

– Турнирни ғалаба билан бошлаганингиз учун табриклаймиз. Иккинчи бўлимда ўйин нега бунчалик қийинлашиб кетди деб ўйлайсиз? Ўша пайтда тактик жиҳатдан нимада хато қилдик?
– Биринчидан, қийин ўйин бўлишини билардик. Биринчи бўлимда тўлиқ устунлик қилдик, асосан уларнинг майдончасида ўйнадик. Кейин, тахминан 10-дақиқалардан бошлаб бироз орқага чекиндик деб ўйлайман. Улар жуда вертикал ўйин намойиш этишади. Бунда жарима майдончасига футболчиларни тўплаб, сизни ўша ерда ҳимояланишга мажбур қилишади. Улар тўпни ўзаро назорат қилиб, комбинация орқали олдинга ўтишмайди. Тўп қанотга узатилади, кейин марказга, қайтган тўп яна қанотга ва яна марказга – бу эса сизни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Улар буни жуда яхши бажарадиган, жисмонан бақувват жамоа ва шу боис таркибни янгилашимизга тўғри келди, чунки улар биз томон яқинлашиб келаётган эди. Лекин биринчи бўлимнинг ўзидаёқ йирик фарқ билан олдинга чиқиб олишимиз мумкин эди деб ўйлайман.
– Ўйин давомида ва ўзгаришлардан сўнг жамоани қандай ҳис қилдингиз? Ўйинни якунлаш учун тушган футболчиларнинг ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?
– Асосий ғоя 4 кишилик ҳимоя чизиғини сақлаб қолиш ва иккита қанот ярим ҳимоячисини – Гомес ва Кампазни тушириш эди. Бироқ Ўзбекистон ўйин бошида жуда орқага чекиниб кетди ва рақибга бизни қуйи блокда ўйнашга мажбур қилиш имконини беришди. Бу биз хоҳламаган сценарий эди, чунки ўша қанотдан оширилган тўплар ва қайтган тўплардан бирор хавфли вазият юзага келиши мумкин эди ва гол ҳам айнан шундай содир бўлди.
– Бу оқшом "Ацтека" стадионида 80,824 мухлис, уларнинг 99.9 фоизи колумбияликлар қаршисида ўйнаш қандай бўлди? Бу қанчалик таъсир қилди? Балки бу катта босим ёки аксинча, жамоага туртки бергандир?
– Тўғриси, бу ажойиб энергия беради, аммо ҳиссий жиҳатдан баъзи йигитларга оғир ботди деб ўйлайман. Энг кўп югурадиган, жисмоний ҳолати энг яхши бўлган футболчиларимиз бугун ўйинни шу нуқтаи назардан қийин ўтказишди. Бу биринчи ўйин ва биз ўйнаган муҳит яратган ҳиссий юк билан боғлиқ. Бундан ташқари, ташаббускор бўлиш ва ғалаба қозониш мажбурияти ҳам бор эди, чунки ҳамма бизни фаворит сифатида кўраётганди. Бу ролни ўз бўйнига олиш ҳеч кимга ёқмайди, лекин биз буни қабул қилишимиз керак эди. Биринчи бўлимни жуда яхши ўтказдик. Эҳтимол, баъзи вазиятларни аниқроқ зарбалар ёки хавфлироқ узатмалар билан якунлашимиз етишмагандир. Аммо иккинчи бўлимда бироз пасайиш кузатилди, таркибни янгилашга тўғри келди ва якунда ҳаммасини яхши ҳал қилдик.
– Камдан-кам ҳолларда захирадан тушганлар ўйинга шунчалик яхши қўшилиб кетади. Бугун нафақат ғалаба қозонилди, балки майдонга тушганлар асосий таркибдагилардек ажойиб ҳаракат қилишди. Жаҳон чемпионатидаги биринчи ўйинингизни бош мураббий сифатида якунлаш сиз учун қандай аҳамиятга эга?
– Бу жуда ўринли фикр, аммо кеча ҳам айтганимиздек, 26 нафар футболчимизнинг барчаси жуда яхши формада. Майдонга бошқа футболчилар тушганда ҳам худди шундай ўйин кўрсатган бўларди. Биз уларнинг хусусиятларига қараб, рақибнинг қанотлардаги устунлигини ёпиш учун қанот ўйинчиларини танладик. Аммо бир вақтнинг ўзида, юқорида таъкидлаганимдек, биз жуда орқага чекиниб кетдик. Бу ҳолатдан чиқиб, биринчи бўлимдаги каби уларнинг майдончасида ўйнашимиз керак эди.
– Жамоангизнинг икки хил қиёфасини қандай тушуниш мумкин? Биринчи бўлимда жамоа кўпроқ ташаббусга эга бўлди, иккинчи бўлимда эса ташаббусни Ўзбекистон терма жамоасига бироз бериб қўйди, аммо шунга қарамай тезкор ўтишлар орқали иккита гол урди. Сизга жамоангизнинг қайси қиёфаси кўпроқ маъқул: тўпни назорат қиладиган ҳукмрон ўйинми ёки иккинчи бўлимдагидек самарали ўйинми?
– Жуда яхши савол. Жамоамизнинг асосий хусусияти – бу ташаббускор бўлиш, қанот ҳимоячиларини олдинга сурган ҳолда, тўп назорати орқали рақиб майдончасида ўйнаш. Гап шундаки, уларнинг ҳимоя блоки жуда тартибли ҳаракат қилди. Биз вазиятларни якунлашда унчалик аниқ бўлмадик ва кейинчалик бу бизга қимматга тушди. Улар тезкор ўтишлар ва вертикал ўйин орқали ҳаракат қила бошлашди, бизни орқага югуришга мажбур қилишди ва бу жисмоний томондан бизни қийнаб қўйди. Лекин менга рақиб майдонида ўйнайдиган ва тўп назоратида устунлик қиладиган Колумбия кўпроқ ёқади. Шунинг учун баъзан майдонга иккита "10-рақам"ни туширамиз: Хамес ва Жон Ариасни, ёки Хуанфер, Карраскаль, Кампаз каби тўп билан жуда яхши муомала қиладиган ўйинчиларни.
– Ҳозирги вақтда Колумбия гуруҳ пешқадамига айланди. Гвадалахарада яна гўёки ўз уйингиздадек ўтадиган кейинги ўйинга қандай руҳиятда тайёргарлик кўрасиз?
– Худди шу руҳда. Биз бугун кўрганимиздек, дунёнинг энг яхши жамоаларидан бирига қарши тенгма-тенг ва ажойиб ўйин ўтказган жуда кучли жамоага қарши майдонга тушамиз. Олдимизда иккита жуда муҳим ва оғир ўйин турибди. Улар бошқача хусусиятларга эга, шунинг учун стратегия ҳам бошқача бўлиши мумкин.
– Колумбиянинг ўйин услубини, устунлик қилганини ва қийинчиликларга қарамай натижага эришганини кўргандан сўнг, Португалия ва Конгодан қандай тактик режа кутяпсиз?
– Португалиянинг услуби бизникига ўхшаш – тўп назорати орқали устунлик қилиш. Конго эса кўпроқ тезкор ўтишлар, қанотлардан узун узатмалар, тезлик ва ҳимоядан тез чиқиб кетиш орқали ўйнайди. Бу иккита турли хил услуб, аммо ўйлайманки, биз учун жуда қийин икки ўйин бўлади ва уларга бор кучимиз билан тайёрланишимиз керак.
– Агар майдонни бешта йўлакка бўлсак, Колумбия иккита четки ва марказий йўлакда бир хил ҳужумкорлик намойиш этди. Бу сиз жамоада кўришни истаган мувозанатми ёки ҳужумда вариантларни топишда йигитларнинг ўйинни тўғри ўқий олгани билан боғлиқми?
– Қанотлар орқали ўйнаш қийин бўлишини билардик, гарчи гол қанот ўйинчисининг марказга ёриб кириши натижасида урилган бўлса ҳам. Биз билардикки, қанотларда улар иккитадан футболчи қўйишади. Шунинг учун Пуэрта ва Жон Ариас орқали ички ҳудудларда ўйин топишимиз керак эди. Ўйлайманки, улар буни жуда яхши бажаришди. Баъзи комбинацияларни амалга оширдик, бироқ улар гол билан якунланмади. Сабрли бўлиш керак эди. Юқорида айтганимдек, улар узун узатмалар билан ўйнашни бошлаб, бизни орқага қайтишга мажбур қилганда, биз буни жисмонан ҳис қилдик ва шунинг учун ўзгаришларни амалга оширдик.
– Юқорида айтганингиздек, гол билан якунланишига бир бахя қолган вазиятлар бўлди. Ишончли натижадан ташқари, Колумбия вазиятлардан фойдаланиш устида қанчалик ишлаши керак?
– Бунинг устида доимий равишда ишлаймиз. Айниқса, баланд тоғли шароитда ўйнашга келганимиз учун, дарвозага кўпроқ зарба бериш ва хавфли узатмаларни амалга оширишни келишиб олгандик. Баъзан тўпни ҳаддан ташқари кўп назорат қилиш ёки тўпни йўқотишдан қўрқиш туфайли орқага пас бердик. Яхши позицияларга етиб борардик, лекин яна орқага қайтардик. Қисқа паслар бўлди, аммо ҳеч ким ҳужумни якунламади. Ўйлайманки, бизга шу жиҳат бироз етишмади.
– Хамеснинг ўйини бугун энг яхшиси бўлмади. Бу жисмоний ҳолат билан боғлиқми ёки фақат футболга оидми?
– Ўйлайманки, Ўзбекистон 5-4-1 тизимида ўйнагани учун бўшлиқларни яхши ёпишди. Хамеснинг энг кучли томони – чизиқлар орасига бериладиган паслар. Шундай бўлса-да, у ёмон ўйин ўтказмади. Эҳтимол, у ҳар доимгидек голларда ёки хавфли вазиятларда асосий рол ўйнамаган бўлиши мумкин, лекин 60-65-дақиқаларгача жуда яхши ҳаракат қилди. У бизга тўп назоратида кўп ёрдам берди, чунки у орқароққа қайтиб, тўп сўрайди. Бу эса ўйиннинг баъзи вазиятларида бизга жуда керак эди.


