Қойил, Саудия ҳаммасини эплаяпти
10 янв 11:35
Янгиликлар
Қойил, Саудия ҳаммасини эплаяпти
Қизиғи шундаки, ушбу мамлакат бир пайтнинг ўзида Испания Суперкубогини ҳам ўзида қабул қилган ва шу билан бирга миллий чемпионат ўйинлари ҳам давом этмоқда.
U-23 Осиё чемпионати иккита шаҳарда жойлашган тўртта стадионда бўлиб ўтмоқда. Пойтахт Ар Риёддаги Prince Faisal Bin Fahd Stadium билан Al Shabab Stadium ва Жидда шаҳридаги King Abdullah Sports City Hall Stadium билан Prince Abdullah Al Faisal Sports City Stadium U-23 Осиё чемпионатига бириктирилган.
7 январь куни старт олган Испания Суперкубоги ўйинларини Жидда шаҳридаги энг ҳашаматли ўйингоҳ King Abdullah Sports City Stadium ўзида қабул қиляпти. Маълумот учун, ушбу стадион Саудия Арабистони спорт вазирлигига қарашли бўлиб, ўз бағрига 62,345 мухлисни сиғдиради. Испания Суперкубогидан ўрин олган ҳар учала баҳс шу стадионда бўлиб ўтиши белгилаб қўйилганини ҳисобга олсак, "Барселона" - "Атлетик" учрашувини кўриш учун 50 минг, "Атлетико" - "Реал" баҳсини кузатиш учун эса 55 минг мухлис ташриф буюрди.
11 январь куни бўлиб ўтадиган "Барселона" - "Реал" финал ўйини ҳам шу ўйингоҳда ўтказилади ва шу куни стадион лиқ тўлиши кутилмоқда. Иккита халқаро даражадаги мусобақа майли, Саудия Арабистони миллий чемпионати - Саудия Про Лигаси ҳам тўхтаб қолгани йўқ, тақвим бўйича тур ўйинлари давом этяпти.

Хусусан 2-4 январь кунлари 13-тур баҳслари ўтказилган бўлса, 8 январдан 14-турга старт берилиб, ҳозирча учта ўйин ўтказилди. Қолган ўйинлар бугун-эрта бўлиб ўтади. Саудия Про Лигаси тақвими шундай тузилганки, Жидданинг икки клуби - "Ал Иттиҳод" ва "Ал Аҳли" бу турни сафарда ўтказади. Бу эса King Abdullah Sports City Stadium ушбу оралиқда бўш бўлишини ва бемалол Испания Суперкубогини ўтказиш имконини беради.
Тақвимга кўра, "Ал Аҳли" навбатдаги уй учрашувини 14 январь куни "Ал Таавон"га қарши ўтказади. Бу пайтга келиб Суперкубок ўз ниҳоясига етган ва майдонни уч кун ичида кейинги баҳсга тайёрлаш керак бўлади. Ўйлаймизки, саудияликлар буни эплай олишади.
Гап бу ерда фақат бўш стадион топишда эмас. Маълумки, бирорта мусобақани қабул қилиш учун бир нечта критерияларни ҳал қилиб олиш лозим бўлади. Хусусан катта делегацияни кутиб олиш, меҳмонхонага жойлаштириш, ўйинга ва машғулотларга олиб бориш, ўйин вақтини белгилаш - учрашув ўтказиш билан боғлиқ ниҳоятда кўп масалалар борки, булар бир деганда ҳал бўлмайди. Ҳамма ишни жуда пухталик билан олиб боришга тўғри келади.
Биргина U-23 Осиё чемпионатига Саудия Арабистонига 15та давлат жамоаси ташриф буюрган, бундан ташқари Испаниянинг тўртта номдор клуби ҳам келганини инобатга олсак, ташкилий ишлар шу қадар кўпки, ҳаммасини пухта режа асосида ишлаб чиқишга тўғри келади. 90 дақиқалик ўйин атрофида керак бўлса 90 кунлик иш кутиб турган бўлади.

Бу ўринда Саудия Арабистонининг мақсади маълум: шу орқали Осиё ва Жаҳон эътиборини қозониш. Бежизга ОФК U-23 турниридан кейин 7-24 май кунлари бўлиб ўтадиган U-17 Осиё чемпионатини Саудияга бергани йўқ. Осиёдаги энг катта футбол мусобақаси - миллий терма жамоалар ўртасидаги Осиё Кубоги ҳам келаси йил айнан Саудия Арабистонида ўтказилади. Элит Осиё чемпионлар Лигасининг ўтган йилги чорак финал, ярим финал ва финал ўйинлари ҳам Саудияда бўлиб ўтгани ёдингизда. Ўтган йил ҳамма ўйинлар фақат Жидда шаҳрида ўтказилганди. Бу йил ҳам марказлашган тартибда шундай бўлади.
Саудия Арабистони спорт вазирлиги томонидан Vision 2030 лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳага кўра, 2030 йилга қадар мамлакат жуда катта халқаро мусобақаларни ўзида қабул қилиши керак. Аввалги йил Италия Суперкубоги шу лойиҳа бўйича ўтказилди. Эндиликда Испания Суперкубоги ўзига кўчирган давлат бу кетишда Европа чемпионлар Лигаси финалини ҳам қабул қилишдан чекинмайди. 2034 йилги Жаҳон чемпионати ҳам Саудия Арабистонига берилгани бежиз эмас.
Саудия Арабистони фақат футбол ўйинларига мезбонлик қилиш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Мамлакат бошқа спорт турларини ҳам қабул қилишга тайёр эканлигини анча олдин маълум қилган. Тобора машҳур бўлиб бораётган UFC жанглари, Формула-1 пойгаси шулар жумласидан. Эндиликда Саудия қишки спорт турларини ҳам ўзида ўтказмоқчи: биатлон, чанғида учиш - бунинг учун улар ҳатто сунъий қор майдони барпо этишга ваъда берган.
Х.Холиқов
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
U-23 Осиё Кубоги. Эрон билан дуранг ўйнадик. Гуруҳдан чиқиш масаласи охирги турга қолди
Испания Суперкубоги. "Реал" ярим финалда "Атлетико"ни мағлуб этди, финалда "эл класико" кўрамиз
Роналду кечаги мағлубиятдан сўнг ўз фикрини билдириб ўтди
Испания Суперкубоги. "Барселона" "Атлетик"ни ўта йирик ҳисобда таслим этиб, финалга йўл олди
Фикрлар
O‘sha gap, O‘zbekiston hamma sport turiga, talim tizimimi ijtimoiy himoyami hullas hamma narsaga sarflagan mablagdan ham kop sarflaydi Saudiya birgina futbolni o‘ziga.
Ўзбекистон давлат бюджети ҳаражатлари учун 2026 йилга 35 млрд доллар маъқулланган.
Бу рақам ўзгариши мумкун, лекин жуда катта фарқга эмас.
229 млрд доллар бу жуда катта пул.