"Олимпик-MobiUz"ни ушлаб қолишдан фойда борми? Эртага "Олимпик" тақдири такрорланмайдими?
10 ноя 14:28
Янгиликлар
"Олимпик-MobiUz"ни ушлаб қолишдан фойда борми? Эртага "Олимпик" тақдири такрорланмайдими?
Бу лойиҳага катта умид билан қаралди: гўё бу жамоа кейинчалик Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси учун асосий “резерв база”га айланади, ёшлар клуб муҳитида етилиб, миллий тизимга тайёр ҳолда кириб боради. 2028 йилги Олимпиадага асос бўлиб хизмат қилади. Кейинчи?
Бироқ икки йил ўтиб, вазият бошқача тус олмоқда. “Олимпик-MobiUz” бу йил Про лигада иштирок этди, аммо Суперлига йўлланмасига даъвогар бўла олмади. Натижа — шунчаки рақам эмас, балки тизимдаги муаммоларни акс эттирадиган кўзгу. Таркибдаги йигитлар аллақачон катта жамоалар сафини тўлдирай деб турибди.
Энди энг муҳим савол туғилади: бу жамоани ва умуман лойиҳани сақлаб қолишдан фойда борми?
Ёшлар лойиҳаси ўз миссиясини бажардими?
“Олимпик-MobiUz” таркибидаги футболчиларнинг кўпчилиги бугун 20 ёшда. Кейинги йилда улар 21га тўлади. Бу — футболчи учун фақат “тажриба орттириш” эмас, ўзини тўлиқ намоён этиш, катта саҳнага чиқиш ёши.
Агар улар ҳануз Про лигада “ёшлик сабаби” билан ушлаб турилаверса, бу — лойиҳанинг мазмуни йўқолишини англатади. Ёшлар жамоаси мақсади — профессионал футболга йўл очиш бўлиши керак, аммо улар учун эшик очилмаса, тизим тўхтаб қолади дегани.
Шу боис, “Олимпик Мобиуз” энди фақат вақтинча натижа учун эмас тизмли клуб сифатида шаклланиши лозим. Акс ҳолда, бу жамоа ҳам “Олимпик” тақдирига учрайди.

“Олимпик” сабоғи совумасидан унутилмоқда
Бир неча йил аввал “Олимпик” лойиҳаси ҳам худди шундай баланд шиорлар билан бошланганди. U-23 терма жамоаси учун “барқарор асос” бўлиши керак эди. Олимпиададан кейин эса лойиҳа мақсадсиз қолди: жамоа бугун тарқатилмоқда, футболчилар турли клубларга тарқаб кетади, баъзилари умуман кўринмай қолиши ҳам мумкин.
Кейинги йилларда “Мобиуз” ҳам худди шундай йўлга кириб қоладигандек. Агар у фақат Олимпиадагача ёки бир цикл учун яратилган бўлса, демак, тарих яна такрорланишига аминмиз.
Футболда лойиҳа бўлгани яхши, фақат бу тизимли йўлга қўйилиши муҳим. Тизим бўлмаса, ҳар бир “ёшлар жамоаси” бир мавсумлик тажрибага айланиб, кейин йўқолиб кетаверади.
Кучлилар билан рақобат – ривож калити
Ҳар бир ёш футболчи ўз тенгқурлари билан эмас, кучли рақиблар орасида ўсиши лозим. Чунки ҳақиқий ўсиш фақат рақобатда бўлади.
Про лигада доимий равишда ёшлар ўйнаётгани яхши, аммо 20–21 ёшдаги ўйинчиларни “тажрибасиз” деб баҳолаш — уларни сунъий тўсиққа дучор қилишдир. Шу сабабли, бу йигитларнинг бир қисмига Суперлига клубларида имконият бериш, қолганларига эса янги ёш авлод учун жой бўшатиш зарур.
Яъни “Олимпик Мобиуз” келгуси мавсумда 2007–2008 йилларда туғилган ёшлар билан шаклланса, бу лойиҳанинг мантиқий давоми бўлади.
Миллий манфаат нуқтаи назаридан
Сўнгги йилда U-20 терма жамоамиз Осиё Кубогидаги муваффақиятсизлик ва Жаҳон чемпионатига чиқолмагани футбол тизимидаги мувозанат йўқолганини кўрсатди.
Агар ёшлар фақат ОТЖ (олимпия терма жамоа) учун тайёрланса, уларнинг ривожи чекланади. Чунки футболчи учун асосий мақсад – барқарор ўйин амалиёти, бу орқали ўсишга эришиш, катта клубларга бориш.
Миллий манфаат — бу лойиҳаларнинг узлуксизлиги ва сифати билан таъминланади. Бир циклга мўлжалланган жамоалар эса фақат вақтинчалик натижа беради, холос.

Хулоса: лойиҳа ёшариши керак
“Олимпик-MobiUz”ни сақлаб қолиш керак десангиз, аммо унинг йўналиши ўзгариши лозим.
* 20–21 ёшли футболчиларга катта клублар эшигини очиш, уларни Суперлигага бериб юбориш
* жамоани 2007–2008 йилларда туғилганлар билан янгилаш;
* натижа учун эмас, ривож учун тизим яратиш.
Агар бу амалга ошмаса, “Олимпик-MobiUz” ҳам айни пайтдаги “Олимпик” тақдирига дуч келади — ёшлар ўйнатилади, вазифа бажариб бўлингач кераксиз матохдек аҳлатга отилади.
Шундай экан, бу сафар хато такрорланмаслиги учун вақт ҳали бор
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
Суперлига. Чемпионлик учун курашаётган "Насаф" ўз майдонида "Машъал"га мағлуб бўлди
Суперлига. "Бухоро" ўз уйида бир киши кам "Нефтчи"дан очко тортиб олди
ЖЧ U-17. Ўзбекистон Ирландияга имкониятни бой берди
Эшитдик-да! Кападзе Ўзбекистон терма жамоасидан кетди
Фикрлар