

Ўйиндан кейин "Андижон" бош мураббийи Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор Андижон халқимизни, мухлисларни, клубимиз раҳбарияти ва вилоятимиз ҳокимини бугунги муҳим ғалаба билан табриклайман. Биламизки, Самарқанд жамоасида жуда яхши футболчилар жамланган. Қаердадир омад етишмаяпти, лекин "Динамо"нинг ўз ўйин услуби бор ва тажрибали мураббий бошқармоқда. Учрашув қийин кечишини билгандик. Йигитларга раҳмат, характер кўрсатиб иккинчи бўлимда ғалабани илиб кетдик.
- "Бунёдкор" билан ўйинда бошқа таркиб майдонга тушганди, бугун эса бошқа таркиб. Бу ҳам бир тактиками?
- Жамоани қабул қилиб олганимиздан сўнг ўз ўйин услубимизни қуришни бошладик. Мақсадимиз ҳеч кимга мослашмаслик. Ички рақобатни кучайтирдик. Ким тайёр бўлса шуни ўйнатяпмиз. Бу ўз самарасини бераётганидан хурсандмиз.
- Мавсум бошидан бери мураббийлар штабидасиз. Бабаян пайтида жамоага нима етишмади?
- Самвел Вячеславович кучли мураббий ва у киши олдига учинчи ўрин вазифаси қўйилганди. Қўлдан келганча бирга ишлаб ёрдам бердик. Қаердадир омад келмади. Кейин ўзимиз жамоани қабул қилдик ва ҳозир баъзи жиҳатларни ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз.
- Захирадан тушган футболчиларга қанчалик ишонгандингиз ва нима деб кўрсатма бердингиз?
- Ҳар бир ўйиндан олдин футболчилар билан гаплашамиз. Ҳаммага сен асосий таркиб футболчиси деймиз. Захирада қолганлар ҳам биз учун асосий таркиб футболчиси. Фақат улар иккинчи бўлимда майдонга тушиб жамоага ёрдам беради. Бизни хурсанд қилаётган томони - ҳеч ким ўзини захира ўйинчиси деб ҳис қилмаяпти. Бу орқали ички муҳит ҳам яхшиланиб бормоқда.
- Бугун негадир ўртадаги паслар ўхшамади. "Бунёдкор" билан баҳсда бу иш берганди.
- "Динамо"га нисбатан бир кун кам дам олганимиз ҳам таъсир қилди. Қолаверса олдинги чизиқдаги футболчиларимиз ўтган ўйин майдонга тушиб тўлиқ ҳаракат қилишганди. Толиқиш сабаб биз ҳудудлардан тез чиқиб кета олмадик. Тўп билан ерда ўйнай бошлагач, ҳаммаси жойига тушди.
- Майдон ҳолати бўйича фикрингиз?
- Эътибор берган бўлсангиз, биринчи ҳудуддан қисқа ва ўрта паслар орқали чиқиб кетишга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун бизга ҳам текис майдон керак бўлади. Очиғи, майдоннинг бу ҳолатидан бизнинг ҳам хабаримиз йўқ эди. Ўзимиз ҳам озгина ранжидик. Чунки ўйин фалсафамиз тўпни назорат қилишга қаратилган. Кеча бу майдонда шуғулланмадик, майдонни фақат ўйин куни кўрдик.
- Дастлабки икки ўйинингиз сафарда бўлганди. Бугун эса андижонлик мухлислар қаршисида уйда биринчи ўйинни ўтказдингиз. Шу ҳақда фикрингиз?
- Шундай мухлисларга эга жамоа доим ғалаба қозониши керак деб ўйлайман. Жамоамиз мухлисларига гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин иккинчи томондан босим ҳам бор. Баъзан футболчилар шошиб қолади, аслида футболни шошмай тўғри ўйнаш керак. Мухлисларимиз ғалабага лойиқ. Бу эса жамоага катта туртки беради.



