UZ

Ўзбекка ҳужумкор футбол ярашади Янгиликлар

Ўзбекка ҳужумкор футбол ярашади

Эктор Купер бошчилигидаги ҳар иккала ўйинни кўриб ҳафсалам пир бўлди.

Ўртоқлик ўйинларида натижа ҳақида гапирмай турамиз. Чунки ўртоқлик учрашувлари асосан мураббийлар жамоадаги камчиликларни кўриб олишлари учун ташкил этилади. Эктор Купер биринчи ўйиндаги хатоларни кўрди. Мураббий иккинчи рақамда ўйнашга ўрганиб қолган Сурияга қарши ҳимоявий ўйинни танлади. Футболчиларда ҳужумга ўтиш хоҳиши бор эди, уларнинг кўзи ёниб турганди, лекин мураббий унамади, орқада тураверинглар дегандек ҳар замонда қўлини силтаб қўйди. 

Қизиқ, нега энди ўз майдонимизда Сурияга қарши ҳимоявий футболни танлашимиз керак? Агар рақиб Япония бўлганида ҳам майли эди. Жаноб Купер, Ўзбекистонда футбол тўп билан ўйналади, болалар футболида ҳам мураббийлар болани тўп билан ўйнашга ўргатишади, биз тўпсиз ўйнай олмаймиз. Биз жиззакимиз, қизиққонмиз, сал нарсага қизишиб кетамиз, чунки биз футболни тўпсиз ўйнай олмаймиз. Ҳужум қилиш бизнинг қонимизда бор.  

Жаноб Купер, бизда Сербия ёки кечаги Эронга ўхшаб бўйдор, бақувват ҳимоячилар йўқ. Биз метин ҳимоялана олмаймиз. Кўпи билан 20 дақиқа сиз хоҳлаётган футболни ўйнаб беришимиз мумкин, лекин 21-дақиқага келиб барибир гол ўтказамиз. Сиз биздан ҳимоявий ва тўпсиз футболни талаб қиляпсиз, лекин шунга яраша жамоа жисмонан бақувватми? Метин иродага эгами? Сиз бошқарган Миср терма жамоасида олдинда Салаҳ ўйнарди. Унинг бир ўзи ЖЧ саралаш босқичида 5та гол урди. 

Хўп, биз Сиз хоҳлагандек ҳимоявий ўйин қилайлик, лекин голни ким уради? Қачон пенальти бўларкин деб вақт санаймизми? Ёки Салаҳга ўхшаган кимнидир кўряпсизми? Жаноб Купер, бизга доим шундай ўргатиб келишган: футбол тўп билан ўйналади, ўзбекка ҳужумкор футбол ярашади. Ўзбек футболини чуқурроқ билмоқчи бўлсангиз, аввалги Осиё Кубокларидаги ўйинларимизни кўринг. 

Ҳатто ўз вақтида Юрген Геде ҳам тўп билан болаларни ўйнатган. Осиё Кубоги-2004да ақлли футбол намойиш этгандик. Осиё Кубоги-2007ни олайлик. Саудия Арабистони билан қандай "жанг" қилганимизни кўринг. Инилеев қўрқмай ҳужумкор футболни танлаганди. Ютқазганмиз, лекин кечагидек бошни эгиб чиқиб кетмаганмиз. 

Осиё Кубоги-2011да Австралияга 0:6 ҳисобида мағлуб бўлганмиз. Лекин халқ ҳалигача Абрамовни яхши кўради. Нима учун? Чунки Абрамов ҳужумкор футбол қанақа бўлишини кўрсатиб берганди. Биз ўшанда ҳеч кимдан қўрқмай ўйнаганмиз. Керак бўлса Австралиядан ҳам. Ҳатто 3-ўрин учун кечган баҳсда Корея дарвозасига 2та гол урганмиз. Ҳозир битта тўп кирита оламизми? Айнан шу Осиё Кубогидан кейин қанча футболчи хориж клубларига йўл олди. 

Мени бир нарса ўйлантириб қўйди: Сиз шундай ўйнашда давом этаверсангиз, биздан қайси футболчи четга кетади? Болаларни ҳимоявий ва бўғиқ футболга ўргатаман деб эртага Осиё Кубогида Уммон бизни ютиб қўйса нима бўлади? Туркманистон тенгма-тенг курашса-чи? Японияга-ку тайёр "гўшт" бўламиз. Японлар қараса рақиб ҳужумга ўтмаяпти. Улар бунақада эзиб ташламайдими. 

Кеча Эронга қарши ўйингизни кўриб менга футболчилар сиздан хафадек кўринди. Уларга сизнинг услубингиз ёқяпти дея олмайман, лекин ёқмади деб айтишим ҳам мушкул, чунки футболчи барибир мураббий айтганини қилади. Улар кеча тарихда биринчи марта Тошкентда Эронни ютишга ҳаракат қилишди. Биринчи таймда яхши ўйнаб тургандик, лекин Сиз айрим ўйинчиларни алмаштириш орқали иккинчи бўлимда ўйинни бўғиб қўйдингиз. 

Ана ундан кейин Эрон янаям енгил нафас олди. Эронга аслида шу керак эди. Эрон гол уриб олганидан кейин қаршисида Ўзбекистон миллий терма жамоасини эмас, шунчаки футболчилар йиғиндисини кўрди. Улар бемалол ўйнашди. Русчасига айтганда тўпни "катать" қилиб вақтни ўтказишди. Эрон агар хоҳласа шундай ўйинини 120 дақиқа қилиб берарди. 

Лекин гол ўтказиб юборганимиздан сўнг Сизда режа йўқлиги кўриниб қолди. Сиз ҳеч қандай ўзгаришни амалга оширмадингиз. Нима учун охирги 15 дақиқада Сергеевга ёрдам берадиган иккинчи соф ҳужумчини туширмаганингизни ҳалигача тушунмаяпман. Юқоридан яққол кўринди: футболчиларимиз ҳужумга ўтганда нима қилиш кераклигини билишмаяпти. Чунки Сиз болаларга ҳужум қилишни ўргатмагансиз. 

Ҳеч эътибор бердингизми, охирги 10 дақиқада биз умуман футбол ўйнамадик. Футбол қандай ўйналишини гўёки унутиб қўйгандик. Жаноб Купер, энди терма жамоа шу билан октябрда йиғилади. Албатта, унгача Сизда бўлиб ўтган иккита ўйинни кенг таҳлил қилиш учун вақт бўлади. Сиз шунингдек, Суперлига ва Ўзбекистон Кубоги баҳсларини ҳам кузатасиз. Келинг, кўринг, мураббийлар билан фикр алмашинг. Ўзбекка қанақа футбол ёқишини сўранг. Ўйлайманки, яқин бир ой ичида Сиз ҳам ўзгарасиз ва танлаётган футболингиз бизга фойда бермаслигини тушуниб етасиз.

Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +13   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
������.�������

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг