"Насаф" кучсизланди, "Навбаҳор" эса – "яширин фаворит". Суперлигадаги қишки трансферлар ойнаси якунлари (1-қисм)
21 фев 15:35
Янгиликлар
"Насаф" кучсизланди, "Навбаҳор" эса – "яширин фаворит". Суперлигадаги қишки трансферлар ойнаси якунлари (1-қисм)
"Нефтчи"
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони асосий мақсадига эришди – жамоа ўтган йилги таркиб ўзагини сақлаб қолди. Клубни тарк этган футболчиларнинг деярли барчаси ротация ёки умуман майдонга кам тушган ўйинчилар эди: Ғулом-Ҳайдар Ғуломов, Шаҳзод Неъматжонов, Асрор Кенжаев, Билол Тошмирзаев, Қувондиқ Рўзиев, Жоэль Кожо (ижара асосида тўп тепарди) ва Сильванус Нимели. Уларнинг ҳар бирининг ўрнини босиш мумкин.
Етакчилардан ҳеч ким кетмади. Унинг устига, ҳам тўғридан-тўғри "асосий таркиб" учун, ҳам яқин келажакни кўзлаб қизиқарли трансферлар амалга оширилди. Марказдаги хилма-хилликни ошириш учун бунгача "Динамо"да муваффақиятли тўп тепган Ратиньо жалб қилинди. Ҳимоянинг ўнг қанотига "Бухоро"дан Иззатилла Пўлатов олиб келинди. Ҳужумни эса сўнгги 4 мавсум давомида ОКМК шарафини ҳимоя қилган, Суперлиганинг кейинги йиллардаги энг яхши ўйинчиларидан бири – Хуршид Ғиёсов кучайтириши лозим. Шунингдек, "Сурхон"дан Асилбек Жумаевнинг трансфери ҳам қизиқарли кўринмоқда. Балки айнан "Нефтчи"да у янги даражага чиқа олар. Ҳужум марказига эса Хорватия, Нидерландия, Италия, Бельгия, Англия (Чемпионшип) ва Руминия чемпионатларида ўйнаш тажрибасига эга бўлган хорватиялик Стипе Перица таклиф қилинди.
Яқин келажакни кўзлаб Мўминхон Баҳодирхонов ва Иброҳим Шокиров олинди – уларнинг имкониятлари "Нефтчи"нинг янги бош мураббийи Ислом Исмоиловга жуда яхши таниш (мураббий улар билан Ўзбекистон U-17 терма жамоасида бирга ишлаган). Шунингдек, Ўзбекистон U-20 терма жамоасидан Рустамбек Фомин ва Далер Тўхсановлар ҳам таркибга жалб этилди. Катта эҳтимол билан, уларни "Нефтчи"даги келажакда кутилаётган "қайта қуриш" жараёнига тайёрлаш мақсадида аста-секин асосий таркибга яқинлаштириб боришади.

"Пахтакор"
Ўтган йилги кумуш медаль соҳиблари таркибида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Ойбек Бозоров ва Шерзод Насруллаевнинг трансферларини таъкидлаш жоиз. Иккала футболчи ҳам узоқ вақт давомида ўзларининг қадрдон клуби саналмиш "Насаф"да ўйнаб келишаётганди. Шунингдек, БААда ишлари унчалик юришмаган яна бир собиқ "насафчи" – Акмал Мозговой ҳам сафга қўшилди. Ижара асосида "Андижон" ва "Сурхон"да муваффақиятли ҳаракат қилган Рустам Турдимуродов "Пахтакор"га қайтди. Захира учун тажрибали ва яхши таниш бўлган Санжар Қувватов олиб келинди, у катта эҳтимол билан Владимир Назаровдан кейинги "иккинчи рақамли" дарвозабон бўлади.
Игорь Сергеев ва Брайан Риаскос кетганидан сўнг, "Пахтакор" деярли номинал ҳужумчиларсиз қолган эди. Юқорида тилга олинган Турдимуродовдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шу сабабли, қишки трансфер ойнаси ёпилишига оз вақт қолганда "шерлар" 32 ёшли польшалик Пётр Паржишекни ўз сафига қўшиб олишди. Ўзбекистонга келгунига қадар Пётр жуда сермазмун карьерага эга бўлган: у Нидерландия, Англия (Чемпионшип), Бельгия, Дания, Польша, Италия (В Серияси), Испания (Сегунда) ва Финляндия чемпионатларида тўп тепишга улгурган.
"Пахтакор"ни тарк этганларга келсак, юқорида номлари тилга олинган Сергеев ва Риаскосдан ташқари Умар Адҳамзода, Диёр Холматов, Жонатан Луис, Никита Шевченко, Бобур Абдихолиқов, Саидумархон Саиднуруллаев (ижарага), Беҳруз Асқаров (ижарага) жамоа билан хайрлашди. Сўнгги йилларда улардан фақат иккитаси – Адҳамзода ва Холматов асосий таркиб ўйинчилари бўлишган эди. Қолганларнинг кетиши "Пахтакор"га жиддий таъсир қилиши даргумон.

"Насаф"
"Аждарлар" трансфер ойнасида унчалик фаол бўлишмади. Бунга "Ўзбекнефтгаз"нинг учта клубни, жумладан "Насаф"ни ҳам молиялаштиришни тўхтатиш ҳақидаги кутилмаган қарори ўз таъсирини ўтказди.
Ўтган йилнинг охиридаёқ қаршиликлар ОКМКдан Ойбек Рустамовни ўз сафига қўшиб олиши маълум бўлганди. У билан бирга Олмалиқдан Акром Комилов ҳам келди ва у жамоани тарк этган Шерзод Насруллаевнинг ўрнини босиши кутилмоқда. Бобир Абдихолиқов яна "Насаф"да пайдо бўлди. У клуб тарбияланувчиси ҳисобланади ва ўз қадрдон жамоасига иккинчи бор қайтмоқда: 2024 йилги мавсум старти олдидан у "Ордабаси"дан ўтган бўлса, энди "Пахтакор"дан келди. Шунингдек, Ўзбекистон U-20 ва U-23 терма жамоалари дарвозабони Самандар Муродбоев билан шартнома имзоланди. Эҳтимол, кейинчалик айнан у Абдувоҳид Неъматовга ўринбосар бўлар.
"Ўзбекнефтгаз" "Насаф"ни молиялаштиришни рад этгач, клуб иш ҳақи қайдномасига катта юк бўлаётган етакчиларини қўйиб юбориши мумкинлиги маълум бўлди. Абдувоҳид Неъматов ва Зафармурод Абдираҳматовнинг кетиши ҳақида миш-мишлар юрди. Якунда уларнинг ҳар иккиси "Насаф"да қолди (камида ёзгача). Бироқ, ўтган мавсумда жамоанинг энг яхши тўпурари бўлган Ҳусаин Норчаев (38 ўйинда 18 та гол) жамоани тарк этди. Шунингдек, "Насаф"дан қуйидагилар кетди: Игорь Голбан, Драган Черан, Суҳроб Нуруллаев, Жавоҳир Сиддиқов, Шуҳрат Муҳаммадиев ҳамда юқорида тилга олинган Ойбек Бозоров ва Шерзод Насруллаев.
Катта эҳтимол билан, бўлажак мавсум "Насаф" учун "ўтиш даври" бўлади. Қарши клуби ёшларни тарбиялашни аъло даражада уддалайди, “Ўзбекнефтгаз” кетганидан сўнг эса бу янада долзарблашди. "Насаф" таркибида шундоқ ҳам ёш иқтидорлар бор. 2025 йилги мавсумни жуда ишончли ўтказиб, Ўзбекистон терма жамоасидан чақирув олишга лойиқ кўрилган Сардор Баҳромов ҳамда яқинда "Шаржа" дарвозасига ғалаба тўпини киритган Диёр Абдуназаров жулар жумласидан.

"Динамо"
Самарқанд клуби ўтган мавсум якунларига кўра кучли учликка киришга жуда яқин келган эди. Қаердадир омад, қаердадир эса таркиб кенглиги ва тажриба етишмади. Шу сабабли "Динамо" қишда жиддий кучайди. Ҳужум чизиғига "Бухоро"да ўзини яхши томондан кўрсата олган Азизбек Амонов ва сўнгги икки мавсумда Суперлиганинг энг яхши ассистентларидан бири бўлган "Андижон" вакили Бектемир Абдуманнонов олиб келинди. Шунингдек, Нурилло Тўхтасинов (сўнгги 2,5 йил давомида Малайзияда "Тренгану" сафида ўйнаган) ва "Бунёдкор"да тўп тепган Расул Йўлдошев билан шартнома имзоланди.
Легионерлар трансфери эса алоҳида эътиборга лойиқ:
1) Драман Салу – 27 ёшли ярим ҳимоячи, Буркина-Фасо терма жамоаси аъзоси, Сербия, Украина, Беларусь ва Арманистон чемпионатларида ўйнаш тажрибасига эга (сўнгги ярим йилни жамоасиз ўтказган);
2) Мауро Бразил – уругвайлик 26 ёшли марказий ҳимоячи, ўз ватанида кўплаб клублар шарафини ҳимоя қилган, шунингдек, Мексика ва Чилида тўп тепган;
3) Маҳамаду Дембеле – франциялик 26 ёшли марказий ҳимоячи, ПСЖ тарбияланувчиси, Франция (2-лига), Австрия (2-лига), Бельгия (Иккинчи дивизион), Нидерландия ва Албания чемпионатларида ўйнаган;
4) Сальвадор Санчес – аргентиналик 30 ёшли марказий ҳимоячи, ўз ватанида, шунингдек, Греция, Литва ва Чилида тўп тепган;
5) Кингсли Сарфо – 31 ёшли таянч ярим ҳимоячиси, Гана терма жамоасининг собиқ аъзоси, Швеция ва Кипрда ўйнаган (расмий ўйинда сўнгги бор 2025 йилнинг апрель ойида майдонга тушган);
6) Тиль Мавретич – словениялик 28 ёшли ярим ҳимоячи, ўз ватанида ва Эстония чемпионатида ҳаракат қилган.
"Динамо"ни тарк этганлардан биринчи навбатда Ратиньо, Александр Кучеренко, Марко Станоевич, Маҳмуд Маҳамаджонов (у ижарада эди) ва Дмитрий Плетнёвни таъкидлаш жоиз. Уларнинг кетиши жамоа ўйинига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, Мақсудхўжа Алохўжаев, Ричард Фрайдей ва Дуглас Майкон ҳам жамоа билан хайрлашди.

"Бунёдкор"
"Бунёдкор" ҳам "Насаф" сингари "Ўзбекнефтгаз" томонидан молиялаштиришдан маҳрум бўлди. Воқеа мавсум бошланишига икки ҳафта қолганда – жамоалар таркиби қарийб 100 фоизга шаклланиб бўлган бир пайтда юз берди. Бу ҳолат мавсум давомида "Бунёдкор"га қаттиқ таъсир ўтказиши мумкин.
Кеча клубни Дилшод Аҳмадалиев тарк этгани маълум бўлди. Январь ойининг бошида у эркин агент сифатида ОКМКдан ўтган эди. Якунда Аҳмадалиев Олмалиққа қайтди. Катта эҳтимол билан, Аҳмадалиев "Бунёдкор"дан шунчаки кетмаган – эҳтимол, клубда қандайдир муаммолар юзага келган.
Нима бўлганда ҳам, қишки танаффус вақтида "Бунёдкор" сезиларли даражада ўзгарди. 2025 йилги мавсумда "қалдирғочлар" етакчиларидан бири бўлган Имеда Ашортия жамоани тарк этди. Шунингдек, Темурхўжа Абдухолиқов, Николоз Мали, Мартин Шроллер, Расул Йўлдошев, Оллоберган Каримов, Тоҳир Тўхтасинов ва Валижон Раҳимов ҳам клуб билан хайрлашди.
Шу билан бирга, "Бунёдкор" таркибни кучайтириш учун бир нечта қизиқарли трансферларни амалга оширди. "Нефтчи"дан Билолхон Тошмирзаев, "Сўғдиёна"дан Самандар Мавлонқулов, "Динамо"дан Дмитрий Плетнёв ҳамда аввалроқ ОКМК ва "Сўғдиёна"да тўп тепган Сардор Раҳмонов билан шартнома тузилди. Сўнгги олти йил давомида Беларусь ва Қозоғистонда ўйнаган Шаҳбоз Умаров Ўзбекистонга қайтди. Шунингдек, "Пахтакор" тарбияланувчиси, Ўзбекистон U-17 терма жамоасида муваффақиятли ўйнаган Муҳаммад Ҳакимовнинг трансферини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз (у жамоадаги энг ёш ўйинчилардан бири эди – бор-йўғи 16 ёшда).

ОКМК
ОКМК ҳам "Насаф" каби қишки трансфер ойнасини жуда камтаррона ўтказди. Олмалиқликлар дарвозабон Умид Эргашев (ўтган мавсумда "Навбаҳор"да тўп тепган), ярим ҳимоячи Ҳазратжон Турсунқулов ("Хоразм"), ярим ҳимоячи Риан Исламов ("Навбаҳор") ва Урош Койич (Сербия иккинчи дивизионининг "Борац" клуби) билан шартнома имзолашди. 2022 ва 2023 йилги мавсумларда клуб шарафини ҳимоя қилган Сияваш Ҳақназарий ОКМКга қайтди. Эронлик ярим ҳимоячи шундан сўнг "Навбаҳор", Эроннинг "Нассажи" ва Душанбенинг "Истиқлол" клубларида ўйнашга улгурган эди.
Ўтган мавсумда жамоа етакчиларидан бири бўлган Рубен Санчес ОКМКни тарк этди. Испаниялик ўйинчи Таиланднинг "Бурирам" клубига ўтиб, янги жамоаси сафида 10 та ўйинда "3+2" натижасини қайд этишга ҳам улгурди. Шунингдек, юқорида тилга олинган Хуршид Ғиёсов ва Ойбек Рустамовлар ҳам ОКМКдан кетишди. Уларнинг йўқотилиши олмалиқликларнинг ўйинига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Санчес, Ғиёсов ва Рустамовдан ташқари, ОКМК билан қуйидагилар хайрлашди: Иброҳим Йўлдошев, Ҳумоюншоҳ Сайётов, Ислом Тўхтахўжаев, Акром Комилов ва Дилшод Ёқубов.

"Навбаҳор"
Наманган клуби қишки трансфер ойнасида жуда фаол бўлди. Ҳаммаси жамоани Темур Кападзе ўз бошқарувига олганидан бошланди. Ўзбекистон терма жамоасидан мажбуран кетган Тимур Тоҳировичда янги мавсумда ўзини кўрсатиш учун катта мотивация бўлиши аниқ. Кападзенинг келиши билан "Навбаҳор" анчагина катта "қайта қуриш"ни бошдан кечирди. Жамоа сафига Темур Тоҳирович “Олимпик”, олимпия ва Ўзбекистон миллий терма жамоаларидаги фаолияти орқали яхши таниш бўлган ёш ўйинчилар, шунингдек, тажрибалироқ футболчилар ҳамда қизиқарли легионерлар келиб қўшилди.
Тартиб билан бошлаймиз – дарвозабон позициясидан. Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2026 га чиқишида катта роль ўйнаган Ўткир Юсупов "Навбаҳор"га қайтди. Олдинроқ "Бунёдкор", "Андижон" ва ОКМКда тўп тепган Валижон Раҳимов "иккинчи рақамли" дарвозабон бўлиши кутилмоқда.
Ҳимоя марказига Ислом Маматказин ("Андижон"), Дилшод Комилов ("Қизилқум") ва икки нафар грузиялик легионер – Анри Чичинадзе ҳамда Гиорги Жгереная билан шартнома тузилди. Чичинадзе ўтган мавсумни МФЛ (ФНЛ)да ўтказган бўлса, 2025/2026 йилги мавсумнинг биринчи ярмини РПЛ иштирокчиси "Оренбург" сафида ўтказди. Жгереная ўз ватанида тўп тепган ва ўз позициясида энг яхши ўйинчилардан бири бўлган. Ҳимоянинг чап қанотига "Пахтакор"дан Умар Адҳамзода олинди.
Майдон марказига жароҳатдан сўнг "Пахтакор"нинг асосий таркибидаги ўрнини йўқотган, аммо Темур Кападзега Ўзбекистон U-23 терма жамоасидаги фаолияти орқали яхши таниш бўлган Диёр Холматов жалб этилди. Шунингдек, Шоҳруҳ Абдураҳмонов ва Қувондиқ Рўзиев билан шартнома тузилди. Ҳужум қанотларига келсак, "Навбаҳор" Русланбек Жиянов (у "Пари НН"дан ижарага олинганди ва 2025 йилги мавсум якунлангач, текинга ўтди), Алекс Фернандес ("Балтика"дан ижарага олинди), Ваня Илич (Сербиянинг "Раднички Ниш" клубидан 43 минг евро эвазига ўтди) ва Муҳаммадали Усмонов ("Андижон"дан текинга) билан тўлдирилди.
Ҳужум чизиғи Ҳусайн Норчаев ва Катулонди Катининг трансферлари ҳисобига кучайтирилди. Норчаев ҳам Кападзе билан бирга ишлаган, ўтган мавсумда у "Насаф" сафида муваффақиятли ҳаракат қилганди. Катулонди Кати – Конго ДРдан бўлган 26 ёшли ҳужумчи, сўнгги уч йил давомида у Марокашда "Хассания" сафида ўйнаган (84 ўйин, 17 гол, 10 ассист).
"Навбаҳор"ни тарк этган ўйинчиларга келсак, улар орасида қуйидагилар бор: Жамшид Болтабоев, Умид Эргашев, Азим Аҳмедов, Игорь Габриэл, Педру Аугусто, Риан Исламов, Гильерме Гедеш, Жулио Сезар, Мирзоҳид Ғофуров, Комил Тожиддинов, Асадбек Жўрабоев ва Достон Абдулҳаев. Рўйхат салмоқли, аммо "Навбаҳор" кимлар билан шартнома имзолаганини ҳисобга олсак, ишонч билан айтиш мумкинки: наманганликлар клуби қишки трансфер ойнасида кучсизланмади – аксинча, сезиларли даражада кучайди.

Мақоланинг Суперлигадаги қолган клублар трансферлари таҳлилига бағишланган иккинчи қисми тез орада эълон қилинади.
Муаллиф: Николай Егоричев.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Суперлига. "Насаф" сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига "Динамо" билан дуранг ўйнади
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" — "Манчестер Сити" 3:0
Фикрлар
Balki Nasaf faqat o'yinchi yetishtiribgina qolmasdan keyinchalik ularni qanday sotishni o'rganib olar. Paxtakor bu borada juda yaxshi ishlayabdi.