Қирғиз Республикаси – Ўзбекистон учрашувига мезбонлик қилаётган Бишкек шаҳрида тартибни 3 минг полициячи назорат қилмоқда

Sherzod Nurmatov
10 сен 2024
Бишкекда Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйини вақтида жамоат тартибини сақлаш учун 3 минг нафар полициячи хизмат олиб боряпти.

Бу ҳақда kabar.kg хабар берди.

Учрашув бугун мамлакат пойхтахтининг янгиланган бош аренаси – Долен Омурзаков номидаги стадионда 19:00 да бошланади.

Футбол ўйинига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида жамоат тартибини муҳофаза қилиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 3 минг нафар ички ишлар ходими жалб этилган.

Полиция мухлислардан трибуналарга киришда хавфсизлик текширувидан ўтишини ҳисобга олишни, кўрилаётган хавфсизлик чораларини тўғри тушуниб, тиқилинч кузатилмаслиги учун стадионга икки соат олдин келиш лозимлигини маълум қилган. Шунингдек, стадионга шиша ва пластмасса идишлар, пиротехника маҳсулотларини олиб кириш тақиқланиши таъкидланган.

Championat.asia маълумотларга қараганда, бугунги учрашувни Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров бевосита стадионда кузатиб боради. 


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: kabar.kg