Тимур Кападзе: "Майдонда биз рақибмиз, лекин майдон ташқарисида биз дўстмиз, битта халқмиз, битта Ўзбекистоннинг фарзандимиз"

20 ноя 2026, 22:46
Суперлиганинг 28-туридан ўрин олган "Навбаҳор" ва "Нефтчи" (3:2) ўртасидаги учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди.

Албатта, муҳим ғалаба қозондик деб ўйлайман, чунки "Нефтчи" кучли жамоа ва албатта ўйлайманки, келган мухлисларни хурсанд қила олдик ва уларга ҳам каттакон раҳмат. Жуда ажойиб ўйин бўлди, ўзи ажойиб атмосфера бўлди. Шунинг учун барча ишқибозларни, бутун жамоани ғалаба билан табриклайман, биринчи ўринда. Албатта, "Нефтчи" мухлислари ҳам келибди. Улар ҳам яхши. Бугун иккита мухлислар яхши қўшилиб, яхши атмосфера яратди. Уларда ҳам ажойиб мухлислари бор. Шунинг учун футбол мухлислари учун ўйлайманки, яхши ўйинга гувоҳ бўлишди. Иккала жамоа ҳам яхши ўйин кўрсатди. Албатта, Худога шукур, ғалаба қозондик. Албатта, қайсидир ўша "удаление" эпизоди ҳам бизга аввал-бош берди ва Худога шукур, ғалаба қозондик.

Мана биринчи тўпни ўтказиб юбордик, қандайдир бироз хавотирлик бўлди. Иккинчи голни ҳам ўтказиб юбордик. Сизнинг фикрингиз бўйича сабаб нима бўлди шунга? Мана ютиб турган пайтда иккита гол ўтказиб юбордик. Бу қандайдир концентрацияни йўқотишми ёки руҳий фактор бўлдими?

Сиз айтганингиздек, иккита голни қўйиб юбормадик. Улар бошида биринчи голни урди. Биринчидан, ярим ҳимоячиларимиз, Жамшид ўша пас беришга яратиб беришди, пасларни яхши беради. Ҳимоячилар концентрацияни йўқотди, чунки Алишер Одилов ўша ерда у берадиган паслар бўлиши керак эди. Лекин бўлиб туради футболда, хатосиз гол бўлмайди. Шунинг учун шунақа, қийин вазиятга тушдик. Умуман олганда ёмон ўйнамаётган эдик, лекин битта вазият голга айланди. Лекин ишонч бор эди. Ҳисоб 3:1 лигида албатта қаердадир имкониятни, ўша ерда концентрация қаердадир, балки болалар озгина бўшашгандек бўлди. Чунки барибир "Нефтчи" ҳам камчиликда, ҳам тўп назорати бизда бўлгани учун, битта эпизодда жазолади. Бўлиб туради, гаплашамиз. Балки 3:1 бўлиб турган вақтда озгина болаларда хотиржамлик бўлган бўлиши мумкин. Ўша эпизодда, лекин ўйлайманки, 3:1 лигида ҳам яхши имкониятларимиз бўлди, бир нечта вазиятга эга бўлдик. Энг асосийси ғалаба қозондик, албатта хатолар устида ишлаймиз, кўриб чиқамиз. Энди олдимизда кейинги учрашув турибди. Шунга тайёргарлик кўришимиз керак. У ҳам муҳим учрашув турибди. Ўзи бу ўйинга ҳам тайёргарлик жараёни биз хоҳлагандек бўлмади, чунки биласизлар миллий терма жамоада ўйинчиларимиз фақат кеча келди. Энди барибир йўлдан келишди, кимдир ўйнади, кимдир ўйнамади. Ўзига яраша барибир плюс-минуслар борми, лекин ўйлайманки, ҳар бир футболчим майдонда ҳам, захирадан чиққани ҳам, асосий таркибдагилар ҳам яхши ҳаракат қилишди.

Йил давомида "Навбаҳор" жамоасини шакллантирдингиз. Йил давомида Суперлигамиздаги барча жамоалар билан ҳар хил ҳолатда ўйнаб кўрдингиз. Нима деб ўйлайсиз, "Нефтчи" бу йил агар чемпион бўладиган бўлса, жорий мавсумдаги энг кучли клубми Ўзбекистондаги?

Энди албатта таркиб тарафдан ҳам, ўйин тарафдан ҳам айниқса биринчи даврани яхши ўтказишди. Шунинг учун биринчи ўринда турибди, ўйлайманки, ҳақли. Тўғри, балки қайсидир ўйинларда ютқазган ўйинлари ҳам бор. Агар балки биз биринчи даврада яхши ўйнаганимизда, балки ҳозир бошқа вазият бўлиши мумкин эди. Биринчи навбатда биласизлар, вилоят ҳокими қанчалик "Нефтчи"га эътибор қаратади ва бу жамоа шу даражага етишига ҳам асосий сабабчилардан. Шунингдек, Фарғона футболи охирги икки-уч-тўрт йилда анча ўсди деса бўлади. Жамоа ҳар томонлама ривожланди, чунки раҳбар футболни яхши кўради ва спортни ривожлантириш учун мана шунча иш қиляпти. Албатта. Шунинг учун "Нефтчи" энди биринчи ўринда тургани учун, албатта, яхши жамоалигини бундан ҳам бемалол айтса бўлади. Биз албатта ўзимизга яраша биринчи даврада йўқотишлар кўп бўлди. Сабаблари ҳам бор, биламиз. Биринчидан янги жамоа, иккинчидан уйда ўйнамадик, кўп факторлар барибир ўша олаётган, йўқотган очколаримизда барибир сабабчи бўлган, ҳозир балки бошқа вазиятда бўлишимиз мумкин эди. Лекин иш олиб борилди. Албатта қийин вазиятлар бўлди, лекин унга қарамасдан ишонч бор эди. Албатта бир-бирини ўша таркибни шакллантиришда, ўйинни шакллантиришда ва албатта мухлисларимиз ҳам, вилоятимиз ҳокими Шавкат Шакиржанович ҳам бизни ҳар доим қўллаб-қувватлади. Худога шукурки, мана шунақа ғалаба билан биз шунча минг-минглаб мухлисларни хурсанд қиляпмиз. Бунинг учун ҳаракат қилса бўлади-да. Бу мотивация берадиган нарса. Шунинг учун биз албатта ўйлайманки, ўйиндан ўйинга кучайиб бордик. Ҳар биримиз ўсдик. Биз ҳам, мураббийлар штабимиз ҳам ҳар тарафлама ўсдик ва футболчиларимиз ҳам битта жамоага айландик. Бу энг асосийси ва албатта "Нефтчи" биласизлар неча йиллардан бери шунга ҳаракат қилди ва ўтган йили чемпион бўлди. Бу йил ҳам яқинлашди. Шунинг учун қараймиз, футбол, биз охиригача курашамиз.

Тимур ака, саволим бироз қўполроқ туюлиши мумкин. Мана шу дерби олдидан футбол жамоатчилигида жуда кўпчиликда муҳокама бўлганди, яъни "Навбаҳор" бугун қўшничилик, яхши қўшничилик қилади, яъни дербида "Нефтчи"га ўйинни беради ва "Нефтчи" чемпионликка ҳисса қўшади" деган гап-сўзлар юрганди. Балки сиз ҳам эшитгандирсиз буни, шунга муносабатингиз.

1000171979.jpeg

Энди албатта бир-биримизни ҳурмат қиламиз, чунки Фарғона ўзи менга ҳам бегона эмас. Ўйлайманки балки олдин мухлислар орасида қанақадир негативлар кўп бўлганди. Албатта майдонда биз рақибмиз, лекин майдон ташқарисида биз дўстмиз, битта халқмиз, битта Ўзбекистоннинг фарзандимиз. Шунинг учун ҳамма эмоцияларни, ҳамма фанатизмни фақат ўша ўйин пайтида ўзининг жамоасига бериш керак. Қолган пайти ўйлайманки, чунки водийда ўзи Андижон мухлислари ҳам яхши мухлислар, ҳаммамиз барибир бир-биримизга муносабатларимиз яхши бўлиши керак. Ҳа, ўйин пайтида албатта ҳамма ўзининг жамоасини қўллаб-қувватлаш учун қанақадир ўша перформанслар қилиши мумкин, бошқа қилиши мумкин, лекин бугун ҳам кўрган бўлсак, бизнинг мухлислар ҳам уларни қўллаб-қувватлади, бошқа пайтлар "Нефтчи" мухлислари бизни қўллаб-қувватлади. Бу зўр нарса. Шунинг учун ўйлайманки, бу албатта майдонда ўша футболга алоқаси йўқ, чунки ўша айтганимиздек бу атрофдаги нарсалар, лекин майдонда унақа, футбол пайтида унақа нарса йўқ. Биз рақибмиз ва ҳар биримиз ўзимизнинг бурчимиз бор, ўзимизнинг жамоамиз олдида, мухлисларимиз олдида фақат меҳнат орқали боримизни беришга ҳаракат қиламиз.

Тимур ака, биздаги маълумот агар тўғри бўлса, "Навбаҳор" билан шартномангиз шу йил охирида тугайди ва сизда бир нечта таклифлар ҳозирнинг ўзида бор: терма жамоалар, турли клублар, хориждан... "Навбаҳор" томони янги шартнома масаласида суҳбатни бошладими ёки ҳали бошламадиларми? Ўзи режаларингиз қанақа?

Йўқ, албатта режалар, ўша айтганингиздек, таклифлар бор-бўлсин, ўйлайманки биз Шавкат Шакиржанович билан, вилоят ҳокими билан келишдик, гаплашдик. Насиб бўлса, балки кейинги йил ҳам шу ерда "Навбаҳор" жамоасида албатта жамоа учун меҳнат қиламан.

Демак, келишилган, келишасизлар?

Биз умуман олганда, йил давомида анча яқинлашдик, қарадик, кузатдик, албатта, ҳар тарафлама бизни қўллаб-қувватлади. Албатта яхши вариантлар ҳам бор, лекин мана тушуниб турибман, шунча халқ, шунча мухлислар мана шу ерда, уларни ҳам ўзи аслида менинг орзу-ҳавасларимдан ҳам ўша мухлисларни хурсанд қилиш учун келдим, чунки анча йилдан бери "Навбаҳор" жамоаси таклиф билан чиқди ва албатта мухлисларни билган ҳолда уларни оз бўлса ҳам майли, агар хурсанд қила олсам, жуда шунга ҳаракат қилдим ва келдим. Ва Худога шукур, шунча мухлис келиб, стадион деярли тўляпти ҳар бир ўйинда, яхши қўллаш бўляпти. Шунинг учун уларнинг иссиқлигини, уларни кўрганимдан кейин албатта яқинлик яна ҳам яқинлашдик. Шунинг учун ўша айтганимдек, келишувимиз бор, насиб бўлса, агар қоладиган бўлсам, "Навбаҳор"да қоламан.

Шу ҳозирги таркиб сақлаб қолинадими ва сақлаб қолинса, яъни кимларни-кимларни олиб келиш режа қилинган? Шу тўғрисида бир муносабатингизни билдирсангиз.

Йўқ, албатта ҳаракат қиламиз, бизга керак бўлса, қолдиришга ҳаракат қиламиз. Энди ҳар хил сабаблар бўлиши мумкин. Аммо албатта бошқа янги бир трансферлар ҳам бўлиши мумкин, чунки кузатяпмиз, қараяпмиз. Албатта бу мавсум биз учун ҳам катта мактаб бўлди. Кўрдик, таҳлил қилдик. Албатта кейинги мавсумга яна ҳам яхшироқ, яна ҳам дадилроқ ёндашамиз насиб бўлса.

Бугунги ўйин атрофидан бироз чиқиб кетиб қолдик, шу фурсатдан фойдаланиб менинг битта саволим бор эди. Сизнинг мураббийлигингизда "Навбаҳор"даги ўша кўп йиллик нохуш анъаналар бузилмоқда, яъни ўша "Пахтакор"ни сафарда 30 йил деганда ютилганлиги ёки ўша принципиал рақибларни мавсум давомида гўёки ўйинларда мағлуб этилди ёки битта дуранг, битта ғалаба бўлди-да, мағлубиятга учрамадим. Бизда шундай яқин ўтмишда шундай бир воқеа бўлган, икки йил давомида марказий ўйингоҳда мағлубиятга учрамаган, Илҳом Мўминжонов даврида бўлган воқеа. Нима деб ўйлайсиз, Тимур Кападзе бошқарувида ана шу анъаналарни ҳам янгилаш, ана шу тарихни ҳам янгилашга ҳаракатда бўлиб кўрамизми ёки сиз вақти келганмикин?

Тўғрисини айтсам, у нарсалардан ҳатто хабардор эмас эдим. Ўша "Пахтакор"ни ютгандан кейин, ўша ўйиндан кейин бу тарихий ютуқ бўлди дейишди. Биз тарихга қарамаймиз. Албатта тарих яхши нарса, тайёргарлик кўраётганимизда. Энди бунинг орқасида меҳнат бор. Нафақат менинг ёки бугун мураббийлар штабим, болаларда, раҳбариятда, ҳар тарафлама. Албатта мухлисларимизни қўллаб-қувватлашида, чунки улар бизга яхши далда бўляпти, яхши куч беряпти. Шунинг учун бу ҳар бир ғалабада ҳаммамизнинг ҳиссамиз бор. Буни бемалол айтсам бўлади, чунки албатта кимдадир кўпроқ, кимдадир камроқ, лекин биз бирлашиб мана шундай кучга айланганмиз. Насиб бўлса охиригача мухлислар билан биргаликда мана шундай битта куч бўлиб, битта оила бўлиб ҳаракат қилсак, албатта ўша айтганингиздек ҳар бир тарих, у тарих уни янгилаш учун яратилади. Шунинг учун насиб қилсин тарихга кириш ёки ўша бу нарсани албатта қолдириш, эсдалик учун насиб бўлса албатта ҳаракат қиламиз, ўша кубок бўлса ёки чемпионлик бўлса. Бу нарса албатта тарихий натижалар, тарихда қоладиган нарсалар. Насиб қилсин иншооллоҳ ҳаммамизга.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia