Ўзбекистон U-14 чемпионати. "Нефтчи" - "Қўқон-1912" учрашувидан сўнг мураббийлар нима деди?

Aslanov Jasurbek
4 окт 2021
Бугун Суперлига ва Про лига клубларининг U-14 жамоалари ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг биринчи тур учрашувлари бўлиб ўтди.

"Бунёдкор" академияси яшил майдонларида кечган илк учрашувда "Нефтчи" ва "Қўқон-1912" U-14 жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Қизиқарли ва юқори темпда ўтган баҳсдан сўнг икки жамоа мураббийлари фикрлари билан ўртоқлашди. 

Азамат Каримов ("Нефтчи U-14" бош мураббийи) - Мусобақадаги илк ўйинимизда болалар яхши ўйин кўрсатишди. Буни натижа ҳам айтиб турибди, 5:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Ташкилотчилар томонидан жуда яхши турнир йўлга қўйилган, дея оламан. Барча шароитларни яратиб беришди. Таркибимизда индивидуал кучли футболчилар йиғилган. Клуб раҳбарлари ҳам яхши эътибор қаратмоқда. Футболчиларимизнинг келажаги бор. Уларнинг устида янада кўпроқ ишлаймиз.

Наримон Асанов ("Қўқон-1912 U-14" бош мураббийи) - Бундай мусобақанинг ташкил қилингани болаларимиз учун жуда яхши бўлди. Уларнинг ўсишига хизмат қилади. Футболчилар ўйин амалиётига эга бўлишади. Мағлубиятга учраса ҳам муҳими ўзларига керакли хулосани чиқаришади, деб ўйлайман. Йирик ҳисобли мағлубият шогирдларимнинг руҳиятига таъсир қилмайди. Футболда кимдир ютади ёки аксинча ютқазади.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia