

Манчестер Юнайтед Майкл Кэррикни жамоа бошқарувида қолдиришга тайёр. 44 ёшли мутахассис Рубен Аморим истеъфога чиқарилганидан сўнг манкунианликлар бош мураббийи вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллаб турибди. Унинг шартномаси мавсум якунигача амал қилади.
The Guardian нашри хабарига кўра, Юнайтед раҳбарияти Кэррик билан унинг келажаги бўйича ҳали музокара олиб бормаган эди, чунки улар мутахассис жамоани Чемпионлар Лигасига олиб чиқа олишини кутишганди. Якшанба куни "Ливерпуль" устидан қозонилган ғалаба (3:2) клубга мавсум якунида АПЛнинг кучли бешлигидан жой олишни кафолатлади.
Энди Манчестер Юнайтед Кэррикка доимий асосда жамоани бошқариш ҳақида таклиф бериши кутилмоқда. Клуб бош директори Омар Беррада ва спорт директори Жейсон Уилкокс унинг ишидан мамнун ва футболчилар уни қўллаб-қувватлашини билишади.
Майклнинг клубда қолиши учун Бруну Фернандеш ва Харри Магуайр каби футболчилар овоз беришмоқда.
Манчестер Юнайтед 35 турдан сўнг 64 очко жамғарган ҳолда АПЛ турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди.



