UZ

Сўнгги янгиликлар

09:58Goal «Олтин тўп»-2025 соврини учун номзодлар рейтингини тузиб чиқди  9 09:23«Барселона»нинг келаси ёздаги илк трансфер мақсади маълум  0 08:50Лига Кубоги. Чорак финал жуфтликлари маълум  1 08:11«Валенсия» — «Реал Мадрид» учрашуви бошқа кунга кўчирилди. Нега?  11 07:42Суперлига. Бугун 23-турга старт берилади  6 03:25Англия лига кубоги. "Ман Сити" ва "Челси" мусобақани тарк этди. Тен Хагсиз МЮда йирик ғалаба ва бошқа натижалар  14 02:55Германия кубоги. "Майнц" "Бавария" олдида ожиз қолди. Мусиаладан хет-трик!  2 02:45А Серия. "Ювентус" "Парма" билан дуранг қайд этди, "Аталанта" "Монца"ни мағлуб қилди  4 00:40А Серия. "Интер" меҳмонда "Эмполи"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 00:35"Манчестер Юнайтед" клуб афсоналари иштирок этган видео орқали Де Йонг билан шартнома имзолашга уринган, аммо...  8 23:51ОЧЛ 2. "Насаф" – "Ал Ҳусайн" учрашувини қайси ҳакам бошқариши аниқ  5 23:30Аморим январда Каземиро, Антони, Эриксен, Линделёфни қўйиб юборишга тайёр. Мутахассис уларнинг ўрнига "Спортинг"дан ўйинчилар олиб келмоқчи  15 22:57Элит ОЧЛ. "Пахтакор" – "Ал Райян" учрашувини қайси ҳакам бошқариб бориши маълум  14 22:17Неймар Бразилия терма жамоасидан 2025 йилгача уни йиғинларга чақирмасликни сўради  10 21:50Агуэро "Олтин тўп" ҳақида: "Футбол фақат "Реал" учун эмас. Улар жуда эркаланиб кетишди"  50

Осиё кубоги-1996. Дебютант Ўзбекистон, унинг димоғдор ва карта ўйнайдиган рақиблари ҳамда тайинланганидан икки ой ўтгач, чемпионга айланган мураббий ҳақида ҳикоя қиламиз Янгиликлар

Осиё кубоги-1996. Дебютант Ўзбекистон, унинг димоғдор ва карта ўйнайдиган рақиблари ҳамда тайинланганидан икки ой ўтгач, чемпионга айланган мураббий ҳақида ҳикоя қиламиз

Ўзбекистон терма жамоасининг асосий қисмини "Пахтакор" ва "Навбаҳор" футболчилари ташкил қилган.

1996 йилги Осиё кубоги Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилди. Мусобақа тарихида илк бор 12 та жамоа қатнашди. 4 тадан жамоа учта гуруҳга бўлинган ҳолда чемпионлик учун курашди. БААдаги Осиё Кубогида мезбонлардан ташқари Кувайт, Жанубий Корея, Индонезия, Эрон, Саудия Арабистони, Ироқ, Таиланд, Япония, Хитой, Сурия ва Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этди.

Очилиш маросими Zayed Sports City'да бўлиб ўтди ва унинг яқинида сувда сузувчи тўплар декорацияси ўрнатилди.

Мезбон ва амалдаги чемпион Япония саралашсиз Осиё кубогига йўлланмани қўлга киритди. 

Ушбу мусобақа 4–21 декабрь кунлари Абу Даби, Дубай ва Ал Айн шаҳарларидаги “Шайх Зайд”, "Танун бин Муҳаммад", "Ал Мактум" стадионларида ўтказилган.

Осиё кубоги-1996. Таркибида Қосимов бўлмаган Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақадаги дебюти қандай бўлган?

Александр Иванковдан сўнг терма жамоа бош мураббийлигини тарихдаги таниқли футболчи, “Пахтакор” мураббийи Баҳодир Иброҳимов қабул қилиб олди. Унга яқиндан Юрий Саркисян кўмаклашадиган бўлди. Икки йил муқаддам Осиё ўйинлари ғолибига айланган мустақил Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор қитъа чемпионати саралашида иштирок этган. Унда жамоамиз Тожикистон билан уй-сафар тизимида ўйинлар ўтказган. Душанбедаги илк ўйинда вакилларимиз 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйишган. Тошкентда ўтган жавоб баҳсида терма жамоамиз асосий вақтда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Қўшимча таймларда Зафар Мусабоевнинг урган голи бизни Осиё кубоги финал босқичига олиб чиққан эди. Ўша пайтларда қўшимча таймларда "олтин гол" қоидаси амалда эди. Бунда қайси жамоа биринчи гол урса ўша заҳоти баҳс якунига етарди.

1996 йил сентябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон терма жамоаси ФИФА рейтингида 110-поғонада эди, қитъа миқёсида эса 18-ўринда жойлашганди.

Ўзбекистон терма жамоаси "C" гуруҳида Япония, Хитой ва Сурия билан кураш олиб борди. Мусобақага йўл олувчи делегациядан Миржалол Қосимов ўрин олмади. Бу ўша саралашда Тожикистон билан беллашувда орттириб олган жароҳатининг асорати эди. Даволаниш муддати чўзилиб кетди ва якунда жамоа билан бормади. Шунингдек, оз фурсат қолганда ҳужумчи Шуҳрат Мақсудовнинг ҳам таркибдан тушиб қолгани ойдинлашди.

Тайёргарлик жараёнида Япония футбол ассоциациясининг 75 йиллиги муносабати билан 1996 йилнинг сентябрь ойида ана шу мамлакат терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ташкил этилганди. Ўшанда вакилларимиз 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришган. Ноябрда эса термамиз БААга ташриф буюриб, иккита назорат баҳсида майдонга тушган ва 2:4 ва 0:2 ҳисобларида мағлубиятга учраган.

Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубоги-1996 учун қайдномаси:

1.Павель Бугало ("Пахтакор"), 2.Февзи Давлетов (МҲСК), 3.Улуғбек Рўзимов ("Пахтакор"), 4.Фарҳод Магаметов (С, "Навбаҳор"), 5.Эдуард Момотов ("Навбаҳор"), 6.Илҳом Шарипов ("Навбаҳор"), 7.Степан Атаян ("Прудефтики", Исроил ), 8.Сергей Лебедев ("Нефтчи"), 9.Равшан Бозоров ("Нефтчи"), 10.Игорь Шквирин ("Ҳапоэль Тель Авив, Исроил), 11.Олег Шацких ("Навбаҳор"), 13.Зафаржон Мусабоев ("Навбаҳор"), 14.Николай Ширшов ("Пахтакор"), 15.Андрей Фёдоров ("Нефтчи"), 16.Геннадий Денисов ("Навбаҳор"), 17.Нўъмон Ҳасанов (МҲСК), 19.Азамат Абдураимов ("Пахтакор"), 20.Дилмурод Назаров ("Пахтакор"), 21.Дмитрий Башкевич ("Навбаҳор"), 23.Алексей Семёнов ("Нефтчи").

Бош мураббий: Баҳодир Иброҳимов.

Қуръа бизга кучли ва номдор рақибларни туҳфа қилди. Биринчи ўйинда Хитой 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. 

Хитойга қарши учрашув аввалида Чин мамлакати мураббийи Гу Мингчанг бўлажак рақибининг имкониятини паст баҳолаган:

"Хитой терма жамоаси Ўзбекистонни мағлуб этиши керак ва йирик ҳисобда ғалаба қозониши мумкин. Ўйлашимча, Ўзбекистон унчалик кучли жамоа эмас. Рақиб футболчиларининг индивидуал қобилияти ва умумий кучи ўртача, тезлиги эса юқори эмас, Қатар, БАА сингари Ғарбий Осиё мамлакатларидан даражаси паст. Шундай экан, бундай жамоа даҳшатли эмас. Охирги ўйинлардаги муваффақиятсизлигимизга ярим ҳимоядаги сусткашликлар сабаб бўлди. Ўзбекистонга қарши бу позицияда ўзгаришлар амалга оширамиз. Энг муҳими, футболчилар ўзига хос хусусиятларини кўрсата билиши лозим."

Аммо хитойлик мураббий чучварани хом санагани маълум бўлди.

Игорь Шквирин Осиё кубогида гол урган биринчи ўзбекистонлик футболчи бўлди. Яна бир голга Олег Шацких муаллифлик қилган.  


Иккинчи турда Баҳодир Ибрагимов бошчилигидаги вакилларимиз амалдаги Осиё чемпиони Японияга 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйишган.


Сўнгги турда футболчиларимиз Сурияни мағлуб этишса, гуруҳдан чиқишарди. Аммо баҳс 1:2 ҳисобида тугаган ва Ўзбекистон гуруҳда қолиб кетган. Ўша учрашувда биздан ягона голни Сергей Лебедев пенальтидан урганди.


Қуйидаги лавҳада Сурия терма жамоасининг Осиё кубогига тайёргарлик жараёнига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Унда футболчилар машғулотларда иштирок этишган, бўш вақтда эса газета мутолаа қилиб, карта ўйнашга ҳам улгурган.


Бўлажак чемпион Саудия Арабистони мусобақага жиддий ҳозирлик кўриш мақсадида португалиялик Нело Вингада билан икки ойга мўлжалланган шартнома имзолади ва унга қитъа чемпионлигини қўлга киритиш орқали мамлакатни Осиё футболи қироли мавқеига қайтариш вазифаси юкланди. Турнирга тайёргарлик кўриш учун эса бор-йўғи бир ой вақт берилганди.

Гуруҳ босқичида Эронга 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганига қарамай, ярим финалда айнан шу рақибини мағлуб этишни уддалади.

"Мен дўстим Карлуш Кейруш орқали Саудия Арабистони олимпия терма жамоасига мураббийлик қилиш таклифини олдим, шу боис музокараларнинг дастлабки босқичини ўтказиш учун Лондонга етиб бордим ва самарали якунланган суҳбатдан сўнг Ар-Риёдга йўл олдим. Аммо мамлакат федерацияси президенти менга телефон орқали қўнғироқ қилиб, бразилиялик мураббий Зе Мариони ишдан бўшатишганини ва унинг ўрнига терма жамоани Осиё кубогига тайёрлашим кераклигини айтишди. Бош мураббий сифатида дастлабки улкан ютуғим Осиё чемпионлиги эди. Ўша пайтларда дунё миқёсида португалиялик мураббийлар кўп эмасди. Ушбу муваффақият билан бунга эшик очганимга ишонаман. Чемпионликни тасвирлаш қийин, ажойиб лаҳзалар бошимиздан ўтганди", — дея хотирлайди Вингада.

“А” гуруҳи

Ў

Ю

Д

М

Т-Н

О

БАА

3

2

1

0

6:3

7

Кувайт

3

1

1

1

6:5

4

Жанубий Корея

3

1

1

1

5:5

4

Индонезия

3

0

1

2

4:8

1


“B” гуруҳи

Ў

Ю

Д

М

Т-Н

О

Эрон

3

2

0

1

7:3

6

Саудия Арабистони

3

2

0

1

7:3

6

Ироқ

3

2

0

1

6:3

6

Таиланд

3

0

0

3

2:13

0


“C” гуруҳи

Ў

Ю

Д

М

Т-Н

О

Япония

3

3

0

0

7:1

9

Хитой

3

1

0

2

3:3

3

Сурия

3

1

0

2

3:6

3

Ўзбекистон

3

1

0

2

3:6

3


Финалда мезбон БАА ҳамда икки карра чемпион Саудия Арабистони тўқнаш келишди. Асосий ва қўшимча таймларда ҳисоб очилмади. Ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Футбол лотореясида Саудия Арабистони омадлироқ чиқиб учинчи бор Осиёда тенгсиз бўлди. Айнан шу чемпионлик ҳозирга қадар Саудия Арабистони учун охиргиси бўлиб турибди.

Чорак финал
БАА - Ироқ 1:0
Гол:
Иброҳим 103 (олтин гол)

Кувайт - Япония 2:0
Голлар:
Жасим Ал Хувайди 17, 54

Жанубий Корея - Эрон 2:6
Голлар:
Ким До Хун 11, Шин Тэ Йонг 35 - Карим Багери 31, Худодод Азизи 52, Али Дайи 66, 76, 83, 89 (пенальти).

Саудия Арабистони - Хитой 4:3
Голлар:
Ал Туанян 31, 65, Сами Ал Жобир 34, Ал Меҳаллел 43 - Занг Энхуа 6, 89, Пенг Веигуо 16.

Ярим финал
БАА - Кувайт 1:0
Гол
: Ҳассан Саид Аҳмад 69

Эрон - Саудия Арабистони 0:0 (пенальтилар серияси 3:4)

Учинчи ўрин учун баҳс
Эрон - Кувайт 1:1 (пенальтилар серияси 3:2)
Голлар:
Али Дайи 40 - Жасим Ал Хувайди 15.

ФИНАЛ
БАА - Саудия Арабистони 0:0 (пенальтилар серияси 2:4)
21 декабрь 1996. Абу Даби. "Шайх Зайд" стадиони. 60000 томошабин.
Бош ҳакам:
Моҳд Назри Абдуллоҳ (Малайзия)

БАА: Муҳсин Мусабаҳ, Юсуф Солиҳ, Исмоил Рашид, Ҳассан Муборак, Мунтер Абдуллоҳ, Аднан Ал Таляни (Ҳамис Саад Муборак, 91), Ҳассан Аҳмад, Аҳмад Иброҳим Али, Саад Бахит Муборак (Зухайир Бахит, 46), Муҳаммад Али, Абдул Аҳмад (Абдулазиз Муҳаммад, 46)
Бош мураббий: Томислав Ивич (Хорватия)

Саудия Арабистони: Муҳаммад Ал Деайя, Муҳаммад Ал Жаҳони, Муҳаммад Ал Хилаиви (Иброҳим Ал Харби, 77), Абдуллоҳ Зубромави, Ҳуссайин Абдулғани, Ҳолид Ал Темави, Сами Ал Жобир (Абдуллоҳ Ал Досари, 62), Холид Ал Муваллид, Ҳамис Ал Досари, Фаҳад Ал Меҳаллел (Ҳамза Идрис, 80), Юсуф Ал Тунаян.
Бош мураббий: Нелу Вингада (Португалия)

Эронлик Худодод Азизи мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилганди. Эронлик афсонавий ҳужумчи Али Дайи 8та гол билан мусобақа тўпурарига айланди. Шу жумладан, Дайи чорак финал доирасида Жанубий Корея дарвозасига 4 та гол уриб, жамоасининг 6:2 ҳисобида ғалаба қозонишига улкан ҳисса қўшган. Ваҳоланки, мазкур баҳснинг биринчи бўлимида кореялик 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди.

Осиё Кубоги-1996 рамзий терма жамоаси:
Дарвозабон
: Муҳаммад Ал Деайя (Саудия Арабистони)
Ҳимоячилар: Абдуллоҳ Зубромави (Саудия Арабистони), Юсуф Солиҳ (БАА), Муҳаммад Ҳақпур (Эрон)
Ярим ҳимоячилар: Меҳрдод Минаванд (Эрон), Муҳаммад Али (БАА), Холид Ал Муваллад (Саудия Арабистони), Саад Бахит Муборак (БАА)
Ҳужумчилар: Фаҳад Ал Меҳаллел (Саудия Арабистони), Жасим Ал Хувайди (Кувайт), Али Дайи (Эрон).

Учрашувлар 80 дақиқа давом этган илк Осиё кубоги тарихи ҳамда турнирнинг урушдан ташриф буюрган ғолиби ҳақида ҳикоя қиламиз

Унутилган ва йўқолган кубоклар, сохта медаллар ҳамда ҳалок бўлган болакай — иккинчи Осиё кубоги ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1964. Чемпиони ОФК тарихидан тушиб қолган турнир ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1968. Муаммолар гирдобидаги Эрон "Олтин давр"ини чемпионлик билан бошлади

Осиё кубоги-1972. Мезбони алмашган турнир омадли кунда ўйнаган жамоанинг чемпионлиги билан якунланди

Осиё кубоги-1976. Рақиб либосларини кийган ҳолда охирги кубогини кўтарган чемпион ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1980. Кубокка эга чиққан мезбонлар, иккинчи ўрин учун уюштирилган парад ҳамда урушда укасини бой берган совриндор ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1984. Саудия Арабистони дебютидаёқ чемпионликка эришди 

Осиё кубоги-1988. Кувайт либосида ўйнаган Платини, талабалари билан келган Япония ҳамда операциядан кейин финалдаги ҳал қилувчи голни урган футболчи ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1992. 56 ёшида фаолиятини давом эттираётган энг яхши футболчи, легионер Рамос, ўйинчиларини алмаштирмаган ҳамда рақиб мағлубияти учун 500 доллар бермоқчи бўлган мураббий ҳақида ҳикоя қиламиз


Оқил Абдубарноев тайёрлади.  

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика