

Коронавирус туфайли “Белененсеш”нинг 17 футболчиси карантинда бўлгани учун баҳсда қатнашолмади. Жамоа мамлакат футбол федерацияга ўйинни бошқа кунга қолдириш бўйича сўров юборган, аммо ариза қаноатлантирилмаган. Натижада мезбонлар лиссабонликларга қарши баҳсни 9 киши бўлиб бошлашга мажбур бўлди.
Илк таймда “Бенфика” рақиб дарвозасига жавобсиз 7 та тўп киритди. “Белененсеш” 2-бўлимга етти футболчи билан чиқиб келди ва ҳакам хуштаги чалиниши билан улардан бири жароҳат олгани ҳамда ўйинни давом эттиролмаслигини кўрсатди. Шу тариқа, бош ҳакам “Насьональ”даги “томоша”ни муддатидан олдин тўхтатиб, мезбонларга 0:3 ҳисобидаги техник мағлубиятни ёздирди.




