Акмал Рустамов: "Мухлисларимиз ғалабани жудаям соғиниб қолишганди"

24 апр 2026, 22:56
Суперлига 9-турдан ўрин олган "Қизилқум" – "Қўқон-1912" баҳси 2:1 ҳисобида якунига етди.

Ўйиндан кейин "Қизилқум" бош мураббийи Акмал Рустамов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Жуда чиройли учрашув гувоҳи бўлдик. Баҳс курашларга бой кечди. Йигитларнинг ҳаммасига раҳмат айтаман. Икки-уч нафар футболчимизда жароҳат бор, ҳали тўлиқ тузалишмади. Лекин бугун ўйнаганлар уларнинг йўқлигини билдирмади. Ўйин қийин кечди. Навоийда охирги марта "Андижон" устидан ғалаба қозонгандик ва бунга анча бўлганди. Мухлисларимиз ғалабани жудаям соғиниб қолишганди. Уларга ҳам катта раҳмат. Баҳс охирларида қулай вазиятлар бўлди, лекин фойдалана олмадик. Вазиятларни голга айлантириш устида ишлаяпмиз.

- Акмалжон Музаффаров бугун иккита гол уриб жамоага ғалаба келтирди. Бу футболчи ҳақида фикрингиз?
- Акмал яхши футболчи. У энди Суперлигада ўйнай бошлади. Яхши ҳаракат қилгани сари биз ҳам имконият беришда давом этамиз. Аввалги беллашувда икки бор қулай имкониятдан фойдалана олмаганди. Бугун эса фойдаланиб гол урди. Ёшларимиз етарли, ким машғулотда ўзини кўрсатса, майдонга тушади. Ёшлар билан ишлаганман ва ҳаммасини яхши биламан.

- Рақиб мураббийи "Қизилқум" фақат ҳаволатиб тўп узатишлар орқали ўйинда етакчилик қилганини айтди. Мен ҳам сизга бу борада машғулотларда янада кўп ишлашни тилаб қоламан. Чунки бу усул натижа беряпти.
- Биз рақибдан келиб чиқиб ўйин кўрсатамиз. Бу дегани ҳар доим шунақа ҳаракат қиламиз дегани эмас. Керак пайт ердан ўйнаймиз, керак пайт ҳаводан.


Манба: championat.asia