” сафида “Аталанта”га урилган голни. Тўпни дарвозабон устидан чиройли тушириб қўйганман. Ёки Римда киритган тўпимни шундай деб айтиш мумкин. Барчаси танлов лаҳзасига боғлиқ.

– “Брешия”ни кўп тилган оляпсиз. Ва сиз фақат яхши гапирган мураббийни, Карлетто Маццонени.

– Унга фақат миннатдорчилик билдиришим мумкин. У менга ишонган ва футболда яна 4 йилни ўтказишимга ёрдам берган. Ажойиб йилларни. У яхши ва тўғри инсон. Одатда дунёда йўлларимиз иккиюзламачи, қўрқоқ инсонлар билан тўла бўлади.

– Ҳимоячилардан кўплаб зарбалар қабул қилгансиз. Бироқ ҳимоячилардан бошқа танловга ўрин қолдирмагансиз.

– Зарбаларга кўникканман. Ҳимояланишга интилганимда янада кўпроқ зарбалар олардим. Зарба беришга ҳаракат қилганимда янаям баттар. Ўшанда майдонда бўлган 3 нафар ҳакам доим ҳам буларни кўрмай қоларди. Сариқ карточка олишдан аввал ҳимоячилар икки марта мени тепишга улгуришарди. Ўшанда ҳозиргидек нималар деганингни ҳам ўқишга ёрдам берадиган камералар сони кўп эмасди. Ўзимни яхши ҳис қилсам, улар мени пулемёт ёрдамида ҳам тўхтата олишмасди. Ёмон ҳолатимда 3 яшар болакай ҳам буни уддаларди.

– Ғалаба сиз учун нима?

– Спортда бу мақсадга етишишдир. Бу меҳнат натижаси, фақат иқтидорнинг эмас. Ҳаётда сен қилаётган нарсаларнинг қувончидир.

– Хафалик-чи?

– Ҳамиша одамларни хурсанд қилишни хоҳлаганман. Бу насиб этмаса, мен учун қайғули эди. Ўйнамаган пайтимда мен учун афсусланарли бўларди. Бошқаларга хизмат қилиш мени илҳомлантирган. Барча масъулиятни ҳис қилганман.

–Балотелли ҳақида қандай ўйлайсиз?

– У билан гаплашишни истардим. Агар бу охирги имконият бўлмаса, охиргидан битта аввалгисидир. Агар ҳозир ўзгариш рўй бермаса, кейин муаммога дуч келади. Фақат афсус қолади. Уни жаҳондаги энг кучли футболчилардан бири деб ҳисоблайман. У ўзи бўлиши керак бўлмаган инсонга айланишга уринаётгандек таассурот қолдиради.

– Ўйнаган 7 жамоангиздан қай бирига боғлангансиз?

– Ҳаммасига. Ўзим ўйнаган клубларга мухлислик қилганман. Лекин севимли жамоам сифатида “Бока Хуниорс” қолади.

– “Ювентус”га ўтишга ҳаракат қилмагандек кўрингансиз.

– Жамоага қарши ҳеч нарсам йўқ эди. Шунчаки Флоренцияда қолишни хоҳлардим. Клуб ўшанда яхши йўл тутмаган. Олдиндан бирор гап айтмай, мени сотиб юборишган. Мухлисларга ҳеч қаерга кетмаслигимни айтганман, кейин клуб мени огоҳлантирмасдан сотган. Ўшанда шундай қилиб, барча айбни футболчиларга ағдаришарди. Худди улар пул учун кетгандек. Менинг мисолимда буларнинг бари ёлғон. Флоренцияликларга миннатдорчилик айтиш учун қолишни истагандим. Дастлабки 2 йилда умуман ўйнамаганман. Лекин мени кутишди ва ёқтиришди. Буни қандай унутиш мумкин? Бунақаси “Болонья”да такрорланган. 1997 йил мени “Интер”га сотишди. Чемпионат ўртасида, яъни январда. Лекин ишқибозлар абонементларни сотиб олишганди ва менинг ўйнашимни кутишарди. Шу сабабли трансфер ва пуллардан воз кечиб, мавсумни “Ренато Далл’Ара”да тугатишни истаганман.

Шу ўринда Баджонинг Флоренциядан Туринга кўчиб ўтиши қандай ҳодисага сабаб бўлганини келтириб ўтамиз. 1990 йил 18 май куни Антонио Кальендо матбуот анжуманида Баджонинг “Ювентус”га 11 миллиард лира эвазига сотилганини маълум қилди. Бу қарор тиффозиларнинг охирги сабр косасини ҳам тўлдириб юборди. Оломон тўпланиб, норозилик намойиш бошланади. Бу барчани бирлаштирганди. Норозилик билдирувчилар 5 минг атрофида эди. Полиция уларга қари кўздан ёш чиқарувчи газни қўллайди. “Фиорентина” президенти Понтелло офисни қўриқчилар ёрдамида тарк этади. Бироқ кечқурун кўчаларга Флоренциянинг барча аҳолиси чиқади. Понтелло тарафга тангалар учишни бошлаган. Унинг уйи бир километр радиусда ўраб олиниб, ҳудудга ҳеч ким киритилмаган. Бир қатор мухлислар терма жамоа шуғулланадиган Коверчанодаги базага бориб, Баджони ҳақорат қилган. Ўша кеча 11 нафар инсон жароҳат олган. Бир неча кундан кейин Понтелло клубни Витторио Чекки Горига сотиб юборган.

– Боргонова ҳақида қандай хотираларингиз бор?

– “Фиорентина”да бирга ўсдик. Бирга 32 гол урганмиз. Терма жамоага бирга таклиф олганмиз. У яхши футболчи ва ажойиб инсон бўлган.

– Футболда дўстлашиш мумкинми?

– Бу сўз мен учун кўп нарсани билдиради. Бу ресторанга хотининг билан бориш дегани эмас. Бу атрофингда ҳеч ким йўқлигида бирга бўлиш деганидир. Сени барча ирғитиб юборганда кимгадир суяниш мумкинлигидир. Бугун Туринда бўлдим. Бир инсон комада экан. Унинг қариндошлари у ҳамиша менга мухлислик қилганини айтишди ва мен билан учрашув ёрдам бериши мумкинлигига умид қилишаётганини билдиришди. Буни шунинг учун айтяпманки, ўзинг билмаган инсон билан ҳам дўстлашиш мумкин. Олиш учун бериш лозим.

– Замонавий футболда нима ёқмайди?

– Ҳозир жамоаларга футболчилар келмоқда, кетмоқда. Жуда тез. Буларни кузатиб бориш қийин. Шу сабабли клуб ва ўйинчиларга нисбатан бирор ҳисни туйиш мушкул.

– Нега федерациядаги лавозимингизни тарк этдингиз?

– Бюрократия кўп. Ўзгаришлар бўлмаяпти. Ҳамма ўзгаришлар рўй берса, бу ҳокимият тизими қулашига олиб келишидан қўрқади. Ёшлар футболи учун нимадир қилишни истагандим. Ҳар йили ёшлар пайдо бўлади. Бироқ тизим ва тузилма йўқ. Фақат пулни фойдасиз сарфлаш бор. Футболда ҳеч нарсани тушунмайдиган инсонларга қарши курашишимга тўғри келди.

– Италияда кимни энг иқтидорли ўйинчи деб ўйлайсиз?

– Шубҳасиз, Берарди. У менга жуда ёқади.

– Скудеттони ким ютади?

– Эшитинг, тушунаман, чемпионатни бундай бошлагандан кейин сўзларим ғалати янграр, лекин “Ювентус” бошқалардан кучли эканига ишонаман.

– Футбол бола учун нимани англатади?

– Орзу. Мен тонгда, тушда ва кечқурун орзу қилардим. Оёғимда тўп билан йиқилиш ва туришни ўргандим. Яшашни ўргандим. Балки, шу сабабли менга болаликдаги орзуларимни амалга ошириш насиб этгандир.

“Corriere dello Sport” нашридан олинди.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика