Осиё кубоги-1996. Таркибида Қосимов бўлмаган Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақадаги дебюти қандай бўлган?
12 дек 2023 15:55
Янгиликлар
Осиё кубоги-1996. Таркибида Қосимов бўлмаган Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақадаги дебюти қандай бўлган?
Биринчи иштирок 1996 йил БААдаги турнирга тўғри келган ва унда жамоамиз муваффақиятсиз иштирок этган ҳолда гуруҳ босқичидаёқ мусобақа билан хайрлашган эди. Бир ўйин тарихи орқали бугун вакилларимизнинг қитъа кубогидаги биринчи юриши ҳақида фикрлашамиз.
Александр Иванковдан сўнг терма жамоа бош мураббийлигини тарихдаги таниқли футболчи, “Пахтакор” мураббийи Баҳодир Иброҳимов қабул қилиб олди. Унга яқиндан Юрий Саркисян кўмаклашадиган бўлди. Футболимизнинг янги раҳбарлари миллий термани Осиё кубогига олиб чиқиш вазифасини қўйганди. Амалда белгиланган вазифа қийинчилик билан бўлсада бажарилди. Эсласангиз термамиз саралашни Тожикистонга қарши йирик 0:4 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаганди. Жавоб баҳсида эса ҳамюртларимиз ажойиб тарзда реванш олинган ҳолда финал босқичига йўлланмани қўлга киритганди. Футболчиларимиздан барчанинг умиди катта эди. Боиси, таркибга ўша вақтда ўз даврининг юлдуз футболчилари Фарҳод Магометов, Игорь Шквирин, Сергей Лебедев , чемпионликни тантана қилган “Навбаҳор”дан Эдуард Мамотов, Олег Шацких, Геннадий Денисовлар жалб қилинганди. Ҳамма нарса етарлидек кўринганди. Лекин, олдинда катта муаммо юзага келганди. Мусобақага йўл олувчи делегациядан Миржалол Қосимов ўрин олмади. Бу ўша саралашда Тожикистон билан беллашувда орттириб олган жароҳатининг асорати эди. Даволаниш муддати чўзилиб кетди ва якунда жамоа билан бормади. Шунингдек, оз фурсат қолганда ҳужумчи Шуҳрат Мақсудовнинг ҳам таркибдан тушиб қолгани ойдинлашди. Қуръа бизга кучли ва номдор рақибларни туҳфа қилди. Хитой, Япония, Сурия каби рақибларни енгишимизга умид қилдик.
1 декабрь куни Ўзбекистон Олимпия шон-шуҳрати музейида футболчи ва мураббийларни кузатиш маросими ўтказилди ва унда мутасаддилар катта ишонч билдиришаётганлигини таъкидлашди. Улардан икки йил олдинги Осиё ўйинларида бўлгани каби ғолиблик билан ортга қайтиш кераклиги таъкидланди. Миллий жамоамиз ўзининг тарихидаги илк расмий Осиё кубогини Хитойга қарши ўйин билан бошлади. Чин юрти вакилларидан 1994 йил Хиросимада чемпионликни тортиб олгандик. Шунинг учун, уларни мағлуб этишга ортиқча ҳавотир йўқ эди ҳисоб. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, биз қатнашган еттита Осиё кубогининг тўрттасида Хитой рақиблик қилди. 1996, 2007, 2011, 2015 йилларда улар билан гуруҳдан чиқиш учун кураш олиб бордик. Рақиб эса ўзига хос алам билан майдонга чиқиши таҳмин қилинганди. Истасак истамасак ўша 2:4 ҳисобидаги мағлубият хитойликларга икки ҳисса куч берарди. Ўйин тенг суратлар остида бораётганди. Икки терма жамоа ҳужумга ҳужум билан жавоб қайтарарди. Афтидан ўйин нурсиз дурангга қараб кетаётгандек таассурот уйғотди. Айрим вазиятларда ёш иқтидорли посбон Павел Бугало махоратини кўрсатди. Бироқ, бош ҳакам Абдул Раҳмон Ал-Заиднинг баҳс тугашини англатувчи ҳуштагининг янграшига ўн дақиқа қолганида Игорь Шквирин ўнг қанотдан ҳужумга ўтиб катта тезликда тўпни эгаллаб олиб олдинга югуриб чиққан кипер Шу Ланднинг устидан ташлаб қўйиб ҳисобни очади.
Табиийки голдан сўнг Хитой термаси аъзолари ҳужумга зўр беришади. Бундай паллада ғолиб чиқаётган жамоада қарши ҳужумга ўтиш имконияти пайдо бўлади. Ана шундай вазиятларнинг бирида Олег Шацких иккинчи тўпни киритади. Мазкур футболчи ўша йили “лочинлар” сафида ҳам голеадорлик ҳислатларини намойиш қилганди. Ўзбекистон турнирни ғалаба билан бошлади. Лекин, кейинги икки баҳсда футболчиларимиз ўта паст савияда ҳаракат қилиб Япония ва Сурияга енгилади. Сурия билан дуранг ўйнаган тақдиримизда ҳам иккинчи ўрин билан чорак финалга чиқардик.
Муваффақиятсизликнинг бош сабаби сифатида бош мураббий қуйидагиларни келтирганди: “Биз мусобақага ҳозирда юқори спорт формасида бўлган футболчилар билан ташриф буюрдик. Фақатгина Қосимов, Мақсудов ва Фёдоровни таркибдан тушириб қолирдик. Миржалолнинг йўқлиги яққол сезилди. Унингчалик ҳеч ким ўйинни бошқара олмади. Футбол шунақа. У гоҳида адолатсиз ва шавқатсиз бўлади. Хатоларни кечирмайди",- деган эди Баҳодир Иброҳимов
Осиё кубоги-1996. “С” гуруҳи 1-тур.
Ўзбекистон – Хитой 2:0
06.12.1996. Ал Аин “Таҳнун Бин Муҳаммад Стедиум” 3000 томошабин.
Бош ҳакам: Абдул Раҳман Ал-Заид (Саудия Арабистон)
Голлар: Игорь Шквирин 80, Олег Шацких 89.
Ўзбекистон: 1. Павел Бугало, 2. Февзи Давлетов, 4. Фарҳод Магометов, 5. Эдуард Мамотов, 7. Степан Атоян, 8. Сергей Лебедев, 11. Олег Шацких, 16. Геннадий Денисов, 9. Равшан Базаров, 10. Игорь Шквирин, 17. Нўмон Ҳасанов.
Бош мураббий: Баҳодир Иброҳимов.
Осиё кубоги-1996. “С” гуруҳи 2-тур.
Япония - Ўзбекистон 4:0
Ал Аин “Таҳнун Бин Муҳаммад Стедиум” 3000 томошабин.
Бош ҳакам: Масъуд Моради (Эрон)
Голлар: Хироши Нанами 7, Казуёши Миура 37, Масакиё Маезоно 86,90
Ўзбекистон: 1. Павел Бугало, 2. Февзи Давлетов (20. Дилмурод Назаров, 46), 4. Фарҳод Магометов, 5. Эдуард Мамотов (14. Николай Ширшов,67), 6. Илҳом Шарипов, 7. Степан Атоян, 8. Сергей Лебедев, 16. Геннадий Денисов, 9. Равшан Базаров, 10. Игорь Шквирин, 17. Нўмон Ҳасанов (19. Азамат Абдураимов, 67)
Осиё кубоги-1996. “С” гуруҳи 3-тур.
Ўзбекистон - Сурия 1:2
Ал Аин “Таҳнун Бин Муҳаммад Стедиум” 2000 томошабин.
Бош ҳакам: Али Бужсаим (БАА)
Голлар: Сергей Лебедев 53, Надер Абдулкарем 48, Али Диб 74
Ўзбекистон: 1. Павел Бугало, 2. Февзи Давлетов, 4. Фарҳод Магометов, 5. Эдуард Мамотов, 6. Илҳом Шарипов, 7. Степан Атоян, 8. Сергей Лебедев, 11. Олег Шацких (20. Дилмурод Назаров,61) 14. Николай Ширшов, 16. Геннадий Денисов, 10. Игорь Шквирин, 24. Алексей Семёнов (3. Улуғбек Рўзимов, 32)
Фикрлар